ЭШОНТЎРАЕВА Сора Абдураҳмоновна (1911.8.11, Наманган вилояти Бешбулоқ қишлоғи — 1998.8.9, Тошкент) — актёр, жамоат арбоби. Ўзбекистон халқ артисти (1937). Москвадаги ўзбек драма студиясини тугатган (1927). 1927 йилдан Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театри актрисаси. 1943—45 ва 1953—60 йилларда шу театр директори. Ижодининг илк давриданоқ барча жанрларда иш кўриб, намунали натижаларга эришган. «Ҳужум» (В. Ян, Чўлпон)да Турсуной, «Икки бойга бир малай» (К. Гольдони)да Беатриче унинг дастлабки ролларидир. 30-й. лардан Эшонтўраева театрда саҳналаштирилган деярли барча асарларда етакчи бош қаҳрамон ролларини ижро этган. Актриса қаҳрамонларининг ҳиссиётинигина эмас, шу билан бирга унинг қатъияти, иродаси ва эътиқодини ҳам акс эттиришга киришди. Онахон (К. Яшин, «Номус ва муҳаббат»), Жамила (Ҳамза, «Бой ила хизматчи»), Гулойим (Ҳ. Олимжон, «Муқанна»), Гули (И. Султон, Уйғун, «Алишер Навоий»), Ҳуррият (Уйғун, «Ҳуррият») ва бошқалар шулар жумласидан. Бу образлар ижросида актриса ҳамкасблари билан бирга театр талқин мактабининг етук намуналари саналувчи спектаклларга муносиб тимсоллар яратди. Гули ва Жамила образлари Эшонтўраева ижодида алоҳида ўрин тутади. Гули Эшонтўраева ижросида севги ва садоқатнинг тенгсиз шайдоси ва маъсум қурбони сифатида идрок этилиб, нафис ва таъсирчан туйғулар билан таърифланади. Жамила образида эса чорасиз аёлнинг чора излаши, бахти учун курашида ўлимга тик боришнинг бадиий таърифидаги таъсир кучи ажралиб туради. Эшонтўраева ижоди илк йилларидан бошлаб жаҳон мумтоз драматургияси намуналарини узвий саҳналаштириш жараёнида кечди. Студияда «Ревизор», «Маликаи Турандот», «Икки бойга бир малай», «Қўзибулоқ қишлоғи» сингари спектаклларда роль ўйнаб тажрибаси бойиган Э. У. Шекспирнинг «Ҳамлет» фожиасида уни шуҳратга буркаган Офелия ролини ижро этди (1935). Актриса ёруғ дунёга сиғмаган муҳаббати фожиасини Офелияни эсдан оғиш даражасига олиб борган ҳиссиётлар силсиласи гирдобида ўта таъсирчан таърифлади. Ҳасад ва иғво, ичқоралик Дездемона («Отелло») умрининг заволи бўлганини актрисанинг нозик рафтор, меҳр тўла чеҳра, бахтиёр кўз қарашлари ва ҳазин кечинмали саҳналарида ифода этилди. Кетмакет Гонфилья (У. Шекспир, «Қирол Лир»), Иокаста (Софокл, «Шоҳ Эдип»), Катерина (А. Островский, «Момақалдироқ»), Любовь Яровая (К. Тренёв, «Любовь Яровая»), Комиссар (Вс. Вишневский, «Ҳаётбахш ўлим»), Густа Фучик (Г. Товстоногов, А. Брагин, «Мангу ҳаёт») ва бошқалар образлари ижод намунасини янада бойитди.
Эшонтўраева ижодида оналар образи талқинига ўтиши муҳим ижодий босқич бўлиб, «Жазоир — менинг ватаним» (М. Диб) спектаклидаги Айни дастлабки қадам бўлди. Седзу (М. Каору, «Ўғирланган умр»), Она (К. Яшин, «Бухоро»), Она (В. Дельмар, «Ғариблар») каби образлар туркуми яратилди. Эшонтўраева қаҳрамонлари характерини ижтимоий ва психологик асосларини чуқур очиб беради, уларни руҳий гўзаллик ва оптимистик руҳ билан таъминлайди. Қаҳрамонлари лирик нафосат ва айни чоғда қаҳрамонлик фазилатларига эга. Ҳар томонлама таҳлил ва тадқиқ этиш, самимийлик, кучли ҳисҳаяжон Эшонтўраева ижрочилигига хос белгилардир.
Эшонтўраева кино, телефильм, телеспектаклларда ҳам бир нечта роллар ижро этган. У Ўзбекистон театр жамияти бошқарувининг раиси (1946—55 ва яна 1981—85) ва бошқалар нуфузли жамоат ташкилотларида ишлаган. Давлат мукофоти (1949, 1967, 1977), Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1967) лауреати. «Соглом авлод учун» (1993), вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» (2004) орденлари билан мукофотланган.
Ад.: Уваров Г., Сара Ишантураева, М., 1951,Авдеева Л., Сара Ишантураева, Т., 1960; Маҳмудова С. Бир юракнинг юз жасорати, Т, 1983.
Тошпўлат Турсунов.