ЭПИЛЕПСИЯ (юн. — тутаман) , тутқаноқ, қуёнчиқ — бош миянинг сурункали касаллиги; кўпинча тиришиш, ҳушдан кетиш, бемор шахсининг ўзгариши, айрим ҳолларда ақлий қобилиятнинг сусайиб бориши билан кечади (феълатвор ўзгарувчан, сержаҳл, гинахон бўлиб қолади ва ҳ. к.). Бош миянинг тутқаноқ тутишига нисбатан туғма ёки турмушда орттирилган ўта мойиллиги, шунингдек, наслий туғма нуқсонлар, бош ва орқа миянинг юқумли касалликлари, жароҳатлари, туғруқ чоғидаги нохушликлар, эндокрин омиллар, ногаҳон қўрқув ва ҳ. к. Э. га сабаб бўлади. Эпилепсия мустақил касаллик (генуин Эпилепсия) ёки симптоматик (бош миянинг яллиғланиши, ўсмаси, шикастланиши ва бошқалар оқибатида) бўлиши мумкин. Эпилепсия кўп учрайди. Аксари болалик ва ўсмирлик даврида, баъзан кексайганда ҳам кузатилади. Катта ва кичик тутқаноқлар Эпилепсиянинг асосий белгисидир. Кўпинча ҳеч бир сабабсиз, баъзан қаттиқ ҳаяжон, ҳориш ва бошқалардан сўнг тутқаноқ тутади. Аксари тутқаноқ тутишидан аввал бемор кайфияти ўзгаради; серзарда ёки маъюс бўлади, боши оғрийди, ланж тортади. Баъзан ҳеч қандай белгисиз, шунингдек, уйқуда ҳам тутқаноқ тутади. Деярли кўпчилик ҳолларда бевосита тутқаноқ тутишидан олдин бир неча секунд давомида ўткир руҳий ҳолат — аура (юн. аига — «шабада эсиши») юз беради. Бунда бемор ўзини ёмон ҳис қилади, боши айланади, эти увишади ва ҳ. к. Шунингдек, бемор кўзига даҳшатли манзаралар кўриниши, бурнига қўланса, куюнди ҳидлар келиши, шовқинсурон эшитилиши ва аччиқ, шўр таъм сезилиши мумкин. Баъзида бемор бу вақтда бир хилдаги ҳаракатларни такрорлайверади; мас, оғзини чапиллатаверади, олдида турган нарсани йиғаверади ёхуд бир жойда гир айланади, ўз-ўзидан югуриб кетади ва бошқалар Аурадан сўнг кучли тутқаноқ тутади. Бемор ҳушдан кетиб йиқилади, сўнг гавдасининг барча мускуллари қисқариб (тоник талваса) қўлоёқлари чўзилади ёки букилганича қотиб қолади, жағларини маҳкам қисиб олади (бунда бемор кўпинча тилини тишлаб олади). Нафас мускулларининг қисқариши туфайли бемор кўкариб (айниқса, юзи) кетади, кўз соққалари орқага тортиб, қорачиғи кенгаяди ва нурдан таъсирланмайди. Бир неча секунддан сўнг бу ҳолат гавда мускулларининг ритмик қисқариши (клоник талваса) билан алмашинади. Бунда бемор бошини ётган еридаги нарсаларга уради, оғзидан кўпик чиқади, 1—2 минутдан кейин аста-секин тиришиш тугаб, бемор нафас ола бошлайди, ранги ўзига келади. Лекин бу вақтда у йиқилгандаги шикастлар оғриғини сезмайди, чақирса эшитмайди; кўпинча ўзига келмай туриб чуқур уйқуга кетади. Уйғонганидан сўнг ҳеч нарсани хотирлай олмайди; дармонсизлиги, шикастланганлигидан тутқаноқ тутганини билади. Кичик тутқаноқ, одатда, талвасасиз ёки камроқ талваса (болаларда) билан ўтиб, бир неча секундда тугайди. Бунда аксарият бемор бир лаҳза эсҳушини йўқотиб (мас, юрган бўлса бирдан туриб қолади, гапираётган бўлса сўз ўртасида тўхтайди ва бошқалар), яна ўзига келиши мумкин. Эпилепсияда кичик тутқаноқлардан ташқари талвасасиз фақат руҳий ўзгаришлар — Э. эквивалентлари ҳам кузатилади. Айрим вақтларда улар аура каби кўпроқ қисқа муддатли руҳий ҳолатлар тарзида ўтади. Бунда бемор ҳаёт воқелигини идрок этолмай қолади. Эпилепсияда (айниқса генуин Эпилепсияда) секин-аста бемор шахси (характери) ўзгариб, ақлий қобилияти сусайиб боради, яъни Эпилепсияга хос эси пастлик кузатилади, бунда бемор тўсатдан бажараётган ишини бошқа мақсадсиз томонга йўналтиради, мас, ишдан уйга қайтаётиб бошқа жойга кетиб қолади, бирор хат ёзаётган бўлса, унинг мазмунини (шаклини) бузиб юборади ва ҳ. к. Бемор бир мавзудан иккинчисига, бир машгулотдан бошқасига ўтишга қийналади, қизиқиш доираси тор, атрофдагиларга кек сақлайдиган, қасоскор, ичи қора ёки адолатгўй, насиҳатгўй, бошқалари ҳаддан ташқари саришта, мулойим бўлиб қолади.
Генуин Эпилепсия сурункали кечиб, авж олиб боради, бунда катта тутқаноқлар 1 йилда 1—2 марта ёки бир кунда бир неча марта кетмакет тутади, баъзан (яъни кетмакет тутганда) мияга қон қуйилиши ёки мия ва ўпканинг шишиши, асфиксия, оғир ҳолларда ўлим юз бериши мумкин.
Давоси: қатьий кун тартиби, парҳез, меҳнат билан даволаш ва врач тавсия этган доридармонлардан иборат.
Эпилепсияси бор беморлар психоневрологик диспансерлар назоратига олинади.