ЭТНОГРАФИЯ

ЭТНОГРАФИЯ (этно… ва… графия) , этнология, халқшунослик — жаҳондаги барча халқларнинг, этник бирликнинг турли типлари, уларнинг келиб чиқиши (этногенези), турмуш тарзи, урф-одатлари, моддий ва маънавий тараққиёт даражасидан қатъи назар, тенг ҳолда ўзаро тафовути ёки умумийлиги ва ўхшашлигини, уларнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганувчи махсус фан соҳаси. Этнография ҳоз. этяосларнинг келиб чиқиши ва шаклланиши, жойлашиши ва этник тузилиши, урф-одатлари, маънавий маданияти ва миллий хусусиятларини тарихий жараён билан боғлиқ ҳолда ўрганади. Тарихий Этнография йўқолиб кетган халқ ва элатлар, ўтмишдаги этник жараён, маиший турмуш ва маънавий маданият хусусиятларини тадқиқ қилади.

Этн. билимлар қадим замонлардан пайдо бўлган бўлсада, лекин мустақил фан сифатида 19-асрнинг ўрталарида шаклланиб бўлди. Дастлаб, бу атамани 16-асрнинг охирида немис ёзувчиси И. Зуммер ишлатган, кейин эса 18-асрнинг охирларида ва 1808 йилда махсус жур. лар шу ном билан чиқа бошлаган. Этнография сўзи машҳур француз табиатшуноси ва физиги Жан Жак Ампер таклифи билан Париж антропологлари конгрессида алоҳида фан сифатида қабул қилинган (1839).

Этнография дастлаб фактик билимларни тўплайди, кейин уларни таҳлил этиш орқали моҳиятини тушуниб олиб, назарий хулосалар чиқаради. Этнография фани, бошқа фанлар сингари ўзига хос махсус тадқиқот усуллари ва махсус атамаларга эга. Унинг услуби муайян дунёқараш ва назариялар (методология) билан боғлиқ бўлиб, ўз тадқиқотларини айрим фан соҳалари антропология, археология, лингвистика, социология, санъатшунослик билан алоқадор ҳолда амалга оширади.

Мазкур фанларнинг ўзаро боғлиқлиги туфайли кейинги йилларда қўшалоқ илмий соҳалар ҳам юзага келди, мас, этник антропология, палеоэтнография, этнолингвистика ва бошқалар Ҳоз. даврдаги этник жараёнларни теран ва кенг миқёсда тадқиқ қилишда кейинги йилларда ўтказилаётган социологик тадқиқотлар яхши самара бермоқда. Натижада — этносоциология, этнопсихология каби янги илмий соҳалар юзага келиши муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, табиийгеографик шароитга қараб ёввойи ўсимликларни экиб ўстириш ёки ёввойи ҳайвонларни хонакилаштириш, урчитиш каби ўзига хос турмуш хусусиятларига эга элатларнинг хўжалик хусусиятларини аникдашда Этнография билан ҳамкорликда этноботаника ва этнозоология каби янги соҳалар фаолият кўрсатмоқда.

Халқларни ўрганишда Этнография фани ниҳоятда кенг ва хилмахил манбалардан ва усуллардан фойдаланади. Бир жойда узоқ яшаб, кузатиш йўли билан ўтказилган тадқиқотлар энг самарали эканлигини машҳур этнографлар (Л. Морган, Н. Н. МиклухоМаклай, В. Г. Богораз) алоҳида қайд қилганлар. Қисқа муддатда, айрим мавсумларда ўтказиладиган тадқиқот ишлари экспедиция усули бўлиб, ҳозир кенг тарқалган ва у мавсумий усул дейилади.

Дала ишларида, асосан, ахборотчидан суҳбат йўли билан ёзма ёки магнитофон орқали маълумотлар тўплаш, муайян маишиймаданий турмуш ҳодисалари, оиланикоҳ муносабатлари ва маросимлари, халқ сайиллари ва ўйинларини кузатиш, уларда бевосита иштирок қилиш ва уларни жиддий ўрганиш (ёзиш, чизиш, расмга олиш) каби усуллар қўлланилади. Маънавий маданиятни тадқиқ қилишда (айниқса, айрим урф-одат ва маросимлар, халқ ўйинлари, ибодат, миллий рақслар) замонавий техника (фото, видео ва киноаппаратуралар) воситаларидан кенг фойдаланилади.

Ўзбекистонда Этнография фани. Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилган қабила ва элатлар тўғрисидаги энг қадимий этн. маълумотлар илк ёзма манбаларда, юнон ва рим муаллифлари Гекатей, Страбон, Геродот, Арриан, Птолемей ва Ктесий, сицилиялик Диодор, Помпей Трог, Тацит асарларида учрайди.

Ўрта Осиё халқларининг қадимий аждодлари ва уларнинг турмуш тарзи, урф-одат ва маросимлари тўғрисида қимматли маълумотларни зардуштийлик динининг муқаддас китоби «Авесто»да ҳам кўриш мумкин. Мил. ав. 6—1-асрлардан араб истилосигача Ўрта Осиё халқларига тегишли маълумотларни қадимий ахоманийлар даврига оид қоя тош битикларида, парфиёний, суғдий, хоразмий, бахтарий ёзма ёдгорликларида, хитой саёҳатномаларида, сосонийлар Эронининг ўрта форсийпаҳлавий тилдаги ёдгорликларида, арман тилидаги манбаларда, қадимий туркий ёзма ёдгорликларда учратамиз.

Илк ўрта аср (912-асрлар) муаллифлари географ ва сайёҳлар Ибн Хурдодбеҳ, алБалхий, Истахрий, Ибн Ҳавқал, Масъудий, Ёқут Ҳамавийлар ўз саёҳатномаларида Шарқ халқлари Этнографияси бўйича қимматли маълумотлар ёзиб қолдирганлар.

Халқ оғзаки ижоди намуналари бўлган «ДадаҚўрқут», «Алпомиш», «Манас», «Гўрўғли» достонлари тарихий ва этн. жиҳатдан ниҳоятда муҳим манбалардир. Муҳаммад Хоразмийнинг «Сурат алАарз», Абу Райҳон Берунийнинг «Қонуни Масъудий», «Амударё тарихи»; Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк», Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарлари Ўрта Осиё, шу жумладан, Ўзбекистон шаҳарлари, уларнинг тарихи, табиийгеографик шароити, этнотопонимияси, айрим шаҳар ва қишлоқлар аҳолисининг лингвистик ва этник таркиби, ижгимоий-сиёсий ҳаёти, маиший турмуши ва маданиятининг баъзи жиҳатлари, диний эътиқодларига оид ноёб маълумотлар мужассамлашганлиги билан муҳим илмий аҳамиятга эга.

Амир Темур ва унинг ворислари ҳукмронлик қилган даврда яшаган сарой тарихчилари ва солномачилари, жумладан, Ҳофизи Абрунинг «Зубдат уттаворих» («Тарихлар қаймоғи»), Низомиддин Шомий, Абдураззоқ Самарқандий, Ҳусайн Кубравий, Али Кушчи ва бошқаларнинг асарларида шу даврга оид этн. маълумотларни учратиш мумкин.

Шунингдек, испан элчиси Рюи Гонзалес де Клавихонинг асарида, рус солномаларида, машҳур сайёҳ Марко Полонинг саёҳатномасида ҳам муҳим маълумотлар жамланган.

Бобурнштт «Бобурнома» асарида Мовароуннаҳр ва қўшни мамлакатларда яшаган элатларнинг этник таркиби ва тарихи, урф-одати ва маросимлари маданияти ва маиший турмуши ҳақида, Гулбаданбегимшшт «Ҳумоюннома» номли тарихийбиографик асарида Тошкент ва Андижондан то Қашқар ва Ҳинд океани бўйларигача қандай шаҳарлар, вилоятлар борлиги, уларнинг аҳолиси ҳақида маълумотлар келтирилган.

Ўрта асрлар илмий мероси бўлган Ҳофиз Таниш ал-Бухорийнинг «Абдулланома» («Шарафномаи шоҳий»), Маъсуд ибн Кўҳистонийнинг «Тарихи Абулхайрхоний», Камолиддин Биноийнинг «Шайбонийнома», Фазлуллоҳ Рўзбеҳоннинг «Меҳмонномаи Бухоро», Абулғозий Баҳодирхоннинг «Шажарайи турк» Каби асарларида қимматли тарихийэтн. маълумотлар бор.

16—17-асрларда Бухоро, Хива ва Қўқон хонликларининг вужудга келиши ва Россия давлати билан мунтазам савдо ва дипломатик муносабатлар ўрнатилиши натижасида рус элчиларининг ўзбек хонликларига қилган сафарлари жараёнида тўплаган материалларида ҳам этн. маълумотлар мавжуд бўлиб, улар маълум илмий қимматга эгадир.

Туркистон ўлкасини жадал этн. ўрганиш ўлкани мустамлака қилиш мақсади билан боғлиқ бўлиб, ўзбек халқи Этнография сига оид илмий аҳамиятга эга материаллар тўплаш даври 19-асрдан бошланди.

Марказий Осиё халқлари, шу жумладан, ўзбекларни этн. жиҳатдан ўрганиш йўлида 1872 йил Москвада очилган политехника кўргазмаси муносабати билан тайёрланган «Туркистон альбоми», шунингдек, Рус география жамиятининг Туркистон бўлими, Тиббиёт, антропология ва этнография ҳаваскорлари жамиятининг Туркистон бўлими, Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги, Туркистон қишлоқ хўжалик жамияти, Хомутов тўгараги, Ўрта Осиё олимлари жамияти, Рус техника жамиятининг Туркистон бўлими, Шарқшунослик жамиятининг Тошкент бўлимининг роли катта бўлди.

19-аср охири — 20-аср бошларида этн. билимларнинг ривожи ўлкада фаолият кўрсатган рус шарқшунос, тарихчи, этнограф олимлари, сайёҳлари ва давлат арбоблари В. В. Радлов, В. В. Бартольд, М. С. Андреев, А. А. Диваев, Ъ. Л. Вяткин, Н. П. Остроумов, Н. С. Ликошин, Н. Г. Маллицкий, эрхотин Наливкинлар, И. И. Умняков, А. А. Семёнов, Е.)\. Поливановлар номи билан боғлиқдир. Улар амалга оширган ишлар мустамлакачиликка хизмат қилган бўлсада, тўпланган катта этн. материаллар 19-аср охири — 20-аср бошларидаги Туркистон ҳаёт тарзини тавсифлашда муҳим илмий аҳамиятга эга.

1918 йилда Туркистон халқ университетияа ўзбеклар Э. си бўйича махсус курс киритилиб, бу мавзу бўйича маърузалар ўқитила бошланди.

1920—30 йиллар Ўзбекистонда Этнография илмининг вужудга келиш, ташкилий ва таркибий шаклланиш даври бўлди. 1930-й. лар охирида маҳаллий аҳоли орасидан етишиб чиққан мутахассислар Г. Алимов, М. Бикжанова, А. Болтаев, Я. Ғуломов, Ш. Иноғомов, Т. Миртёсов, М. Саиджонов, Х. Ҳусанбоев, К. Юсупов ва бошқалар Ўзбекистонда музей ишини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга, музейларда этн. коллекцияларни кўргазмага қўйишга тайёрлаш бўйича муҳим ишларни амалга оширишди.

1943 йил 4 нояб. да ЎзФА Тил, адабиёт ва тарих институти асосида Тарих ва археология институти ташкил этилиб, унинг таркибида 6 бўлим, шу жумладан, акад. М. Андреев раҳбарлигидаги Этнография бўлими ҳам бор эди. Бўлим республикада этн. тадқиқотларнинг етакчи маркази бўлиб қолди.

Хоразм археологияэтнография экспедициясининг ташкил этилиши ва фаолият олиб бориши (раҳбарлари С. Толстов, Т. Жданко) Ўзбекистонда Этнография фанининг ривожланишида муҳим босқич бўлди. Хоразм экспедицияси мобайнида қорақалпоқлар Э. сининг махсус ўрганилганлиги, Қорақалпоғистонда этн. фикрларнинг шаклланиши учун асос бўлди.

1960—80 йилларда ўзбек ҳамда қорақалпоқ халқларининг этногенези ва этник тарихи бўйича фаол тадқиқотлар олиб борилди В. (П. Алексеев, А. А. Асқаров, О. Сухарева, Т. К. Хожайов ва бошқалар). Ўзбеклар этник тарихини ўрганиш бевосита акад. К. Шониёзов номи билан боғлиқ.

Ўзбекистон халқлари фольклори, Ўзбекистон декоратив ва амалий санъатининг турли соҳалари, халқ мусиқаси, театри, рақс санъати, кийимлари, анъанавий халқ таомлари, кишиларнинг маънавий ва моддий ҳаётини ўрганиш этн. манбалардан бири сифатида этнографларнинг диққат марказида бўдди. 1960, айниқса, 1980-й. лар Ўзбекистон Этнография фани учун аввалги тарихшунослик даврига нисбатан ғоят сермаҳсул, айни вақтда, зиддиятли кечди. Бу зиддиятлар Этнографиянинг долзарб масалаларини белгилаш ва ишлаб чиқишда, сиёсий шароитга оғишмай ва сўзсиз амал қилишда; монографик ва умумлаштирувчи тадқиқотларда уларнинг таҳлилийтанқидий нуқтаи назардан ўрганиб чиқилмаганлигида; катта кўламдаги илмий текшириш ишларининг этнос хўжалик амалиёти ва маданий ҳаёти вазифаларига мос келмаганида намоён бўлди.

Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан Республикамизда Этнография фани янги сифат босқичига ўтди.

Ўзбекистон Этнография фанининг илмий текшириш услублари, назарий асослари, ривожланиш устуворликлари ва истиқболларини аниқловчи тадқиқотлар вужудга келди. Мустақиллик йилларида ўзбек халқи анъанавий маданиятини ўрганишда «европацентризм» нуқтаи назаридан ёндошишга, қатор ижтимоий ин-т ва ҳодисаларга «ўтмиш сарқити» деб қарашга чек қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон ФА Тарих институти фаолиятини такомиллаштириш» ҳақидаги қарори (1998 йил 27 июль) тарих фани ва унинг қисми Этнографиянинг вазифаларини мазмунмоҳият жиҳатдан тубдан ўзгартирди. Ўзбек халқининг этногенези, этник тарих муаммоларини, ўзбек этномаданий жараёнларини янгича мушоҳада қилиш, холисона ёритиш имкони пайдо бўлиб, ушбу мавзу этн. тадқиқотларнинг етакчи йўналишларидан бирига айланди. Бу йўналишни тадқиқ этишда акад. К. Шониёзовнинг асарлари («Қарлуқ давлати ва қарлуқлар», 1999; «Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни», 2001) муҳим ҳисса бўлиб қўшилади. 1990-й. ларда К. Шониёзовнинг илмий раҳбарлиги остида тарихий Этнография муаммоларини (А. Аширов, У. Абдуллаев), Ўзбекистон аҳолисининг маиший турмўш анъаналарини (С. Соатова, М. Ўроқов, В. Ҳақлиев, С. Шарипов) тадқиқ қилувчи олимлар гуруҳи шаклланди. Этнография Фарғона (Ш. Абдуллаев, С. Губаева), Бухоро (А. Жумаев, М. Қурбонова), Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари (С. Турсунов, А. Қаюмов, О. Бўриев, Қ. Насриддинов) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Т. Е(сбергенова, Р. Камолов, Н. Тлеубергенов) минтақавий ўзига хосликларининг турли жиҳатларини ёритувчи тарихийэтн. ва этн. социологик махсус тадқиқотлари вужудга кедди.

З. Орифхонова, Г. Зуннунова, М. Қамаритдинова каби олимларнинг маҳалланинг ўтмиши ва бугунини, ҳозирда ўз-ўзини бошқариш органи сифатида амалиётдаги аҳамиятини ўрганишга бағишланган этн. экспедициялари, этносоциологик тадқиқотлари натижалари асосида махсус асарлар нашр этилди. Олий ўқув юртлари учун Этнография фанидан махсус дарслик (И. Жабборов «Ўзбек халқи этнографияси», Т., 1994), ўқитиш услуби қўлланмалари (О. Бўриев, Б. Исҳоқов), этнология атамалари луғати (О. Бўриев) чоп этилди.

Ўзбекистонда Этнография фанининг шаклланиши, ривожи динамикаси, тарихшунослиги муаммолари махсус тадқиқот мавзуси бўлди (А. Дониёров ва Д. Ҳошимова). Бугунги кунда мамлакатимиз илмий муассасаларида Этнография фанининг долзарб муаммолари тадқиқ қилинмоқда. 2000— 2001 йилларда Термиз ва Қаршида этн. тадқиқотлар маркази ташкил этилди. Ўзбекистон ФА Тарих институти этнология бўлими бу тадқиқотлар йўналишини белгилаш ва мувофиқлаштириш вазифасини бажариб келмоқда.

Ад.: Жабборов И., Ўзбекхалқи этнографияси, Т., 1994; Шониёзов К., Ўзбекхалқининг шаклланиш жараёни, Т., 2001; Дониёров А. X., Ўзбекистон этнографияси тарихидан айрим лавҳалар, Т., 2003; Дониёров А. Х., Мустақил Ўзбекистон этнографияси тарихшунослигининг айрим масалалари, Т., 2003; Ўзбекистон этнологияси: янгича қарашлар ва ёндашувлар, Т., 2004.

Алишер Дониёров.


Кирилл алифбосида мақола: ЭТНОГРАФИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Э ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ЭРОН
АЛИШЕР НАВОИЙ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
БЕРУНИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты