ДЕВОНУ ЛУҒОТИТ-ТУРК

«ДЕВОНУ ЛУҒОТИТ-ТУРК» («Туркий сўзлар девони») — Маҳмуд Кошғарийнинг туркий тиллар ҳақидаги қомусий асари (1071—72). Бу асарда 11-а. нинг 2-ярмида Марказий Осиёда ва Ғарбий Хитой ҳудудида истиқомат қилган туркий уруғ ва қабилалар, уларнинг ижтимоий аҳволи, тили, тарихи, бу ҳудуднинг геогр. си, метрологияси ва астрономиясига оид қимматли маълумотлар ёзиб қолдирилган. «Девону луғотит-турк»нинг қўлёзмаси 1914 й. Туркиянинг Диёрбакр ш. дан топилган. 319 саҳифали бу қўлёзма ҳоз. Истанбулда сақланади. Бу нусха «Девону луғотит-турк» ёзилганидан салкам 200 й. кейин, яъни Маҳмуд Кошғарийнинг ўз қўли билан ёзилган нусхадан 1266 й. да котиб Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Фотиҳал-Совий алдамашқий томонидан кўчирилган.

«Девону луғотит-турк» араб тилида ёзилган, 8 мингдан ортиқ туркий сўзларни тўғри талаффуз қилиш мақсадида арабча ҳара-катлар (ҳарфлардаги ост-уст ишоралар)дан фойдаланилган. Бунда, албатта, муаллиф анча қийинчиликка учраган, чунки арабча ҳарф ва алиф, вов, ё) ишоралари б-н туркий товушларни бериб бўлмас эди. Туркий тилдаги чўзиқ ва қисқа унлилар, юмшоқ ва қаттиқ товушлар учун Махмуд Кошғарий махсус белгилар (ҳаракатлар)ни қўллайди ёки сўз бошидаги чўзиқликни икки алиф билан кўрсатади ёки 2 хил талаффуз қилинадиган сўзларга 2 хил ишора қўяди: азуқлуқ, эритмак сўзларидаги 3 ва Р ҳарфлари устига ҳам касра, ҳам дамма ишорасини қўйган, демак, бу сўзлар ўша даврда икки хил талаффуз этилган: азмқлуқ — азуқлуқ, эритмак — эрутмак каби. Арабча ҳарф б-н кўрсатиш мумкин бўлмаган туркий талаффузни «Девону луғотит-турк»да изоҳлаб, таърифлаб ўтган. «Девону луғотит-турк»да, аввало, отлар, сўнг феъллар изоҳланади. Сўзлар тартиби уларнинг таркибидаги ҳарфларнинг орта боришига (2 ҳарфдан 7 ҳарфгача) қараб амалга оширилган.

Маҳмуд Кошғарий «Девону луғотит-турк»га ўзи тузган дунё харитаси (дунёнинг доира шаклидаги тасвири)ни илова қилган. Харитада мамлакат, шаҳар, қишлоқ, тоғ, чўл, довон, денгиз, кўл, дарё ва ҳ. к. нинг номлари ёзилган. Харитага ёзилмай қолган бир қанча номлар асар матнида изоҳланган. Харита, асосан, ҳоз. Шарқий ярим шарга тўғри келади. Асарда 11-а. даги шаҳарлар, қишлоқлар, денгиз, кўллар, туркий қабилалар ва уруғлар ҳақида, уруғларнинг ижтимоий ақволи, келиб чиқиши, номланиши, ички уруғ ва тоифалари, уларнинг жойланиши, урф-одатлари, тил хусусиятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилади. Бундан ташқари, ҳайвонот ва ўсимликлари, уларнинг номланишига тўхталиб ўтади, астрономик маълумотлар, бурж ва мучал ҳақида ҳам маълумотлар бор. «Девону луғотит-турк»да айниқса қабила ва уруғ тилларига оид лингвистик маълумотлар анча батафсил берилган. Бунда ҳар сўзнинг маънолари (полисемия, омоним, синоним, антоним ва арха-ик сўзлар) чуқур таҳлил қилинади, айрим сўзларнинг этимологиясига тўхталиб ўтади. Товушлар (фонемалар)нинг тахлили анча мукаммал: унли ва ундош фонемалар, чўзиқ ва қисқа унлилар, уларнинг уруғ тилларидаги талаффузи ва орфографияси, тилдаги фонетик ҳодиса ва қонуниятлар батафсил изоҳланган. Морфология соҳасида сўз туркумларини, давр анъанасига кўра, 3 сўз туркумига: феъл, исм, боғловчига бўлиб, уларнинг ясалиш ва турланиш йўлларини кўрсатиб ўтади. «Девону луғотит-турк»да 250 дан ортиқ мақол ва маталлар, ўнлаб шеърий парчалар келтирилган.

В. В. Бартольд «Девону луғотит-турк»дан ўз илмий ишларида кенг фойдаланганини шарқшунос С. Волин кўрсатиб ўтган. Тил-шунос олим В. И. Беляев «Девону луғотит-турк» ҳақида шундай ёзади: «Биз бу асарга ниҳоятда юксак баҳо беришимиз керак, чунки у китоблардан олиб ёзилмаган, балки жонли материални шахсан кузатишга асосланган… Муаллиф берган маълумотлар… археологик кашфиётлар бу маълумотларнинг аксариятини исбот этмоқда». Немис шарқшуноси К. Броккельман «Девону луғотит-турк» асарини 1928 й. немис тилига таржима қилди. «Девону луғотит-турк» қўлёзмасининг фотонусхаси Истанбулда Килисли Рифат (3 жилдли; 1915—17) кейинчалик Бесим Аталай томонидан (3 жилдли; 1939—41) турк тилига таржима қилиниб, чоп этилган. «Девону луғотит-турк» нингтурктилидаги кейинги қайта нашри 1957 й. амалга оширилди. «Девону луғотит-турк» иккинчи бўлиб ўзбек тилига таржима қилиниб, муҳим изоҳ ва тафсирлари билан 1960—63 й. лари Тошкентда «Фан» нашриётида 3 жилдда чоп этилган. Бу тилшунос олим, филол. фанлари дри, проф. Солиҳ Муталлибовнинг 35 йиллик меҳнати натижаси эди. Ушбу нашр фақат таржима бўлмай, туркча таржи-мага муносабат, баҳо, атамалар, шахс номлари, шаҳар ва жой номларига изоҳ, ва тафсир ҳамдир. Ўзбекча нашрининг муқаддима қисмида 11-а. филологлари, «Қутадғу билиг» асари, Махмуд Кошғарийнинг лингвистик қа-рашлари, туркий қабилалар, уларнинг шаклланиши, бу уруғ ва қабилалар, тилларнинг ҳоз. туркий халқлар ва уларнинг тилига муносабати, таржима транскрипцияси тўғрисида маълумотлар берилган. «Девону луғотит-турк» ўзбекча на-шрининг охирида туркий уруғ, қабила, шаҳарлар ва б. тўғрисида батафсил маълумотлар бор, асарнинг ҳар бир жилдида ҳаволалар берилиб, унда уч-раган сўз ва иборалар кенг таърифланади, изоҳланади. Ўзбекча нашрининг муҳим томонларидан бири, унинг ҳар бир жилди асосида тузилган кўрсат-кичдир. Унда «Девону луғотит-турк»да учраган сўзлар алифбо тарзида келтирилиб, сўзнинг ўзбек ва рус тилида таржимаси берилади. Мазкур сўзнинг «Девону луғотит-турк» нинг қайси бетларида учраши (олдин ўзбек-ча, сўнг туркча нашрларининг бети, сатри) кўрсатиб ўтилади.

Ғанижон Абдураҳмонов.


Кирилл алифбосида мақола: ДЕВОНУ ЛУҒОТИТ-ТУРК ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Д ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АЛИШЕР НАВОИЙ
БЕРУНИЙ
ЭРОН
АМИР ТЕМУР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты