ЭНТОМОЛОГИЯ (лот. — ҳашаротлар ва …логия) — ҳашаротлар тўғрисидаги фан. Ҳашаротларнинг тузилиши, ҳаёт кечириши, уларнинг индивидуал ва тарихий ривожланиши, хилмахиллиги, ер юзида тарқалиши, яшаш муҳити билан муносабатлари ва бошқаларни ўрганади. Вазифасига биноан, назарий, яъни умумий Энтомология ва амалий Энтомология фарқ қилинади. Умумий Энтомология ҳашаротлар морфологияси, эмбриологияси, физиологияси, биокимёси, этологияси, энтомогеографияси, палеонтологияси, систематикаси ва бошқалар фанларга ажратилади. Бу фанларни ўрганиш объектига биноан, янада кичикроқ бўлимларга ажратиш мумкин. Мас, систематика таркибида колеоптерология — қаттиқ қанотлиларни, лепидоптерология — капалакларни, мирмикология — чумолиларни ўрганади.
Амалий Энтомологиянинг ўрганиш объекти — қ. х. ўсимликлари ва маҳсулотлари зараркунандалари, одам, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг паразитлари ҳамда халқ хўжалигида ва табиатда фойдали аҳамиятга эга бўлган ҳашаротлар. Амалий Энтомология ҳам ўз вазифасига биноан, ўрмон зараркунандалари (ўрмон Энтомологияси), қ. х. экинлари зараркунандалари (қ. х. Э. си), хонаки ва ёввойи ҳайвонларда паразитлик қилувчи ҳашаротлар (ветеринария Э. си), одамда паразитлик қилувчи (тиббиёт Э. си) ҳамда одам фойдаланадиган маҳсулот берадиган тут ва дуб ипак қурти (ипакчилик), асаларни (асаларичилик) ўрганадиган фанларга ажратилади.
Энтомология фани фақат 17-асрда голландия олими Я. Сваммердамнинг асалари анатомияси ва ривожланиши (1669), италия олимлари М. Мальпигининг ипак қурти анатомияси ва ривожланиши (1686) ва Ф. Буонаннининг ҳашаротлар оғиз органларининг тузилиши, немис олими И. Гедартнинг ҳашаротлар метаморфози тўғрисидаги ишлари асосида шаклланди. Швед олими К. Линней ҳашаротларнинг замонавий систематикасига асос солди. У ҳашаротларнинг 1936 турига тавсиф бериб, қанотларининг тузилиши асосида уларни 9 туркумга ажратади ва бинар номенклатурани асослаб беради. 19-асрда инглиз энтомологлари У. Кёрби, Ж. Уэствуд ва Ж. Леббок яна бир неча туркумларни тавсифлаб беришди. Франиия энтомологи П. Латерл ҳашаротларнинг синф ҳажмидаги систематикасини таклиф этди. 1831. Ч. Дарвиннит «Турларнинг келиб чиқиши» (1859) асарининг юзага келиши билан ҳашаротлар систематикаси филогенетик асосда тузила бошланди. 19-асрнинг 2-ярмида ҳашаротлар анатомияси ва метаморфози тўғрисида йирик ишлар пайдо бўлади. Рус олимлари Н. П. Вагнер педогенезни (1862), А. А. Тихомиров ипак қуртида сунъий партеногенезни (1886), А. О. Ковалевский ҳашаротларда муртак варақдарини (1869—71), П. Маршал полиэмбрионияни (1898) кашф этишди.
20-аср давомида дунё энтомофаунаси бўйича жуда катта материал тўпланди; назарий ва амалий Энтомология соҳасида кўплаб кашфиётлар қилинди. 20-аср охирларига келиб ҳашаротларнинг 1 млн. дан ортиқ тури аниқланди; туркумлар сони 40 га яқинлашди, ҳашаротлар систематикаси қайта кўриб чиқилди ва такомиллаштирилди. Энтомологияда янги ва анча нозик методлар (электрон микроскопия, кариосистематика) ва компьютер технологияси, систематикада сонли таксономия ва таксономик тахлил қўлланила бошланди (америка олими Р. Сокал, рус олими Е. С. Смирнов ва бошқалар). Ҳашаротлар физиологияси, нафас олиши (даниялик олим А. Крог), айириш (инглиз олими В. Б. Унглсуорт), сезги органлари, қутблашган нурни қабул қилиш ва унда мўлжал олиш (немис олими К. Фриш) ва бошқалар масалалар кенг миқёсда ўрганила бошланди. Ҳашаротлар марказий нерв системасининг гормон ажратиши (поляк олими С. Копец, 1917), туллаш гормонлари—экдизонлар (А. Бутенанд, 1954), ҳашаротлар ривожланишини бошқарувчи ювенил гормон (К. Уильямс, 1956) кашф қилинди.
20-асрнинг 2-ярмига келиб ҳашаротлар ажратадиган ва улар хаттиҳаракатини бошқарадиган феромонларнинг кашф этилиши (немис олими А. Бутенанд ва бошқалар) ҳашаротлар хаттиҳаракатини ўрганишга қизиқишни кучайтирди. 20-аср ўрталарида асаларилар тилининг кашф этилиши (немис зоологи К. Фриш) билан этология Э. нинг етакчи тармоқларидан бирига айланди.
Ҳашаротлар экологияси соҳасидаги дастлабки йирик тадқиқотлар америка олимлари В. Шелфорд (1913) ва Р. Чемпен (1931) номи билан боғлиқ. Немис олими Г. Блунк (1922) ҳашаротларнинг яшаш муҳити билан ўзаро муносабатларини ўрганади ва уларнинг ривожланиши ҳарорат билан боғлиқлигини кўрсатади. Норвегия биологи К. Фегри (1975) ҳашаротлар билан энтомофил ўсимликлар ўртасидаги мураккаб муносабатларни умумлаштиради.
Амалий Энтомология соҳасида тадқиқотлар 19ва 20-аср чегарасида ривожлана бошлади. Дастлабки йирик ишлар ўрмон, дала ва полиз экинларининг зараркунандаларини ўрганишга бағишланган эди (немис олимлари Ю. Ратцебург, 1837—44; Г. Нердлингер, 1869; Кальтенх, 1874; рус олими Ф. П. Кеппен, 188184).
Тиббиёт Энтомологиянинг ривожланиши безгак касаллигини тарқатувчи чивиннинг ўрганилишидан бошланди (рус олими В. Я. Даниловский, 1888; италян олими Э. Мартини, 1923, 1941 ва бошқалар). Тиббиёт ва ветеринария Энтомологиянинг ривожланишида рус олимлари В. Н. Беклемишевнинг безгак чивинини ўрганиш соҳасидаги ишлари, Е. Н. Павловскийнинг трансмиссив (ҳашаротлар ва бошқалар бўғимоёкдилар орқали тарқаладиган) касалликларнинг тиббий манбалиги тўғрисидаги таълимоти катта аҳамиятга эга бўлди.
Ўрта Осиё ҳудудида, жумладан, Ўзбекистонда Энтомология соҳасида тадқиқотларни рус табиатшунос олими А. Б. Федченко бошлаб берган. У Олай ва Зарафшон бўйлаб ўтказган экспедицияларида (1868—71) ҳашаротларнинг 2000 га яқин коллекциясини тўплаган. В. Ф. Ошанин (1844 — 45) Амударё юқори қисмида тарқалган ҳашаротларни ўрганади. Унинг «Туркистон чала қаттиқ қанотлилари фаунаси зоогеофафияси» (1891) асарида 700 дан ортиқ ҳашаротлар тўғрисида маълумот берилади. 1898 йилда қ. х. зараркунандаларини ўрганиш мақсадида Туркистон қ. х. жамияти қошида «Чигиртка комитети», 1911 йилда Тошкентда Туркистон энтомологик станцияси ташкил этилиб, 1925 йилда Ўзбекистон ўсимликларни ҳимоя қилиш станциясига айлантирилади. Станцияда қ. х. зараркунанда ҳашаротларини ўрганиш ва уларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқиш бўйича бир қанча тадқиқотлар олиб борилди (В. И. Плотников, В. В. Яхонтов, П. П. Архангельский, В. В. Никольский). 1929 йил ғўза зараркунандаларини ўрганиш бўйича махсус станция ташкил этилиб, 1958 йилда унинг базасида Ўрта Осиё ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий текшириш институти очилди.
Ўзбекистонда тиббиёт ва ветеринария Энтомологияси соҳасидаги тадқиқотлар безгак касаллиги қўзғатувчисини ўрганиш билан бошланди. 1913 йилда Туркистонда одам ва ҳайвонлар тропик касалликларини ўрганиш бўйича ўтказилган экспедиция ҳисоботида безгак касаллигини тарқатувчи чивинлар тўғрисида маълумот берилади (В. Л. Якимов). 20-асрнинг 20—30-й. ларида безгак касаллиги ва безгак пашшасини ўрганиш бўйича кенг миқёсда тадқиқотлар олиб борилади (Н. И. Ходукин, Л. М. Исаев); безгакни тадқиқ этувчи бир қанча станциялар ва Самарқанд шаҳрида Тропик касалликлар (ҳоз. Тиббиёт паразитологияси) институти ташкил этилди. 1920 йилдан бошлаб Туркистон давлат ун-ти кафедралари қошида энтомология соҳасидаги ишлар бошлаб юборилди (А. Л. Бродский). Қон сўрувчи икки қанотлиларни ўрганиш бўйича Ўзбекистон ФА Зоология ин-тида олиб борилган ишлар улар турлари таркиби, тарқалиши, экологик хусусиятлари ва эпидемиологик аҳамиятини аниқлашга имкон берди (Э. И. Ган, М. К. Қодирова).
Энтомология соҳасида олиб борилаётган тадқиқотлар туфайли ҳозир ғўза ва бошқалар қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда омбор зараркунандалари тўғрисида катта маълумотлар йиғилди (В. В. Яхонтов, А. Г. Давлетшина), кузги ва ғўза тунламининг тез кўпайиб кетишини прогноз қилиш методлари ишлаб чиқилди (К. И. Ларченко, Ф. М. Успенский, Ф. Н. Степанов, С. А. Журавская, А. Ш. Ҳамроев ва бошқалар); ғўза майсалари ва илдизида зараркунандалик қилувчи ҳашаротлар (Р. О. Олимжонов), қ. х. маҳсулотлари захиралари (СМ.
Алимуҳамедов), боғ ва ўрмон зараркунандалари (Х. Т. Невский, М. И. Кособуцкий, И. К. Махновский) ўрганилди.
Ҳоз. даврда Энтомология соҳасида асосий зътибор ҳашаротларнинг хилмахиллиги, уларнинг ноёб ва йўқолиб бораётган турларини ўрганиш, зараркунанда ҳашаротлар (жумладан термитлар)га қарши курашнинг атроф муҳитга кам зиён етказадиган илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу мақсадда ҳар хил биологик фаол препаратлар, жумладан, аттрактантлар, феромонлар ва жинсий гормонлардан фойдаланиш методлари ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистонда Энтомология соҳасида тадқиқотлар Ўзбекистон ФА Зоология инти, Ўсимликларни ҳимоя қилиш инти, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик инти, Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги илмийишлаб чиқариш маркази, Республика карантин лаб. си, Ветеринария институти ҳамда деярли барча олий ўқув юртлари кафедраларица олиб борилади.
Ад.: Бей-Биенко Г. Я., Обшая энтомология, 2 изд., И., 1971; Насекомме Узбекистана, Т., 1993; Мавлонов О., Хуррамов Ш., Умуртқасизлар зоологияси, Т., 1998.
Жалолиддин Азимов, Очил Мавлонов.