ГИСТОЛОГИЯ

ГИСТОЛОГИЯ (гисто… ва…логия) — одам ва ҳайвонлар организмининг тўқималари ҳақидаги фан. «Гистология» терминини биринчи бўлиб немис олими К. Майер таклиф этган. Гистология тўқима ва аъзоларнинг эволюцияси, ривожланиши (гистогенез), микроскопик ва ўта нозик тузилиши, кимёвий таркиби, вазифаси (гистофизиология), шунингдек, уларнинг тузилиши билан фаолияти ўртасидаги боғланишни ўрганади.

Гистология одам ва ҳайвонлар анатомияси, физиология, патологик анатомия, патологик физиология, биокимё, эмбриология ва бир қанча клиник фанлар билан чамбарчас боғланган. Гистологиянинг асосий бўлимлари: ҳужайралар ҳақидаги фан — цитология; тўқималар ҳақидаги фан — умумий Гистология ; аъзоларнинг микроскопик тузилиши ҳақидаги фан — хусусий Г. Замонавий Гистология мақсадлари ва текшириш усулларига қараб бир неча тармоққа бўлинади: ҳужайра, тўқима ва аъзолар ҳамда улардаги айрим структуралар (мас, коллаген, эластик толалар), ҳужайра органоидлари (митохондриялар, эндоплазматик тўр, Гольжи комплекси, лизосомалар ва ҳ. к.)нинг функцияси ҳақидаги таълимот — гистофизиология , ҳужайра ва тўқималар ривожланишининг турли босқичларида ҳамда ҳаёт фаолияти даврида рўй берадиган биокимёвий жараёнларни ўрганадиган цитокимё вагистокимё, ҳужайра ва тўқималарнинг энг нозик (субмикроскопик) тузилиши ҳақидаги таълимот — электрон микроскопия шулар жумласидандир. Бундан ташқари, нормал тўқима ва аъзоларнинг микроскопик тузилишини ўрганадиган тасвирий Гистология, тажриба (эксперимент) вақтида ҳайвон тўқималарида рўй берадиган морфологик ўзгаришларни текширадиган экспериментал Гистология, патологик ҳолатдаги тўқима ва аъзоларнинг морфологик ўзгаришларини ўрганадиган патогистология ҳам бор. Г. фанининг шаклланиши микроскоп такомили билан узвий боғланган. Биринчи энг оддий микроскопни голланд олими Гене Янсен ва ўғли Захариас 1591 й. кашф этган.

17—18-а. ларда Гистологияга оид маълумотлар қисман анатомияга, қисман физиологияга айрим боб бўлиб кирди. Гистология 19-а. дагина мустақил фан бўлиб майдонга келди. 19-а. нинг 30-й. ларида немис биологи Т. Шванн Гистология фанида эришилган ютуқлар ҳамда ўзи ясаган ахроматик микроскопдан фойдаланиб, ҳайвон ва ўсимликлар ҳужайралардан тузилган ва ҳужайралардан ривожланади, деган назария (ҳужайра назарияси)ни асослади. Шундан кейин Гистология тез ривожлана бошлади. Тўқималарни организмдан ташқарида ундириш, айрим тўқималарда жаррохлик операциялари ўтказиш усулларини жорий қилиш туфайли Гистологиянинг тадқиқот кўлами бойиди. Цитофотометрия, радиоавтография, ультрабинафша нурлар билан ўтказиладиган микроскопия, интерференцион микроскопия, дифференциал центрифугалаш, электрон микроскопик гистокимё ва б. замонавий усулларнинг қўлланилиши текширилаётган бирикмаларнинг жойлашувинигина эмас, балки уларнинг миқдорини организмнинг нормал ҳаёт фаолияти жараёнида ва патологик жараёнларнинг тараққий этишини ўрганишга имкон берди. Гистология юксак назарий ва амалий ахамиятга эга бўлган фанлар қаторига киради. Сўнгги вақтда электрон микроскоп ёрдамида тўқима, ҳужайраларнинг ўта нозик тузилишини ўрганиш усули кенг ривож топди. Тошкент давлат тиббиёт ин-ти (1-ТошТИ) олимлари (Ўзбекистан ФА нинг акад. КЛ. Зуфаров, проф. лар В. М. Гонтмахер, А. Й. Йўлдошев ва б.) самарали илмий изланишлар олиб бориб, 1987 й. да муҳим илмий кашфиёт қилдилар. Улар дунёда биринчи марта гўдак болаларда ичак орқали сўрилган экзоген оқсил моддалар буйракда парчаланишини ва қайта сўрилишини исботлаб, педиатрия, диетология, нефрология, фанларининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшдилар.

Гистология тиббиёт, чорвачилик ва ветеринариянинг долзарб муаммолари билан узвий боғланган ҳолда ривожланмоқда.

Лд.: Зуфаров К. А. и др., Атлас Эл«ектронная микроскопия органов и тканей», Т., 1971.

Комилжон Зуфаров.


Кирилл алифбосида мақола: ГИСТОЛОГИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Г ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



БИОЛОГИЯ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ҲУЖАЙРА
БИОКИМЁ
АНАТОМИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты