ДАҒАЛ ЖУН — таркиби ҳар хил типдаги дағал (тивит, оралиқ тола) жун толаси, қуруқ ва улик толалардан ташкил топган, кокилчасимон тузилишдаги жун. Дағал жун толасининг ингичкалиги ва узунлиги турлича бўлиши билан ажралиб туради. Дағал жуннинг сифати тола типларининг ўзаро нисбати, узунлиги ва ингичкалик кўрсаткичларига боғлиқ. Тивит тола қилтиқ толага нисбатан кўпроқ бўлса, жун қопламида қуруқ толалар бўлмаса, жун юмшоқ ва сифатли бўлади ҳамда юқори (1-нав)га киритилади. Дағал жун маҳаллий дағал жун берувчи қўй (қ. Дағал жунли қўйлар) ва эчки (қ. Дағал жунли эчкилар) зотларидан, туялардан ва б. ҳайвонлардан олинади. Дағал жун берувчи қўйлар жуни йилига икки марта — баҳор ва кузда қирқиб олинади. Баҳорги ва кузги жун стандартлар асосида баҳоланади. Баҳорги жун чиқиши кузги жунга нисбатан кўп ва сифати яхши бўлади. Дағал жунли қўйлар қўзиси жуни туғилган йилнинг ўзида куз фаслига бориб, 4—6 ойлигида биринчи бор қирқимга келади. Ўзбекистон чорвачилигида қоракўлчилик ва гўшт-ёғ берадиган думбали, яъни дағал жун берувчи қўйчилик етакчи соҳа. Республикамизда асосан сифатли гиламбоп, наматбоп ва шинелбоп Дағал жун етиштирилади (қ. Жун.).