ДЕЗИНФЕКЦИЯ

ДЕЗИНФЕКЦИЯ (дез… ва инфекция) , юқумсизлантириш — юқумли касалликларни қўзғатувчи микроорганизмлар (бактериялар, вируслар ва б.)ни йўқ қилиш. Кенг маънодаги Дезинфекцияга одам билан ҳайвонлар учун зарарли ҳашаротларни йўқ қилиш — дезинсекция ва зарарли кемирувчиларни йўқ қилиш — дератизация ҳам киради. Профилактик, кундалик, якунловчи Дезинфекция бўлади. Профилактик Дезинфекция юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида уй анжомлари, идиш-товокларни, жамоат тўпланадиган жойлар (бозор, дўкон, болалар муассасаси, ҳаммом, ошхона, транспорт ва б.)ни, ташландиларни мунтазам равишда юқумсизлантиришдир. Сувни юқумсизлантириш, сутни пастеризация қилиш ҳам профилактик Дезинфекцияга киради. Бемор ётган уйда узлуксиз кундалик Дезинфекция ўтказилади. Якунловчи (охирги) Дезинфекция бемор касалхонага ётқизилганидан, соғайиб кетганидан ёки вафот этганидан кейин амалга оширилади. Дезинфекцияда механик, физик ва кимёвий воситалар қўлланилади. Бино ва ундаги буюмларни ҳўл латта билан тозалаш, кийим-кечак ва кўрпа-ёстиқни қоқиш, чанг сўргич билан тозалаш, бинони оклаш, бўяш ва б. механик воситаларга киради. Кийим-кечак ва бинолар шу йўл билан 50 — 75% микроблардан халос бўлади. Қуритиш, қуёш нури, ультрабинафша нурлар (симоб-кварц лампалари), ташландиларни ёқиб юбориш, идиш ва б. буюмларни қатронлаш, сувга совун ва ишкрр солиб қайнатиш, қай-ноқ сув, дезинфекция камераларида ва махсус аппарат (автоклав)да сув буғи ва иссиқ ҳаводан фойдаланиш физик воситалар ҳисобланади. Кимёвий воситаларга кислоталар, ишқорлар, хлорли оҳак, хлорамин, фенол, крезоллар (лизол, нафтализол), формалин, сулема ва б. моддалар киради. Бир қатор юқумли касалликларда Дезинфекция уй шароитида ўтказилади. Юқумли ичак касалликлари (ич терлама, дизентерия) да бемор ётган уй ҳар куни ҳўл латта билан тозаланади, у фойдаланган идиш-товоқ 1% ли сода эрит-масида, ич кийимлари 2% ли совун-содали ёки бирор ювувчи восита эритмасида 15 мин. қайнатилади. Паразитар юқумли касалликлар (тепкили терлама, қайталовчи терлама)да бемор ва унга яқин юрган кишиларни Дезинфекция қилишда юқумсизлантирувчи воситалар қўлланиб, беморнинг кийим-кечаги ва кўрпа-ёстиғи Дезинфекция камерасига юборилади. Грипп касаллигида беморнинг идиштовоғи қайноқ сув билан 2—3 марта ювилади (яхшиси, бирорта ювувчи восита эритмасида қайнатилади), рўмолчаси, сочиғи ювувчи восита эритмасига бўктирилгач, қайнатилади. Бемор ётган хонани тезтез шамоллатиб, полихлораминнинг 0,2% ли эритмасига ҳўлланган латта билан кунига 2—3 марта артиб турилади. Касаллик турига қараб Дезинфекция чоратадбирлари ўзига хос тартиб асосида ўтказилади. Дезинфекция ишини эпидемияга қарши тадбирлар режаси асосида дезинфекция санитарияэпидемиология ст-ялари, касалхоналар, поликлиникалар, врачлик участкалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарорларида кўрсатилган муддатларда амалга оширади.

Ветеринариядаги Дезинфекция эпизоотологик, ветеринариясанитария аҳамиятига эга бўлган профилактик, кундалик ва якунловчи Дезинфекция ларга бўлинади. Профилактик Дезинфекция инфекцион касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, кундалик Дезинфекция касал ҳайвонлар мав-жудлигида, якунловчи Дезинфекция инфекция манбаини тўлиқ юқумсизлантириш мақсадида олиб борилади. Профилактик Дезинфекция чорвачилик фермаларида ва бошқа қ. х. ҳайвонлари тўпланадиган жойларда, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарда ўтка-зилади. Чорвачилик хўжаликларида Дезинфекция олдиндан режалаштирилган муддатларда, баҳорда молларни яйловга чиқаришдан олдин, биноларни эса кузда молларни боғловга қўйишдан аввал, гўшт к-тларида молларни сўйишдан олдин ва кейин ўтказилади. Сутни пастеризация қилиш, терини, сувни юқумсизлантириш ҳам профилактик Дезинфекцияга киради. Механик Дезинфекция (молхона ва ҳудудларни тозалаш, оқлаш, бўяш ва ҳ. к.), физик Дезинфекция (аланга, ультрабинафша нурлар, рентген нурлари, гамма нурлар, ташландиқларни ёқиб юбориш, сувда қайнатиш, махсус дезинфекция камераси ва аппаратларида термик таъсир ўтказиш), кимёвий Дезинфекция (кислота, ишқор, хлорли оҳак, хлорамин, фенол, крезол, лизол, нафтализол, формалин ва б.) ҳам профилактик чораларга тааллуклидир. Кундалик Дезинфекция ветеринария муассасаларида, фермаларда, изоляторларда ва б. моллар турадиган жойларда касаллик чиққан вақтда, унинг тарқалишини чеклаш, олдини олиш мақсадида юқорида кўрсатилган усул ва воситалар ёрдамида ўтказилади. Якунловчи Дезинфекция чорвачилик фермаларида ва ветеринария муассасаларида, изоляторларда спорадик эпизоотия тугатилиб, касал моллар олиб чиқиб кетилгач, ўтказилади.

Қишлоқ хўжалигида уруғлик, экиш материаллари, тупроқ, иссиқхоналар, дон, мева ва сабзавот сақланадиган омборлар, дарахтларнинг шикастланган жойлари ва б. Д. қилиниб, касаллик тарқатувчилардан тозаланади. Бу иш механик (ўсимлик қолдикларини куйдириш, тупроқни буғлаш) ва кимёвий (замбуруғ ва бактерияларни ўлди-радиган моддалар қўллаш) усуллари билан амалга оширилади. Уруглик ва экиш материаллари гранозон, меркуран, гексахлорбензол, формалин ва б. препаратлар б-н, бинолар олтингугурт дудлаб, оҳак суви билан оқлаб ёки оҳакнинг хлорли суспензияси, формалин билан пуркаб Дезинфекция қилинади. Иссиқхона ва парник тупроқлари карба-тион, формалин, хлорпикрин буғи ёки гази билан дудлаш ёки заҳарли моддаларни қўллаш билан кимёвий Дезинфекция қилинади. Тупроқни Дезинфекция қилишда заҳарли препаратлар бевосита тупроққа солинади.

Шоносир Шоваҳобов, Аҳрор Рўзимуродов.


Кирилл алифбосида мақола: ДЕЗИНФЕКЦИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Д ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
Туш таъбири ўзбек тилида
ДЕЗИНСЕКЦИЯ
БАКТЕРИЯЛАР
БОЛАЛАР АДАБИЁТИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты