ФАРҒОНА ТЕАТРИ

ФАРҒОНА ТЕАТРИ, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги Фарғона вилоят мусиқали драма ва комедия театри — Ўзбекистоннинг кўҳна театрларидан бири. 1930 й. да ташкил бўлган. Ташкилотчилари Мамадали Ҳайдаров, Соли Аҳмедов. 1933 й. Марғилон театр труппаси ҳам Фарғона театрига бирлаштирилди. Мухаммад Тожизода бош реж. этиб тайинланди. Б. Пўлатов, М. Олимова, М. Қориева, С. Қосимов, Л. Саримсоқова, С. Саидова, А. Раҳмонов, Я. Маматхонов кабилар театрнинг дастлабки ижодкорларидир. М. Тожизода «Ичкарида» (К. Яшин; Т. Жалилов) мусиқали драмасини саҳналаштирди. Она ролини ижро этган Л. Саримсокрванинг ижро маҳорати қимматли тажриба мактаби бўлди. Кетмакет саҳналаштирилган «Ҳалима», «Аршин мол олон», «Ёндирамиз», «Номус ва муҳаббат», «Гулсара», «Рустам», «Платон Кречет» каби спектакллар билан театр ўз мавкеини мустаҳкамлади. Театр репертуари рангбаранг мавзуларга алоҳида эътибор берди. «Икки бойга бир малай» (К. Гольдони), «Маликаи Турандот» (К. Гоцци), «Уйланиш» (Н. Гоголь), «Номус» (Г. Мдивани) каби таржима асарлар саҳнага қўйилди. Пекин томошабин руҳиятидан бир қадар узоқ ва саҳналаштиришда кўринган тажрибасизлик туфайли театр фаолиятини улар эмас, балки халққа яқин «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» каби мусикали драмалар белгилади. Илк бор Ф. т. да саҳналаштирилган «Тоҳир ва Зухра» (С. Абдулла; Т. Жалилов) спектакли мусиқали драма ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Театрнинг биринчи 10 йиллигида М. Ҳайдаров асосий ижодий сиймо бўлиб, унинг устозлигида С. Аҳмедов, С. Қосимов, А. Раҳмоновлар реж. сифатида етилдилар. С. Саидова, Я. Маматхонов, Ф. Хўжаева, Ю. Орипов, А. Юнатонов каби истеъдодли актёрлар ва Ғ. Тошматов, З. Ҳайдаров, Ғ. Ҳотамов каби созанда ва бастакорлар тарбия топдилар. Уруш йиллари Т: Шевченко номидаги Украина ва Москва Ленин комсомоли театрлари билан бир бинода ижод қилдилар. «Нодира», «Беш сўмлик келин» каби мусиқали асарлар ҳамкорлик намунаси бўлди. «Қурбон Умаров», «Даврон ота» каби асарлар ҳам шу йиллар маҳсули.

Урушдан кейинги йилларда юқори ва ширали овозга эга бўлган актёрларнинг етишуви халққа яқин мусиқали драмаларни тубдан қайта талқин этиш имконини берди: «Лайли ва Мажнун», «Гулсара», «Нурхон», «Тоҳир ва Зуҳра» ва б. Ўтмиш ва шахсларга қизиқиш натижаси ўлароқ «Алишер Навоий», «Муқимий» спектакллари юзага келди. Янги яратилган мусиқали драмалар орасида «Алпомиш», «Равшан ва Зулхумор», «Қумрининг муроди» театрга катта муваффақият келтирди. Замонавий мавзуда «Шоҳи сўзана», «Оғриқ тишлар», «Юрак сирлари», жаҳон мумтоз асарларидан «Айбсиз айбдорлар», «Макр ва муҳаббат» саҳналаштирилди. 60-й. лар театр репертуари «Тогажиянлар», «Тошболта ошиқ», «Мели хоббону Наби товон», «Тобутдан товуш», «Ой тутилган тунда» каби спектакллар билан бойиди. 1966 й. илк бор Фарғона театрида куйилган «Гул ва Наврўз» (С. Абдулла, М. Мухамедов; Т. Жалилов) спектаклидан бошлаб мусиқали драма йўналишида кескин кўтарилиш бошланди. Бу йиллар X. Қозоқова, Ф. Баратова, Ж. Охунов, Т. Қрдиров, К. Аҳмедова, X. Ҳожинабиева, Қ. Ҳотамова каби актёрлар, бош дирижёр Д. Жалилов, созандалардан М. Муртазоев, М. Ғиёсов, Й. Эргашев каби ва истеъдодли рассом 3. Ғойибовлар етакчилик қилдилар.

1970 й. театрга бош реж. бўлиб келган Н. Отабоев диққатини ижтимоий кўлами кенг асарларга қаратди: «Парвоз» (Уйғун), «Ревизор» (Н. Гоголь), «Қандала» (В. Маяковский), «Ўтган кунлар» (А. Қодирий), «Мухтор вакил» (Н. Юсуфий) ва б. шулар жумласидан. «Тўйлар муборак» (Ў. Ҳошимов), «Тўйдан кейин томоша» (Шукрулло), «Оқ булоқ паризоди» (М. Мирзаева), «Ҳокими мутлақ» (М. Карим) сингари спектаклларни 3. Мадалиев саҳналаштирди.

80-й. лардан авж ола бошлаган миллий уйғониш, ўзликни англаш Фарғона театрида ҳам ўз аксини топди. Театрга реж. бўлиб келган О. Салимое Ч. Айтматов асари асосида «Соҳил бўйлаб чопаётган олапар» номли илк спектаклидаёк, унинг ижтимоий муаммоларни кескин ифода этишлик хусусияти намоён бўлди. Ифода шаклининг оддийлиги ва маъно кўламининг кенглиги шу реж. саҳналаштирган «Темир хотин» (Ш. Бошбеков) спетаклида намоён бўлди. Мазкур спектакль Ўрта Осиё ва Қозоғистон театр фестивалида олий мукофотга сазовор бўлди ва шу спектаклда Қўчқор ролини ижро этган М. Юсупов «энг яхши эркак роли» мукофоти билан так,дирланди. Реж. нинг «Жафога вафо» (Алп Жамол), «Қоғоз қайиқчалар» (И. Турсунов), «Қўнғирокли ёлғончи» (А. Обиджон) спектакллари театр мавкеини баланд кутарилишида асосий омиллардан бўлди. Ажойибғаройиб саргузашт, самимий юмор, оддийлик, сўз б-н ҳаракат, мусиқий ва пластик воситаларнинг ўзаро қовушимлиги «Тошкентга саёҳат» (Ҳамза асари асосида Б. Омонов табдили) спектаклининг кенг довруғ таратишига сабаб бўлди.

Истиклол даври ижод эркинлиги туфайли дунёга келган қатор оригинал спектаклларда Фарғона театрининг ҳаётий воқеликка ёндашуви ўзига хос тарзда намоён бўлди. Ўтмиш тарихи билан фахрланиш туйғуси саҳна темурномасига ҳисса бўлиб қўшилган «Амир Темур ва Тўхтамишхон» (Т. Мирзо), АлФарғонийга қаратилган «Осмонга сиғмаган мухаббат» (Й. Сулаймон), «Парижга саёҳат» (Мольер пьесаси, Ш. Бошбеков табдили), «Кампир топайми, дадажон» (А. Хурсандов), «Бахт ўғриси» (И . Турсунов), «Тикансиз типратиконлар» (Ш. Бошбеков), «Тузоқ» (Р. Том) ва б. театрнинг сўнгги йиллардаги энг яхши спектаклларидир. С. Аҳмедов, Ё. Ҳотамова, X. Икромов, С. Ҳакимов, И. Султонов, М. Шомуродова, Р. Холбеков, Қ. Худойназаров, А. Исҳоқов, реж. М. Ғуломов, дирижёр А. Умаров ва б. театрнинг етакчи ижодкорларидир. Бош реж. — Муҳаммадсоли Юсупов (2004). Сотимбой Турсунбоев.


Кирилл алифбосида мақола: ФАРҒОНА ТЕАТРИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ф ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
МУҚИМИЙ ТЕАТРИ
ФРАНЦИЯ
ЖИЗЗАХ ТЕАТРИ
НАМАНГАН ТЕАТРИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты