ДАФН МАРОСИМИ — марҳумни кўмиш билан боғлиқ бўлган маросим ва урфодатлар. Дафн маросими инсоният пайдо бўлганидан буен географик муҳит, ижтимоий ҳаёт ва кишиларнинг имкониятлари, шунингдек, табиий-илмий тасаввурларига ва дунёқарашига боғлиқ ҳолда ўзгариб борган. Бундан 40—18 минг йил олдинги палеолит давридаёқ Дафн маросими ошкора линий туе олган. Кейинчалик Дафн маросими ҳар бир диннинг таркибий қисми ҳисобланган линий маросим ва урф-одатлар билан қоришиб кетган. Дафн маросими ҳамма халқларда ўзига хос расм-русумларга, қоидаларга эга. Мас, славянларда вафот этган киши билан видолашув 3 кунгача давом этади, марҳум қабрга тобут билан қўйилади. Ҳиндуизм динига эътиқод қилувчи халқларда, мас, ҳиндларда марҳум жасадини махсус гулханда куйдириб, кулини дарёга ташлайдилар. Дафн гулхани марҳумнинг ўғиллари ёки энг яқин қариндошлари то-монидан ёқилади. Кейинчалик гулхан ўрнида марҳумга бағишланган маросимлар ўтказилади. Парсизм (зороастризм) га эътиқод қилувчи Жан. Осиёдаги бир қанча халқлар марҳумнинг жасадини махсус минорадахмаларга қўйиб, қузғунларга едирадилар (шундай дахмалар Бомбай ш. нинг ғарбий чеккасида ҳозир ҳам бор).
Ўзбекларда Дафн маросими катта йиғин ҳисобланади. Марҳумнинг бошини қиблага қаратиб ётқизиб қўядилар. Кўзлари очиқ қолган бўлса, юмиб қўядилар, энгагини боғлайдилар, оёқларининг бош бармокларини бирлаштириб боғлаб қўядилар. Марҳумнинг қариндошлари узоқ-яқиндан йиғилиб келгунга қадар (баъзан бир кеча-кундузгача) кутилади. Маҳалла, қишлоқларга дафн соати тўғрисида хабар берилади. Яқин қариндошлар йиғилишади, уйдагилар ҳар бир янги келган қариндошларга қўшилиб дам-бадам марҳумга мадҳ айтиб, унинг фазилатларини гапириб йиғлашади. Дафн маросими, одатда, бомдод, пешин ёки асрга мўлжалланади. Махсус ювувчи (ғассол, мурдашўй) мурдани сартахтада ювиб (ғусл), оқ мато (махсус дока) дан қилинган кафанга ўрайди. Дафн маросими қатнашувчилари йиғилиб бўлгач, маййит тобутга олинади. Тобут эшикдан эмас, балки деразадан оёқ томони билан чиқарилади. Масжидда ёки марҳумнинг ҳовлисида жаноза маросими ўтказилади. Марҳумни фақат эркаклар кўтариб, ҳовлидан кўчага (агар марҳум ёш бўлса амакилари ёки акалари, кекса бўлса ўғиллари ёки энг яқин қариндошлари) чиқаришади. Кўчада шоти сингари ёғоч анбар устига тобутни қўйиб, тўрт киши елкасига кўтаради (марҳумнинг ёши ва жинсига қараб анбар мотам пардаси — кекса эркакларга оқ сурп, аёлларга — оддий мурсак, паранжи; йигитларга қизил рангли ёки духоба мато, жувон-қизларга духоба паранжи ёки кизил духоба мато б-н ўраб қўйилган), қолган кишилар тобут ортидан боради. Бошқалар уларга кўмаклашади. Тобуткашлар тез-тез алмашиниб, тезликда қабристонга олиб борилади. Қабристонга боргач, тайёрлаб қўйилган гўр олдида марҳум тобутдан олиниб, кафанга ўралган хрлда гўрковга узатилади, гўрков уни гўрга юзини қибла (ғарб) га қара-тиб ётқизиб қўйиб чиқади (аксарият яқин қариндош-уруғларни махсус ажратилган жойга — хилхонага кўмиш одати ҳам бор). Ўлик гўрга қўйилгач, кишилар гўрков тутган кетмонга бир сиқимдан тупроқ ташлаганлар. Гўрков тупроқни марҳумнинг боши остига тўккан. Сўнгра гўрнинг оғзи беркитилиб, тупроқ тортилган. Дафн тугаганидан сўнг гўрков ёки бошқа киши Дафн маросими қатнашувчиларига мурожаат қилиб, ўликнинг номини айтиб: «Қандай одам эди», деб сўрайди, ҳозир турганлар эса «яхши одам эди» деган жавобни берадилар. Бу сўроқ ва жавоб фақат эркакларга тааллуқли (хотинлар эрининг ихтиёрида бўлгани учун, хотинларга яхши ёки ёмон деб баҳо беришга эрдан бошқа ҳеч кимнинг ҳақи йўқ). Шундан кейин гўрков хамма келганларга раҳмат айтиб, тарқалишга рухсат беради. Баъзан дафнга келганларга пул, рўмолча, сочиқ, совун, кийимлик улашилади, бу одатни хайрот, исқот деб атайдилар. Мозорга борганлар марҳумнинг уйига келиб фотиҳа ўқиб тарқаладилар.
Очил Бўриев.