ФАРМАКОЛОГИЯ

ФАРМАКОЛОГИЯ (юн. pharmacon — дори ва логия) — тиббийбиологик фан; одам ва ҳайвонлар организмига дорилар юборилгандан кейин уларда рўй берадиган ўзгаришларни ўрганади. Фармакология бир неча йўналишларни ўз ичига олади: фармакодинамика — доридармонларнинг организмга таъсирини, фармакокинетика — дорилар организмга тушгандан то организмдан чиқиб кетгунча бўлган ҳаракатини (сўрилиши, тақсимланиши, биотрансформацияси ва экскрецияси), биокимёвий фармакология — дориларнинг организмдаги молекуляр таъсир механизмини ўрганади. Доридармонларнинг тиббиёт амалиётидаги таъсирини ўрганиш эса клиник Фармакологиянинг вазифасидир.

Умумий ва хусусий Фармакология ажратилади. Умумий Фармакология дориларнинг организмга таъсир механизмини, шу туфайли келиб чикадиган умумий ўзгаришларни, дори моддаларини организмга юбориш, уларнинг сўрилиши, тақсимлиниши, ўзгариши ва организмдан чиқиш жараёнларини, дори моддаларининг хусусиятига таъсир этувчи шароитларни, дори моддаларининг таъсир ва даволаш турларини, уларни бирга қўлланганда рўй берадиган жараёнларни ҳамда уларнинг стандартлаш, таснифлаш ва қидириш каби жуда куп муаммоли масалаларини ўрганади.

Хусусий Фармакологиянинг вазифаси — асосий таъсир кучига кўра системалашган дори моддалар, яъни оғриқсизлантирувчи, сийдик ҳайдовчи ва ҳ. к. ни ўрганиш. Шунингдек, турли хил микроорганизм ва паразитларга таъсир этувчи дорилар ҳам хусусий Фармакологияда қайд этилади. Хусусий Фармакология фармацевтик кимё, фармацевтик технология, фармакогнозия, биокимёвий Фармакология, кимётерапия, токсикология ва б. фанлар билан узвий боғлиқ. Шу туфайли тиббиётнинг асосий назарий билимлари Фармакология орқали амалий тиббиётга тадбиқ этилади.

Фармакология тарихи узок, ўтмишга бориб тақалади, чунки инсон яратилгандан бошлаб у табиат қўйнида яшаб ўзининг турли хил нохуш ҳолатлари ва касалликларига атрофидаги гиёҳлардан, ҳайвонот оламидан шифо, доридармон излагай. Фармакология ривожланишига қад. араб, юнон ва Осиё мамлакатлари олимлари ҳам катта ҳисса қўшганлар. Хусусан, Гиппократ, Диоскарид, Гален ва б. нинг доривор гиёҳлар ҳамда уларнинг ишлатилиши ҳақидаги маълумотлари 19-а. гача Фармакология соҳасида асосий қўлланма бўлиб келган.

Яқин Шарқ ва Ўрта Осиёда Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Синоларнинг доривор гиёҳлар ва моддалар ҳақидаги асарлари Фармакология тараққиётига муҳим туртки булди. Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарида қайд этилган 811 хил оддий дориларнинг 612 таси доривор ўсимликлар ва улардан фойдаланиш усулларига багишланган. Ушбу асар шу кунгача ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.

19-а. га қадар Фармакология асосан эмпирик тарзда ривожланган. Шу даврга келиб экспериментал Фармакология шаклланди. Бунда Ф. Мажанди, Клод Бернар, Р. Бухгейм, И. П. Павлов, В. В. Закусов, М. Д. Машковский ва б. жаҳон олимларининг улкан ҳиссалари бор.

Ўзбекистонда Фармакология 1920 й. Тошкентда Туркистон давлат ун-ти тиббиёт фти қошида Фармакология кафедрасини ташкил этилиши туфайли ривожланди. Кейинчалик республиканинг турли шаҳарларидаги тиббиёт интлари қошидаги Фармакология кафедраларида, Ўзбекистон ФА нинг и. т. институтларида Фармакология фани янада ривожлантирилди. Ўзбек фармакологларидан, проф. И. К. Камилов, М. Б. Султонов, Ў. Б. Зокиров, Қ. Н. Нажмиддинов, С. С. Азизова ва б. нинг изланишлари натижасида доривор ўсимликлар ва кимёвийбиологик фаол моддалардан 200 дан ортиқ шифобахш моддалар ажратиб олинди, уларнинг 30 дан ортиғи клиник текширувлардан ўтказилиб, тиббиёт амалиётига тадбиқ этилди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг Республика соғлиқни саклаш вазирлиги қошида Доривор моддалар ва тиббиёт техникаси сифатини назорат қилиш ҳамда стандартлаш бўйича Бош бошқарма ҳамда улар таркибида фармакология ва фармакопея қўмиталарининг тузилиши муносабати билан Фармакология фани янада равнақ топди. Қисқа муддат ичида 20 дан ортиқ шифобахш ўсимликлар ва 10 дан ортиқ янги биологик фаол препаратлар (пирацин, купир, фентриазолин, кобавит, фенсулкал, глипил, мумиё таблеткаси, навбахтин, бензкетозон ва б.) тиббиётда қўллаш учун тавсия этилди.

Ветеринария Ф. си ҳам жадал ривожланмокда. У доривор моддаларнинг турли ҳайвонлар организмига, уларнинг ўзига хос касалликларига таъсирини ўрганади, ҳайвонларнинг ўсишини тезлатувчи, маҳсулдорлигини оширувчи, боқувини бойитувчи ва турли касалликларнинг олдини оладиган доривор моддаларни излайди ва ветеринария амалиётига (ковилон, навбахтид ва б.) татбиқ этади. Бу борада Самарқанд ветеринария ин-ти ва Тошкент аграр ун-тининг ветеринария бўлимларида илмий ишлар олиб борилмоқда.

Ад. Махсумов М. Н., Маликов М. М., Фармакология, Т., 1997; Азизова С . С ., Фармакология, Т., 2002.


Кирилл алифбосида мақола: ФАРМАКОЛОГИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ф ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БИОЛОГИЯ
ИБН СИНО
ФИЗИКА
ГЕНЕТИКА


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты