ФИЗИОЛОГИЯ (юн. physis — табиат ва…логия) — организмлар ва улар қисмлари, системалари, органлари, тўқималари ва ҳаёт фаолиятини ўрганадиган фан. Ўрганиш объектига биноан, одам (қ. Одам), ҳайвонлар (қ. Ҳайвонлар физиологияси) ва ўсимликлар физиологиясига бўлинади (қ. Ўсимликлар физиологияси). Ф. анатомия, цитология, гистология ва, айниқса, биокимё ҳамда биофизика билан узвий боғланган; у физиологик жараёнларни. тушунтири ища кимёвий ва физик методлар ҳамда тушунчалардан фойдаланади. Физиология — психология, тиббиёт ва ветеринария фанларининг назарий асоси. Физиология умумий, солиштирма (эволюцион) ва хусусий (амалий) Физиологияга бўлинади. Умумий Физиология барча тирик материя фаолиятининг асосий қонуниятлари, унинг ташқи муҳит таъсирига . жавоб реакциясини, тирик объектларнинг нотирик табиатдан фарқ қиладиган хусусиятларини ўрганади. Солиштирма Физиология ҳайвонлар организми физиологик функциясини филогенетик (қ. Филогенез) ва хусусий ривожланиш (қ. Онтогенез) орқали ўрганади. Хусусий Физиология организмлар, биринчи навбатда одам организми ҳаёт фаолиятининг қонуниятларини ташқи муҳит шароити б-н боғлаб ўрганади. Шу сабабдан хусусий Физиология меҳнат физиологияси, спорт Ф. си, ёш Физиологияси, овқатланиш Ф. си, космик Физиология каби фанларга ажратилади. Соғлом организмда кечадиган жараёнларни ўрганадиган нормал Физиология ва касал организмдаги жараёнларни ўрганадиган патологик Физиология хам фарқ қилинади.
Ф, — экспериментал фан. Физиологик тадқиқотлар ўткир (вивисекция, ажратилган органлар, перфузия методлари) ёки сурункали экспериментлар (шартли рефлекслар методи, фистула қўйиш, трансплантация, электродлар киритиш ва б. методлар) ёрдамида ўтказилади.
Яхлит организм функциясини ўрганишда электроэнцефалография, электрокардиография, миография, биотелеметрия методларидан фойдаланилади.
Физиология соҳасидаги дастлабки маълумотлар тиббиёт билан боғланган бўлиб, қадимдан маълум. Гиппократ ишларидаёқ организмдаги суюклик, суюқ ва қуюқ моддалар нисбати тўғрисида хабар берилади. Аристотель «Ҳайвонлар қисмлари тўғрисида»ги асарида бир қанча ички органлар функцияси тўғрисида ёзади. Гален ишларида Физиологияга катта аҳамият берилган. У. нерв системаси, юрак ва б. органларнинг умумий функцияси тўғрисида маълумот беради. Уйғониш даврида дастлаб организмлар ҳар хил системаларининг анатомик тузилиши, кейинчалик физиологик функцияси жадал ўрганила бошланди А(. Визалий, М. Мальпиги ва б. ишлари). Ҳайвонлар устида кенг миқёсда тадқиқотлар олиб борилиши натижасида У. Гарвей кон айланиш системасини очди (1628); Р. Бойл ҳайвонлар ҳаётида ҳавонинг аҳамиятини кўрсатиб берди (1660); А. Лавуазье бу жараёнда кислороднинг аҳамиятини аниқлади ва ҳосил бўладиган иссиқлик миқдорини ўлчади (1775). Р. Декарт мия функциясининг қайтариш (рефлекторлик) хусусияти тўғрисида ўз фикрини билдирди (1649); унинг бу фикрини 2 асрдан сўнг франция олимлари Ж. Легаллуа, П. Флуранса, Ф. Мажанди, инглиз олими М. Холл ва Ч. Белла тажрибалар орқали тасдиклашди. Физиологиянинг ривожланишида Л. Галванининг организмлардаги биоэлектрик жараёнларни кашф этиши катта аҳамиятга эга бўлди. Бу кашфиёт туфайли замонавий электрофизиологияга асос солинди.
19-а. дан бошлаб физика, кимё ва умумий биол. соҳасидаги кашфиётлар (тўқималарнинг ҳужайравий тузилиши ва эволюцион таълимотнинг яратилиши) туфайли организмлар функциясини батафсил ўрганиш бошланди. 19-а. да миянинг рефлекторлик фаолияти механизмини ўрганишга асос солинди; бу борада И. М. Сеченовнчнг марказий тормозланиш табиатини ўрганиш соҳасидаги ишлари катта аҳамиятга эга бўлди; бош мия катта яримшарлари пўстлоғининг сенсорлик ва ўтказувчанлик функциялари тўғрисида далиллар олинди (немис олимлари Г. Фрича, Э. Гитцига ишлари); эшитиш ва кўриш таълимотлари яратилди (немис олимлари Г. Гельмгольц, Э. Геринг); нафас олиш ва юрактомир фаолиятининг нерв регуляцияси аниқланди (инглиз олими К. Бернар, немис олими К. Людвич, украин олими В. Я. Данилевский, А. А. Миславский ишлари); овқат хазм қилиш фаолиятининг ферментатив механизмлари, уларнинг нерв ва гуморал бошқарилиши йўллари очиб беридци (немис олими Р. Гейденгайн, рус олими И. П. Павлов); ички секреция безлари кашф қилинди ва физиологик функцияларнинг бошқарилишида гормонлар аҳамияти очиб берилди (француз олими Ш. БроунСекар); қоннинг транспорт ва ҳимоя функцияси кўрсатилди; организм ички муҳитининг доимийлиги (гомеостаз) ва унинг механизмлари тўғрисидаги тушунчалар шаклланди (К. Бернар, И. И. Мечников).
20-а. да физиологик экспериментларда электрон кучайтиргичлар, катодли осциллографлар, электрон микроскоп ва б. дан фойдаланиш туфайли физиологик функцияларни тадқиқ қилиш имкониятлари кенгайди. Бунинг натижасида ҳужайрада кечадиган ва организм барча функцияси асосини ташкил этадиган жараёнларни бевосита ўрганиш мумкин бўлди. Хусусан, ташқи қўзғатувчилар рецепциясининг ҳужайра механизми, нерв импульсларининг пайдо бўлиши ва тарқалиши, синаптик ўтказиш ва тормозланиш табиати; мускул қисқариши ва секреция механизмлари аникланди; рецепторлардан марказий нерв системасига узатиладиган сигналларнинг кодланиши ва узатилиши, нерв марказига етиб келадиган ахборотнинг ҳар хил даражада қайта ишланиши очиб берилди. И. П. Павлов ва шогирдлари шартли рефлекторлик ва онг асосини ташкил этадиган, бош мия олий бўлимларида кечадиган нерв жараёнлари умумий қонуниятларини кўрсатиб беришди. Ички секреция безлари функциясини ўрганиш туфайли Физиологиянинг мустақил сохаси — эндокринология пайдо бўлди. Гормонлар ва медиаторлар таркиби аниқланиб, кўпчилик гормонлар ва улар таъсирини тормозловчи моддаларнинг синтезланиши замонавий фармакологиянинг асоси бўлди. Нафас олиш, юрактомир, экскретор ва б. системалар функциясининг ҳужайра ва система механизмлари ҳам батафсил ўрганилди. А. М. Уголов ва шогирдлари томонидан озиқ моддаларнинг ичак мембранасида ҳазм бўлиши механизми очиб берилди.
Замонавий Физиологияда одам ва ҳайвонларнинг психик фаолияти механизмини ўрганишга катта эътибор берилмокда. Бу муаммони ҳал этишда бош мия яримшарлари функциясини батафсил ўрганиш, шартли рефлекслар нозик нейронал механизмларини тадқиқ қилиш катта аҳамиятга эга. Ҳоз. уйқу, эмоционал ва экспериментал неврозлар механизми устида ҳам тадқиқотлар олиб борилмоқда. Турли сенсор системаларнинг ахборотни қабул қилиши, узатиши ва қайта ишлашини ўрганишда олинган маълумотлар нутқнинг шаклланиши, уни тушуниб олиш, кўрилган образлар ва эшитилган товуш сигналларини фарклаш механизмини билишга ёрдам беради. Одам турмуши ва меҳнат шароитига турли экстремал омиллар (эмоционал стресс, иқлим ва б.) таъсирини ва мухит шароитига организм мослашувини тадқиқ қилиш ҳам бугунги Физиологиянинг вазифасига киради. Мия хотира функциясига таклид қиладиган моделларнинг яратилиши замонавий Физиологиянинг энг сўнгги ютуқларидан бири бўлди.
Ўзбекистонда Физиология соҳасидаги тадқиқотлар А. Ю. Юнусов, Б. О. Тошмуҳамедов, И. В. Данилов, А. И. Израэл, А. С. Шаталина, З. Т. Турсунов ва б. номи билан боғлиқ. Физиология соҳасидаги асосий тадқиқотлар ўта ноқулай шароитга организмнинг мослашуви муаммоларини ўрганишга оид. Иссиқ иқлим шароити гиподинамика (кам ҳаракат), гипердинамика (кўп ҳаракат), оғриқ, етарли овқатланмаслик ва б. омилларнинг овқатнинг ичакда ҳазм бўлишига таъсири механизмининг очиб берилиши муҳим тадқиқотлардан ҳисобланади (К. Р. Раҳимов, Б. З. Зарипов, Ш. Қ. Қурбонов, Б. А. Содиқов, Э. С. Маҳмудов ва б.). Бир қанча ишларда ўт суюклигининг озиқ моддаларга таъсири (У. З. Қодиров), ичакдаги гидролитик ва транспорт системаси ривожланишининг она ва бола гормонал ҳолати билан боғликлиги кўрсатиб берилди (Л. С. Қўчқорова). Кейинги йилларда Физиология соҳасида ўзбек тилида бир қанча дарслик ва ўқув қўлланмалари яратилди (У. З. Қодиров, Ш. Қ. Қурбонов, К. Т. Алматов, Қ. Содиқов ва б.).
Ад.: Алматов К. Т., Одам ва ҳайвонлар физиологияси, Т., 2004; Қодиров У. З., Нормал физиология, Т., 1996.
Баҳодир Содиқов.