ДИЗЕНТЕРИЯ

ДИЗЕНТЕРИЯ (диз… ва юн. enteron — ичак) , ичбуруғ — йўғон ичакнинг зарарланиши (бот-бот ич кетиши ва қориннинг бураб огриши) ва организмнинг заҳарланиши (бушашиш, ҳолдан тойиш, бош оғриғи, ҳарорат кутарилиши, кунгил айниши, баъзан қайт қилиш) билан кечадиган уткир инфекцион касаллик. Бутун ер юзида учрайди. Одамларда учрайдиган Дизентерия қўзғатувчисининг турига қараб, бактериал Дизентерия билан амёбиаз фарқ қилинади.

Бактериал Дизентерия микроблари таёқчасимон бўлиб, бир неча тури бор; бу турларни кашф этган олимлар номи билан Григорьев-Шига, Шмитц-Штуцер, Флекснер, Зонне ва ҳ. к. бактериялари деб аталади. Григорьев-Шига бактериялари бошқа бактериялардан фарқ қилиб, кучли токсин чиқаради (бу микроб қўзғатган касаллик оғирроқ ўтади). Флекснер ва Зонне бактериялари қўзғатган ҳоллар кўпроқ кузатилади (улар қўзғатган касаллик енгилроқ ўтади); Шмитц-Штуцер бактериялари жуда кам учрайди.

Дизентерия бактериялари бемор ахлати билан ташқи муҳитга чиқади. Касалликдан соғайган баъзи кишилар ҳам Дизентерия бактерияларини узоқ вақт чиқариб туради. Беморни парвариш қилаётган кишилар, шунингдек, бактерия ташувчиларнинг ювуқсиз қўли ва пашша орқали Дизентерия микроблари сув, мева, сабзавот, сут ва овқатга ўтиши мумкин. Уларда Дизентерия микроблари бир неча кундан 2—3 ойгача сақлана олади. Соғлом одам Д. бактериялари билан ифлосланган сув, мева, сабзавот, овқатни истеъмол қилганда касаллик юқади.

Озодалик қоидаларига риоя қилмаслик (ҳожатхона, ошхоналарнинг ифлос бўлиши, пашшани йўқотмаслик, қўлни тозалаб ювмаслик ва ш. к.) Д. нинг тарқалишига сабаб бўлади. Дизентерия йил бўйи учраб туради, аммо иссиқ фаслда (июнь — окт.) пашша кўпайиши, сув кўп ичилиши, мева-сабзавотни ювмай ейиш натижасида Дизентерия билан касалланиш кўпаяди. Дизентерияга ҳамма мойил, лекин ёш болалар, кексалар ва ним-жон кишиларда кўпроқ кузатилади. Дизентерия бактериялари йўғон ичакда кўпаяди ва айни вақтда ичакни яллиғлантириб, бутун организмда моддалар алмашину-вига путур етказади. Уларнинг йўғон ичакда қосил қиладиган заҳари (токсини) ичак шиллиқ пардасига ўзига хос таъсир кўрсатади (яллиғлантиради, яра ҳосил қилади ва ҳ. к.), бутун организмни заҳарлайди (интоксикация).

Касаллик юққач, 3—4 кунлик яширин (инкубацион) даврдан кейин қорин бураб оғрийди, тез-тез ич кетади. Аввал ич суюқ келиб, кейин қон билан шилимшиқ аралаш (ялқуғ) бўлади. Бир кеча-кундузда 10—15 мартагача ҳожатхонага бориш Дизентерияга хос белгидир. Бемор т-раси касалликнинг фақат дастлабки кунларида салгина кўтарилади. Қорин дапқир-дапқир бураб оғрийди, тўғри ичак тортишибқисқариб оғритади (тенезм), айни вақтда тез-тез ич келиши, сохта «ҳожат бўлиши» бе-морнинг ахгюлини оғирлаштиради. Ич кетиши туфайли кўп суюқлик йўқолиши натижасида бемор тез озади, кўзи киртайиб қолади, териси қуришади, қўл-оёғи совқотади, иштаҳаси йўқолади, қаттиқ чанқайди. Умумий аҳволи мушкуллашади.

Касаллик асоратсиз ўтганда 6—7куни ич кетиши камаяди, ахлатда ялқуғ йўқолади, қорин оғриғи босилади, бемор иштаҳага киради. Дизентерия бир неча кундан (енгил хили) 3—4 ҳафтагача давом этади. Касаллик қўзиши (қайталаниши) ҳам мумкин. Асосан, ёш болалар билан кексаларда Дизентерия оғир ўтади. Авитаминоз, нимжонлик, ўта чарчаш ва ш. к. Д. нинг чўзилишига (сурункали Дизентерияга) сабаб бўлади. Дизентериянинг бу хили ойлаб чўзилади, вақт-вақти билан зўриқиб туради. У сўнгги йилларда кам учрамоқда. Сурункали Дизентерия б-н оғриган беморлардан теварак-атрофдагиларга касаллик юқиши мумкин. Ёш болаларда Дизентерия ўзига хос ўтади: ичакнинг яллиғланишидан кўра умумий интоксикация яққол кўзга ташланади. Юқорида айтилган белгилардан ташқари, ахлатни лаб. да текшириш, йўғон ичак пастки қисмининг шиллиқ қаватини кўздан кечириш (колонофиброскопия, ректороманоскопия) ва бактериологик текшириш асосида Дизентерия аникланади. Бемор касалхонада даволангани маъқул. Дизентерия билан оғриб ўтган кишида қоладиган иммунитет узоқ давом этмайди. Дизентерияни даволашда дорилардан ташқари, парҳезнинг аҳамияти бор.

Дизентериянинг олдини олиш учун аҳоли яшайдиган жойларни тоза тутиш, озиқовқат корхоналари, сув тармоқлари устидан санитария назоратини кучайтириш, пашшани йўқотиш, шахсий гигиена қоидаларига жиддий риоя қилиш, мевасабзавотни тоза сувга обдан ювиб ейиш керак ва ҳ. к. Аҳолини, айниқса қишлоқ жойларида, тоза ичимлик сув билан таъминлаш нафақат Дизентерия, балки барча ўткир ичак касалликларининг олдини олишда муҳим ижтимоий тадбир ҳисобланади. Болаларни ёшлигидан покизаликка одатлантириш лозим.

Касаллик бемордан атрофидагиларга осон юқиши, Григорьев-Шига бактериялари қўзғатадиган Дизентерия оғир кечишини эътиборга олиб, беморни иложи борича касалхонага ётқизиб даволаган маъқул.

Ҳайвонлардан қўзи ва чўчқаларда учрайдиган ўткир инфекцион касаллик. Асосан 3—5 кунлик қўзиларда ичакнинг геморрагик яллиғланиши ва ич кетиши билан кузатилади. Қўйларда Дизентерияни Clostridium perfrindens В. турига мансуб спирохета қўзғатади. Касаллик соғлом ва касал ҳайвонлар биргаликда сақланганда алиментар йўл билан юқади. Дизентерия қўзилатиш мавсуми — баҳорда авж олади. Касал ҳайвонларнинг қон аралаш ичи кетади, иштаҳаси йўқолиб, озиб қолади. Касалликнинг ўткир шаклида қўзилар бир неча соат ичида нобуд бўлади. Енгилроқ кечганда қўзи кўпроқ ётади, эммай қўяди, тана ҳарорати 41° гача кўтарилади. Кескин ориқлаган қўзилар нобуд бўлади. Қўзиларни сифатсиз озиқлантириш, гигиена қоидаларига амал қилмаслик ҳам касалликнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Даволаш: гипреиммун зардоб, норсульфазол (1%) ва б. антибиотиклар буюрилади.

Олдини олиш: зоогигиена, ветеринариясанитария кридаларига амал қилиш, сифатли озиклантириш, тозаликка риоя қилиш, касалланган ҳайвонлар 6—10% ли хлорли оҳак, 5% ли креолин билан дезинфекция қилинади. Бўғоз қўйлар қўзилашидан 20—30 кун илгари бир марта, 10—20 кун қолганда иккинчи марта эмланади. Қўзилар туғилиши б-н дастлабки соатларда Дизентерияга қарши қўлланиладиган махсус зардоб юборилади (тери остига).

Ад.: Мусабоев И. Қ., Дизентерия, Т., 1960; Маҳмудов О. С, Болаларнинг юқумли касалликлари, Т., 1995.

Шоносир Шоваҳобов, Аҳрор Рўзимуродов.


Кирилл алифбосида мақола: ДИЗЕНТЕРИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Д ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АЛИШЕР НАВОИЙ
ЭНТЕРИТ
Туш таъбири ўзбек тилида
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты