ЭРТАК — хаяқ оғзаки поэтик ижодининг асосий жанрларидан бири; тўқима ва уйдирмага асосланган сеҳрлисаргузашт ва маиший характердаги эпик бадиий асар. Асосан, наср шаклида яратилган. М. Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида этук шаклида учрайди ва бирор воқеани оғзаки тарзда ҳикоя қилиш маъносини билдиради. Э. Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона ўзбеклари орасида матал, Бухоро атрофидаги туман ва қишлоқларда ушук, Хоразмда варсақи, Тошкент шаҳри ва унинг атрофида чўпчак деб аталади. Эртак ҳаёт ҳақиқатининг хаёлий ва ҳаётий уйдирмалар асосида тасвирланганлиги, тилсим ва сеҳр воситаларига асосланиши, воқеа ва ҳаракатларнинг ажойибғаройиб ҳолатларда кечиши, қаҳрамонларнинг ғайритабиий жасорати билан фольклорнинг бошқа жанрларидан фарқ қилади. Эртак ларда уйдирма муҳим мезон бўлиб, сюжет воқеаларининг асосини ташкил этади, сюжет чизиғидаги динамик ҳаракатнинг конфликт ечимини таъминлайди. Уйдирмаларнинг турли хил намуналари таълимийэстетик функцияни бажаради, жанр компоненти сифатида ўзига хос бадиий тасвир воситаси бўлиб хизмат қилади. Уйдирмалар воқеа ва ҳодисаларни ҳаётда бўлиши мумкин бўлмаган ёки мавжуд бўлган ҳодисалар тарзида тасвирлайди. Хаёлий ва ҳаётий уйдирмаларнинг иштироки, сюжет чизиғида тутган ўрни ва вазифасига кўра, Эртакни 2 гуруҳга — хаёлий уйдирмалар асос бўлган Эртак, ҳаётий уйдирмалар асос бўлган Эртак ларга бўлиш мумкин. Xаёлий уйдирмалар асосидаги Эртак сюжети мўъжизали, сеҳрли; ҳаётий уйдирмаларга асосланган Эртак сюжети эса ҳаётий тарзда бўлиб, унда реал воқеа-ҳодисалар тасвирланади. Эртакда, асосан, уч мақсад ҳикоя қилинади. Биринчисида идеал қаҳрамоннинг жасорати, ёвуз кучларга қарши чиқиб, халқ манфаатини ҳимоя қилиши, иккинчисида, асосан, бош қаҳрамоннинг ўзга юрт маликаларига ёки паризодларига ошиқ бўлиб уйланиши, касалга дори топиши, аждар ва девлар олиб қочган кишиларни озод қилиши, учинчисида эса адолатсизликка, зулмга қарши чиқиши каби мақсадлар баён қилинади. Биринчи мақсад паҳлавоннинг фаол ҳаракати ва ғайритабиий кучқудрати билан амалга ошса, иккинчи мақсад пассив қаҳрамонга ёрдам берувчи тилсим воситалари ёрдамида, учинчи мақсад эса бош қаҳрамоннинг ақлидроки, тадбиркорлиги билан амалга ошади.
Эртак жанри образлар талқини, ғоявий мазмуни ва конфликти, сюжет ва композицияси, уйдирмаларнинг ўрни ва вазифаси, тили ва услубига кўра, шартли равишда ҳайвонлар ҳақидаги Эртаклар, сеҳрли Эртаклар, маиший Эртаклар, ҳажвий Эртак ларга бўлинади.
Ҳайвонлар ҳақидаги Эртак ларнинг бир тури мажозий Эртак лардир. Мажозий Эртак ларнинг («Сусанбил», «Бўри билан тулки», «Тулкининг тақсимоти», «Икки бойқуш» ва бошқалар) сюжети асосида кўчма маъно, аллегорик образлар ётади. Мас, лақмалик ва қонхўрлик бўри орқали, айёрлик ва тилёғламачилик тулки орқали ифодаланган.
Сеҳрли Эртак ларда воқеалар сеҳржоду, фантастик уйдирмалар асосига қурилган бўлади. Буларда паҳлавонлик ва қаҳрамонлик мадҳ этилади («Ялмоғиз», «Семурғ», «Девбачча», «Кенжа ботир» ва бошқалар). «Қулоқбой», «Ҳандалак полвон», «Уч ёлғонда қирқ ёлғон» ва бошқалар Эртаклар комик, баъзилари ҳатто ҳажвий характерга эга. Мас, «Уч ёлғонда қирқ ёлғон»да бош қаҳрамон халқ орасида шуҳрат топган кал бўлиб, бу комик қаҳрамоннинг «ёлғон тўқиши»дан зулм ва жаҳолат, адолатсизлик каби мавжуд тузумга хос иллатлар қораланади, кишилардаги донишмандлик, тадбиркорлик каби фазилатлар улуғланади.
Маиший Эртак ларда кўпроқ зулм ва адолатсизлик қораланади («Уч оғаини ботирлар», «Ойгул билан Бахтиёр», «Тоҳир ва Зуҳра», «Фарҳод ва Ширин», «Золим подшо» ва бошқалар). Мас, «Уч оғаини ботирлар» эртаги одатдагидек ота насиҳати билан бошланади. Бунда ота камбағал, лекин ҳаёт тажрибаларига бой бўлган шахс, бошқа вариантларида эса шоҳ бўлиб, ўғиллари шаҳзодалардир. Ботирлар образида ахлоқ ва одобнинг юксак намунаси, одамийлик, донишмандлик, жасурлик каби сифатлар кўринса, шаҳзодалар қиёфасида молмулк тўплаш йўлида ҳар қандай ёмон ниятлардан қайтмайдиган ёлғончи, жоҳил кишилар образи гавдаланган.
Эртаклар, асосан, дидактик вазифани бажаради. Эртак ларнинг «Минг бир кеча», «Панчатантра» ва бошқалар яхши намуналари, Г. Х. Андерсен, В. Хауф, А. С. Пушкин кабиларнинг мумтоз адабий Эртак лари жаҳон маданияти хазинасига кирган. Комилжон Имомов.