МУҚИМИЙ ТЕАТРИ

МУҚИМИЙ ТЕАТРИ, Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма театри — Ўзбекистоннинг йирик театрларидан бири. 1939 й. 30 ноябрда комик актёр М. Мироқилов ташаббуси билан Республика комедия ва сатира театри сифатида ташкил этилиб, фаолиятини «Бурунги қозилар ёки Майсаранинг иши» (Ҳамза) спектакли (реж. М. Мироқилов) билан бошлаган. Ижодий гуруҳ 45 кишидан иборат бўлиб, Миршоҳид Мироқилов — бадиий раҳбар, Ф. Умаров, Б. Хўжаев — реж. лар; М. Кузнецова, С. Хўжаев, А. Бакиров, М. Ёқубова, М. Холмуҳамедов, А. Болтаев, О. Фаёзова, А. Юсупов, У. Абдуллаев, М. Ғофуров, М. Миртолипов, 3. Шерматова сингари актёрлар ташкил этди. «Ўжар хоним» (Лопе де Вега), «Ошиклар» (Б. Халил), «Қозихона» (Ғ. Ғафуров) каби спектакллар театрнинг дастлабки спектакллари бўлди.

1940 й. театр мусиқали драма ва комедия театри номи билан қайта ташкил бўлди. Т. Жалилов — бадиий раҳбар, А. Азимов — бош реж. этиб тайинланди.

Театрнинг биринчи катта иши «Тоҳир ва Зуҳра» (С. Абдулла; Т. Жалилов, 1941) мусиқали драмаси бўлди. Халқ бадиий анъаналарига яқинлиги билан ажралиб турган бу спектаклнинг ютуғи миллий мусиқа мероси намуналарида ва Т. Жалиловнинг ўзига хос оригинал куйларида намоён бўлди. 2-жаҳон уруши даврида театр ўзбек халқининг фронт орқасидаги мардонавор меҳнати ва жасорати хақида ҳикоя қилувчи «Қурбон Умаров» (С. Абдулла, Чустий; Т. Жалилов), «Қасос» (Ш. Туйғун, А. Умарий; Ю. Ражабий, Б. Надеждин), «Офтобхон» (К. Яшин; X. Тўхтасинов) каби спектакллар билан ўз репертуарини бойитди. Ўша йиллар сахналаштирилган «Нурхон» (К. Яшин; Т. Жалилов) ўзбек мусиқали драма жанрининг юксак намунасига айланди.

Урушдан кейинги йиллар театр репертуарида кичик мавзуларга мурожа-ат этиш, сохта жўшқинлик кайфияти етакчилик қилди. Спектакллар саҳналаштириш ва ижро маҳорати жиҳатидан анча саёзлиги натижасида театр мавкеи анча тушиб кетди ва кўпгина ижодкорлар театрни ташлаб кетди. 40-й. ларнинг охири — 50-й. ларнинг бошларига келиб театр ҳаёти анча жонланди, чунки театр 1948 й. Тошсовет номидаги Янгийўл мусиқали драма театри билан бирлаштирилди ва театр жамоаси янги бинога кўчиб ўтди.

Театрнинг ижодий таркиби Р. Ҳамроев (1959—76 й. лар бош. реж.), Ҳ. Умаров, М. Исроилов, У. Қорабоев, М. Орифбоев, кейинчалик С. Пўлатов, Б. Ихтиёров, Ҳ. Шарипов, М. Ихтиёрова, Н. Пўлатова, Ф. Аҳмедов, Т. Назарова, М. Миртолипов, В. Райкова каби актёр ва реж. лар билан мустаҳкамланди. Натижада «Алпомиш» (С. Абдулла; Т. Жалилов), «Фарҳод ва Ширин» (К. Яшин; Ю. Ражабий, Г. Мушель), «Муқимий» (С. Абдулла; Т. Жалилов, Г. Мушель), «Сурмахон» (Б. Раҳмонов; Т. Жалилов, Л. Степанов), «Рав-шан ва Зулхумор» (К. Яшин; Т. Жалилов, Г. Мушель) сингари спектакллар билан театр ўз мавқеини кўтариб олди.

50 — 60-й. ларга келиб мусиқали драмалар яратишда нафақат бастакорлар, балки композиторлар ҳам фаол қатнаша бошладилар. «Олтин кўл» (Уйғун; М. Левиев), «Ватан ишқи» (Ш. Саъдулла, 3. Фатхуллин; С. Бобоев), «Тошболта ошиқ» (Ҳ. Ғулом; М. Левиев), «Момо ер» (Ч. Айтматов; И. Акбаров), «Нодира» (X. Раззоқов; К. Жаб-боров, С. Ҳайитбоев) ва б. шулар жумласидан. Бу спектакллардан кейин турли мавзудаги асарларни мусиқий ва саҳна талқинини ҳал этишда театрнинг ижодий имкониятлари кенглиги намоён бўлди. Шу даврда яратилган энг яхши спектаклларнинг саҳна юзини кўришида Маннон Уйгур, Я. Бобожонов, М. Муҳамедов, 3. Қобулов, Э. Юнгвальд-Хиль-кевич, Р. Ҳамроев, М. Миртолипов каби реж. лар, Ф. Шамсутдинов, Н. Гинзбург, Ф. Назаров, Г. Дониях сингари дири-жёрлар, Г. Визель, Ш. Шорахимов, 3. Ғойибов, П. Коваль ва б. рассомлар, В. Губская, Е. Барановский, Н. Гордон, Р. Ваҳобов, Р. Каримова каби балетмейстерларнинг хизматлари катта бўлди. Ички кечинмаларни етказиш билан бирга хонандалик ва драматик маҳорат уйғунлиги Х. Аҳмедов, М. Ғафуров, Ф. Раҳматова, Э. Жалиловалар ижросида, ифода воситаларининг ҳис-туйғуга тўлалиги, бир образдан иккинчи образга тез ута билиш санъати Л. Саримсоқовада, бетакрор колорит, ўзига хос халқ юмори б-н йуғрилган ижро С. Хужаевда, киноя, яхлитлик, ижро маданияти Ҳ. Умаровда ало-хдда ажралиб турди.

70—80-й. ларга келиб театрнинг муваффақиятли спектакллари асосан таржима асарлардан иборат бўлди. «Қонли тўй» (Гарсия Лорка; И. Акбаров), «Режа» (Р. Тагор; М. Бафоев), «Прометей» (Ю. Марцинкявичус; М. Бафоев), «Жон қизлар» (К. Шанғитбоев, К. Бой-сеитов; А. Муҳамедов), «Малиновкада тўй» (Л. Юхвид; Б. Александров), «Момо ер» (Ч. Айтматов; И. Акбаров), «Ун иккинчи кеча» (У. Шекспир), «Хонума хоним» (А. Цагарели; Г. Канчели) каби мусиқали драмалар шулар жумласидан.

Мураккаб фалсафий мавзулар ёритилган бу спектаклларда мусиканинг роли кутарилиши билан бирга хор, балет Муқимий театри биноси. вазифалари кенгайтирилди, метафора, символика, шартли театр қулланмаларидан кенг фойдаланилди, шунингдек, бой саҳна композицияси, образлар талқинида мусиқий куп овозлилик қулланилди.

1972 й. дан театр Ўзбек давлат мусикий театрига айлантиридди. «Зулдир» (А. Иброҳимов; М. Бафоев), «ҳийлаи шаръий» (Р. Гунтекин; М. Маҳмудов) каби сатирик комедияларда мусиқада ҳам, актёрлар ижросида ҳам ҳазилмутойиба, узига хос уткир киноя, истеҳзо устунлик қилди. Лекин 70—80-й. лар тажрибаси шуни курсатдики, театр репертуари ўша даврда яратилган адабий асарлардан анча орқада қолиб кетди. Саҳна ривожланиши жуда паст бўлиб, мураккаб мавзулардан крчилди, маиший комедиялар яратишга, бир хил қолиддги спектакллар саҳналаштиришга эътибор қаратидци. Бунга катта авлод урнига келган ёш ижодкорларнинг мустақил ижодга ҳали тайёр эмасликлари сабаб бўлди.

80-й. лар охири — 90-й. ларнинг бошларида театр репертуарини кўпроқ эртак ва афсоналар эгаллади. «Гул ва Навруз», «Юсуф ва Зулайҳо», «Туяқуш бояқиш», «Шайтон ва муридлар» кабилар шулар жумласидан. Шунингдек, долзарб мавзулар, қайта қуриш ва қайта қуришдан кейинги давр ёритилган спектакллар хам саҳналаштирилди. Лекин спектаклларда ижтимоий ҳодисалар чуқур тахлил қилинмаган ҳолда, юзаки ҳал этилди. Замонавий маиший мавзу мусиқали комедиялар («Куёвлар конкурси», «Дилафрузга 4 ошиқ» ва б.) б-нгина чегараланиб қолди.

1993—94 й. лар театр репертуари «Бир кам дунё» (Т. Юнус, А. Юнус), «Тўйлар муборак» (Ў. Ҳошимов, О. Мухтор; М. Махмудов), «Тошкентга саёҳат» (Б. Дар-веш; Н. Халилов) ва б. мусиқали комедиялар билан бойиди. Бу спектаклларда халқ лирик куйлари, ҳазил, ўйинбоп қўшиклар асосий ўрин тутди. Ўша йилларда саҳналаштирилган «Нодирабегим» (Т. Тўла; Ф. Олимов), «Ҳар кимки вафо қилса» (Ҳ. Муҳаммад; А. Исмоилов, С. Хайитбоев, Муқимий театри Отажонов) каби спектаклларда тарихий мавзуга қайтиш, миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган йирик тарихий шахсларни гавдалантиришда театр сифат жиҳатига алоҳида эътибор берди.

1995—97-й. лар «Фотима ва Зуҳра» (Ў. Умарбеков; Ф. Олимов), «Оқибат» (Р. Маъдиев; Б. Умиджонов), «Девона» (Р. Маъдиев, Ф. Олимов) ваб. спектаклларда реалистик анъаналар таъсирчан мелодрамалар билан уйғунлашиб кетди.

Кейинги йилларда сюжет чизиғи ҳазил-мутойиба, кизиқчилик, актёрнинг янги топилмалари билан қоришиб кетган «Бу қандай бало» (Э. Юсуфалиев; Н. Халилов), «Суперқайнона» (С. Исмоилов; Ф. Олимов), шунингдек, «Туйдан кейин томоша» (Шукрулло; Н. Норхўжаев), «Тақдир» (Р. Маъдиев; Б. Лутфуллаев), «Ўлдинг, азиз бўддинг» (X. Хурсандов; Ф. Олимов) каби бир қанча муваффақиятли спектакллар саҳналаштирилди.

Бугунги кунда театр изланишда, ҳаракатда, Ф. Раҳматова, М. Ихтиёрова, С Пўлатов, Н. Пўлатова, Д. Сафоева, М. Ёқубова, М. Қаюмова, А. Мирзаевалар билан бир қаторда Р. Солиҳов, Т. Бекназаров, М. Салимов, Т. Пиржонов, X. Тўхтаев, 3. Бойхонова, Б. Холмирзаев, М. Бекжонова, А. Бекжонов, Н. Рустамов, Г. Рустамова, Д. Узоқов каби ёшлар ҳам театрнинг етакчи актёрларидир.

Театрнинг бош реж. и — Баҳодир Назаров, бош дирижёр — Жўра Ортиқов, бош балетмейстер — Шокир Ахмедов.

Муқимий театри биноси қад. ва замонавий меъморлик услубларини ўзаро уйғунлаштириш асосида барпо этилган (1943, безаклари —1951, меъморлар Д. Хазанов, В. Тихонов; муҳандис А. Рабинович; халқ усталари Ю. Мусаев, М. Қосимов, Уста Ширин, Ш. Ғофуров, Уста Мўмин ва б. қатнашган). Бош тарзи 3 равокли, пештоқли, тепаси шарафали. Пештокининг 2 ёнига ганчкори панжарали намоён ишланган. Уста Юсуфали дахлиз залларини қобирғали гумбазлар билан кўтарган, устунлар орасига устма-уст равоқлар ўрнатиб, интерьери ганч ўймакорлигида безатилган. Уста Мўмин томоша зали деворига узум ва унинг барглари тасвирини ганчга ўйиб ишлаган, фойесида эса гуллаётган ўрик дарахти тасвирланган. Томоша зали 800 томошабинга мўлжалланган. Мустақиллик йилларида театр илк бор реконструкция қилинди.

Марфуа Ҳамидова.


Кирилл алифбосида мақола: МУҚИМИЙ ТЕАТРИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: М ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ФРАНЦИЯ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ЎЗБЕК МИЛЛИЙ АКАДЕМИК ДРАМА ТЕАТРИ
ҲИНДИСТОН
ФАРҒОНА ТЕАТРИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты