ЭКИНЛАРНИ ЭКИШ — ҳосил олиш учун ўсимлик уруғини тупроқнинг юқори қатламига жойлаш; асосий афотехника тадбирларидан бири. Экинларни экиш усуллари экинларнинг озиқланиш майдонига, ёруғлик ва намга бўлган талабини, экин парваришини, биринчи навбатда, қатор ораларини механизация ёрдамида ишлашни ҳисобга олган ҳолда танланади. Сочиб экиш — энг оддий усул; бунда қўл билан сепилган уруғ тупроқ устига тушиб, борона ёки мола ёрдамида турли чуқурликка жойланади. Қаторлаб экиш (қатор оратари 10—25 см, кўпинча 15 см) — асосан, донли экинлар етиштиришда қўлланилади. Қаторлаб экувчи сеялка уруғни эгат тубига ташлаб, юмшоқ тупроқ билан кўмиб кетади, уруғ бир текис униб чиқади. Тор қаторлаб экиш (қатор оралари 7—8 см) — донли экинлар, беда, зиғир ва бошқалар ўсимликларни экишда қаторлаб экишга нисбатан кўпроқ қўлланилади. Бунда уруғлар майдонда бир меъёрда жойлашади. Кенг қаторлаб экиш (қатор оралари 45 см дан ортиқ) — чопиқ қилинадиган экинлар (маккажўхори, қанд лавлаги, кунгабоқар, маржумак, илдизмевалилар ва бошқалар)ни экишда қўлланилади. Лента (тасма) шаклида экишда ленталар орасидаги кенг қаторлар тор қаторлар билан алмашинади (сабзи, редиска ва бошқалар шундай экилади). Уялаб экишда ҳар бир уяга бир неча дона уруғ ташланади. Нуқталаб экиш усулида уруғ доналаб бир-биридан маълум оралиқда экилади. Қаттиқ совуқ ва қор кам бўладиган минтақаларда кузги экинлар учун эгатга экиш усули қўлланилади; уруғ эгат тубига экилади, эгатга тўпланган қор униб чиққан ниҳолларни музлашдан сақлайди. Экинларни экиш асосан. сеялкалар, баъзан самолётлар билан (мас, саксовул уруғлари) амалга оширилади.
Ўсимлик тупини, кўчатини (помидор, баклажон, карам, мевали ва манзарали дарахтлар) етиштириб, сўнгра асосий жойга экиш кўчатлаб экиш усулига киради.
Экинларни экиш муддатига қараб баҳорги (баҳори экинлар), кузги (кузги экинлар), ёзги (иккинчи ҳосил олиш учун), кеч кузги (уруғларни барвақт ундириб олиш учун) га бўлинади.
Ҳар бир ўсимлик учун экишнинг оптимал вақти мавжуд. Ўрта Осиёда баҳори буғдой, арпа, зиғир, қанд лавлаги, беда, кунгабоқар эрта баҳорги экинларга киради. Кечки баҳорги экинларни экиш муддати тупроқ ва ҳаво ҳароратига қараб белгиланади. Кузги экинлар (кузги буғдой, беда ва бошқалар) Ўзбекистон шароитида октябр охири — нояб. бошларида экилади. Совуқ тушгунга қадар экилган экинлар маълум даражада ривожланиб, мустаҳкамланиб олади.
Уруғларни экиш чуқурлиги ўсимликларнинг биологик хусусияти, тупроқнинг механик таркибига боғлиқ. Уруғлар қанча йирик бўлса, шунча чуқурроқ экилади (мас, маккажўхори 6 — 8 см, бошоқли дон экинлари 4—6 см ва ҳ. к.). Механик таркиби огир тупроқларга енгил, қумоқ ва қумоқ тупроқларга нисбатан уруғлар юзароқ экилади. Экишда тупроқ намлиги ҳам ҳисобга олинади (уруғ тупроқнинг қуруқ қатламида жойлашиб қолмаслиги керак). Баъзан уруғларни қушлардан, кучли шамолдан сақлаш мақсадида (мас, маккажўхори, нўхатни) экиш чуқурлиги кўпайтирилади.
Уруғлик экиш меъёри (мас, буғдой 150—200 кг/га, туксизлантирилган чигит 30—40 кг/га) жойнинг тупроқ — иқлим шароити, экиннинг хўжалик аҳамияти, ўсимликнинг озиқланиш майдонига бўлган талаби, экиш вақти, усуллари ва бошқалар асосида белгиланади.
Уруғни экишга тайёрлашда уларнинг сифати, тозалиги, унувчанлиги текширилади. Ҳар бир хўжаликда экиш агрегатлари, ишнинг вақти ва қай тартибда бажарилишини кўрсатувчи режа тузилади. Экиш сифатини баҳолашда унинг вақтида амалга оширилиши, уруғнинг бир хил чуқурликда экилиши, уруғлик экиш меъёри, қаторлар ва тўғрилиги текширилади (яна қ. Уруғлик, Уруғчилик).
Баҳодир Норматов.