ДАВЛАТ ҚАРЗИ

ДАВЛАТ ҚАРЗИ — давлатнинг аҳоли, фирма, ташкилот, банклар, хорижий молия-кредит муассасалари олдидаги қарз мажбуриятлари. Давлат ўз даромадлари билан харажатларини қоплай олмай қолганда бюджет тақчиллиги пайдо бўлади ва у қарз кўтариш йўли б-н қопланади. Давлат қарзни турли қимматли қоғозлар, облигациялар, заёмлар чиқариб сотиш, молия муассасаси (банк)дан ссуда олиш ва б. усуллар б-н олади. Давлат қарзининг тўлов даврига кўра қисқа муддатли ва узоқ муддатли, таркибига кўра ички қарз (давлат мамлакатнинг ўзидаги иқтисодий субъектлардан қарздор бўлади) ва ташқи қарз (хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва б. дан қарздорлик) каби турлари бор. Ички қарз ва унинг фоизлари миллий пулда, ташки қарз ва унинг фоизлари эса эркин алмаштириладиган валютада тўланади. Давлат қарзининг даражаси, яъни қарз юки қарз ва унинг фоиз суммаси йиғиндисини давлат бюджети суммасига нисбати б-н ўлчанади, яъни тўлов мажбурияти бюджетнинг қанча қисмига тенг эканлиги билан белгиланади. Давлат қарзининг ҳаддан ташқари ортиб кетиши иқтисодиётни издан чиқаради, халқ турмуш даражасини пасайтиради (чунки қарзни тўлаш учун зарур пул бюджетда соликларни ошириш орқали тўпланади), мамлакатдаги иқтисодий фаолликни сусайтиради. Ташқи қарзнинг кўпайиб кетиши миллий мустақилликка таҳдид солади, ундан қутулиши учун миллий иқтисодиётни юксалтиришга кетадиган инвестицияларни қисқартириш ва ҳатто миллий бойликнинг бир қисмини хорижга сотишга ҳам тўғри келади. Вақтида тўланмаган ташқи қарзга қўшимча фоиз тўланади, ундириладиган фоиз қарзга қўшилиб, унинг микдори янада ошади.

Давлат қарзининг бўлиши уни бошқаришни тақозо этади, яъни қарзни олиш ва тўлаш б-н боғлиқ муайян чоратадбирларни амалга ошириш лозим бўлади. Қарз ва унинг фоизларини тўлаш учун бюджетдан пул ажратиш Давлат қарзига хизмат қилиш дейилади. Давлат қарзини тўлашдаги шартшароитларнинг ўзгариши Давлат қарзи реструктуризацияси дейилади. Реструктуризация юз берганда қарз ҳақининг ўзгариши конверсия дейилади. Қарз тўлаш муддати чўзилганда Давлат қарзи пролонгацияси юз беради. Қарзнинг бир тури бошқасига айланганда, қисқа муддатли қарз узоқ муддатли қарзга айланади ва Давлат қарзининг консолидацияси юз беради. Давлат қарзига ўрин бўлмаслиги учун давлат харажатлари давлат даромадлари даражасида бўлиши лозим. Бунда тақчилликка йўл берилмайди ёки минимал даражага келтирилади (мас, Ўзбекистон давлат ички қарзини оширмаслик учун бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1997 й. да 2,2% га, 2000 й. да 1% га келтирилди).

Аҳмаджон Улмасов.


Кирилл алифбосида мақола: ДАВЛАТ ҚАРЗИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Д ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БАНКЛАР
ФРАНЦИЯ
ФОНД БОЗОРИ
ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты