ФИНЛЯНДИЯ

ФИНЛЯНДИЯ (финча Suomi, шведча Finland) , Финляндия Республикаси (финча Suomen Tasavalta, шведча Republiken Finland) — Шим. Европада жойлашган давлат. Майд. 337 минг км2. Аҳолиси 5,186 млн. киши (2002). Пойтахти — Хельсинки ш. Маъмурий жиҳатдан 5 ляни (губерния) га бўлинади. 1991 й. дан ўзини ўзи бошқариш мақомини олган Аланд о. лари бу ҳисобга кирмайди.

Давлат тузуми. Финляндия — суверен республика. Амалдаги конституцияси 2000 й. 1 мартда кучга кирган. Давлат бошлиғи — президент (2000 й. дан Тарья Халонен хоним), у тўғри ва яширин овоз бериш йўли б-н мамлакат фуқаролари томонидан 6 й. муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни 1 палатали парламент, ижрочи ҳокимиятни президент билан ҳукумат биргаликда амалга оширади.

Табиати. Ботния, Фин қўлтиқлари ва Болтик, денгизи соҳиллари кўпгина бухта ва шхерлар (сув остидаги ва сувдан чиқиб турадиган қоялар) билан парчаланган. Ҳудудининг аксар қисми денгиз сатҳидан 100—200 м пастда ётувчи текислик. Марказий қисмидаги кўллар атрофи ҳамда шим. ва шарқида тепалик ва қирлар бор. Шим. ғарбида Скандинавия тоғларининг тармоқлари жойлашган (энг баланд жойи 1365 м — Халтиатунтури чўққиси). Фойдали қазилмалардан хромит, темир, мис колчедани, мисникель, полиметалл рудалар, апатит, графит, магнезит, асбест, тальк, мармар, мусковит конлари бор, торф қазиб олинади. Иқлими мўътадил, шим. да континентал иклим. Болтиқ денгизи ва Гольфстрим оқимининг яқинлиги иқлимга юмшатувчи таъсир қилади. Ўртача т-ра фев. да —3° дан — 14° гача, июлда 14° дан 17° гача. Йиллик ёғин 600 — 700 мм. Даре кўп, қисқа, серсув, серостона. Йириклари — КемиЙоки, КюмиЙоки, КокемяэнЙоки, ТорниоЙоки. 60 мингга яқин кўл бор (мамлакат ҳудудининг 8%), йирик кўли — Сайма. Ботқоқ кўп. Ҳудуднинг 61% ўрмон, асосан, игна баргли дарахтлар, жан. даги подзол, глейподзол, торфли ботқоқ тупрокларда аралаш ўрмонлар, шим. да тоғ тундраси. Йирик миллий боғлари — Лемменйоки, ПалласОунастунтури, Оуланка ва б. Ф. да 18 қўриқхона бор.

Аҳолисининг 93%дан кўпроғи финлар. Жан. ва ғарбий рнларда шведлар, шим. да саамлар яшайди. Расмий тиллар — фин ва швед тиллари. Диндорларнинг аксарияти лютерчилар, православлар ҳам бор. Шаҳар аҳолиси 65,1%. Йирик шаҳарлари: Хельсинки, Тампере, Турку, Эспо.

Тарихи. Мил. ав. 3—2минг йилликларда Финляндия ҳудудида ҳоз. саам (лопар) ларнинг аждодлари яшаган. 1минг йиллик бошларида бу ерга Болтик, бўйидаги фин қабилалари кўчиб келиб, маҳаллий аҳоли билан қўшилиб кетган ва натижада фин элати шаклланган. 12 — 13-а. ларда Финляндия ҳудудини шведлар истило қила бошлади. 19-а. бошларига келиб у бутунлай Швеция қўл остига ўтди. Ammo фин деҳқонлари шахсий озодликни қўлдан бермадилар. 1808 — 09 й. лардаги РоссияШвеция урушидан сўнг Финляндия ҳудуди Буюк Финляндия князлиги тарзида Россия таркибига қўшиб олинди. Финляндияни Россия подшоси тайинлаган генералгубернатор (1816 й. дан сенат раиси) бошқарди. Ун га ички маъмурий мухторият билан бирга иқтисодий мухторият ҳам берилди. 19-а. нинг 20-й. ларидан Финляндияда иқтисодий юксалиш тезлашди. Ёғоч тилиш саноати, қ. х. да сут чорвачилиги ривожланди. Россия ва Ғарбий Европа мамлакатлари б-н савдо-сотиқ жонланди, 1860 й. дан уз пули жорий этилди. 19-а. нинг 2ярмида пултовар муносабатлари қарор топди. Фин миллати шакллана борди. 80-й. ларнинг ўрталарида подшо ҳукуматининг Финляндия мухторияти ҳуқукларига тажовузи кучайди. Фин халқи ўз миллий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш учун кураш бошлади. Дастлабки сиёсий ташкилот ва партиялар тузилди. 1916 и. парламент сайловида Финляндия социалдемократик партияси ғалаба қозонди. 1917 й. 6 (19) дек. да Финляндия сейми мустақиллик ҳақида декларация қабул қилди. 1919 й. Ф. республика деб эълон қилинди. 1939 и. Ф. га СССР қўшинлари ҳужум қилди. 1939 — 40 й. «қишки уруш»да финлар қаттиқ қаршилик кўрсатишига қарамай, Финляндия ўз ҳудудининг бир қисмидан мақрум бўлди. 2-жаҳон уруши йилларида фашистлар Германияси томонида бўлди. 1944 й. урушдан чиқди. Урушдан кейин мамлакат ўзини бетараф деб эълон қилди. Финляндия — 1955 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР суверенитетини 1991 й. 30 дек. да тан олган ва 1992 й. 26 фев. да дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрами — 6 дек. — Мустақиллик куни (1917).

Асосий сиёсий партиялари ва бирлашмалари, касаба уюшмалари. Ф. сўл иттифоқи, Финляндия компартияси (1918 й. тузилган) билан Финляндия халқи демократик иттифоқи (1944 й. тузилган) нинг қўшилиши натижасида 1989 й. ташкил этилган; Либерал халқ партияси, 1965 й. тузилган; Миллий коалицион партия, 1918 й. асос солинган; Ф. қишлоқ партияси, 1959 й. ташкил этилган; Ф. социалдемократик партияси, 1899 й. тузилган; Кўкатпарварлар иттифоқи, 1987 й. асос солинган; Ф. Маркази, 1906 й. ташкил этилган; Ф. Христиандемократик партияси (1958 й. Ф. Христиан иттифоқи номи б-н ташкил этилган, 2001 й. дан ҳоз. номда); Швед халқ партияси, 1906 й. тузилган. Финляндия касаба уюшмалари марказий ташкилоти, 1907 й. да ташкил этилиб, турли номлар билан юритилган, 1969 й. дан қоз. номда.

Хўжалиги. Финляндия — юксак даражада ривожланган индустриалаграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 32%, қ. х., ўрмон ва балиқ хўжалигиники 5%, хизмат кўрсатиш соҳасиники 63%.

Саноати, асосан, экспортга мосланган бўлиб, ўрмон, металлургия, машинасозлик (ёғочсозлик, целлюлозақоғоз саноати ва кемасозлик учун асбобускуналар и. ч., электротехника ва радиоэлектроника), ёғочсозлик ва целлюлозақогоз (тилинган ёғоч, қоғоз, картон, фанер и. ч.), қора ва рангли металлургия, электр энергетикаси, нефтни қайта ишлаш, кимё, тўқимачилик, тикувчилик, озиқ-овқат саноатнинг етакчи тармокларидир. Финляндиянинг ёқилғиэнергетика ресурслари етарли эмас, қаттиқ ва суюқ ёқилғининг аксар қисми чет эллардан келтирилади. Электр энергиянинг 1/6 ГЭСларда, 1/3 АЭСларда ҳосил қилинади. Йилига ўртача 66,8 млрд. кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади. Темир, мис, қўрғошинрух, никель, хром рудалари, кобальт, ванадий, графит, пирит ва б. қазиб олинади. Pax ва Хяменлинна ш. ларидаги металлургия з-дларида чўян ва пўлат, Харьявалта ва Пори ш. ларида мис ва никель, Кокколада рух эритилади. Торниодаги з-дда хром рудаси қайта ишланиб, концентрат ҳосил қилинади. Тампере, Раума, Лахти, Васа, Кархулада машинасозлик, Хельсинки, Турку, Порво, Салода йўл қурилиши ва қурилиш ишлари учун механизмлар, кўтарматранспорт ускуналари, электрон ва телефон аппаратлари ишлаб чиқарилади. Ўрмон, айниқса, ёгочсозлик ва целлюлозақоғоз саноатининг экспортдаги улуши катта. Ўрмон саноатининг асосий марказлари — Котка, Кеми ва Пори. Четдан келтириладиган хом ашё негизида нефтни қайта ишлаш саноати ривожланган (Нантали, Порво). Кимё ва нефть кимёси саноатида пластмасса, минерал ўғит, синтетик материаллар, бўёқ, хлор, олтингугурт кислотаси ва б. ишлаб чиқарилади. Ойна, чинни, кўнпойабзал, тўқимачилик, тикувчилик саноати ривожланган. Озиқ-овқат саноати, айниқса сут саноати маҳсулотининг бир қисми экспорт қилинади.

Қишлоқ хўжалигида фермерлик типидаги майда ва ўрта ер эгалиги устун. Қ. х. га яроқли ерлар мамлакат ҳудудининг 8%ни ташкил қилади. Сутгўшт чорвачилиги — қ. х. нинг етакчи тармоғи. Қорамол, чўчқа, қўй, от, парранда боқилади. Деҳқончиликда буғдой, ем учун жавдар, арпа, сули, техника экинларидан қанд лавлаги, шунингдек, картошка, пичанбоп ўт экилади. Даррандачилик (норка, кулранг тулки, шим. тулкиси), буғучилик, балиқ овлаш ривожланган. Ўрмон хўжалиги — мамлакат иқтисодиётининг қад. тармоғи. Финляндияда 18 млн. гектардан ортиқ ўрмон бор, йилига 50—55 млн. м3 ёғоч кесилади.

Транспортида т. й. узунлиги 5,9 минг км, автомобиль йўллари уз. 77,7 минг км. Асосий денгиз портлари: Хельсинки, Турку, Котка. Швеция, Эстония, Польша, Германия билан паром орқали қатнов йўлга қўйилган. Четга целлюлозақоғоз, ёғочсозлик, машинасозлик, кемасозлик, кимё, озиқ-овқат, енгил саноат маҳсулотлари ва б. чиқаради. Четдан хом ашё ва чала тайёр маҳсулотлар, ёқилги ва мойлаш ашёлари, кенг истеъмол моллари ва б. олади. Россия, Германия, Швеция, Буюк Британия, АҚШ билан савдо қилади. Пул бирлиги — фин маркаси.

Тиббий хизмати. Врачлар Хельсинки, Турку ва Оулу ун-тларининг тиббиёт фтларида, тиббий ҳамширалар тиббиёт мактабларида тайёрланади. Хельсинкида ветеринария коллежи бор.

Маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. Мактаб дарслари фин ёки швед тилларида ўтилади. Давлат мактаблари билан бирга хусусий мактаблар ҳам бор. 1968 й. қонунига биноан, ягона умумий таълим тизимига ўтиш 1980 й. да ниҳоясига етказилди. Мажбурий таълим — 9 й. лик. Мажбурий мактаб негизида 3 й. лик катта ўрта мактаб ташкил этилган. Давлат, муниципал ва хусусий ҳунар билим юртлари ва мактабларида қуйи хунартехника таълими, техника, пед., тижорат интларида ўрта махсус таълим берилади. 22 олий ўқув юрти, шу жумладан, 11 ун-т бор. Йириклари: Хельсинки ун-ти (1640), Тампередаги ун-т, Туркудаги Швед ун-ти (Або Академия), Тампере, Хельсинки ва Лаппенранта ш. ларидаги техника ун-тлари. Олий тижорат мактаблари ва б. мавжуд. Бундан ташқари, бир қанча махсус олий ўкув юртлари: Я. Сибелиус номидаги мусика академияси, 4 та чет тиллар ин-ти ва б. бор. Финляндияда жами 400 и. т. муассасаси ва жамият бўлиб, шундан 40 таси, жумладан, техника тадқиқотлари маркази (1942), қ. х. илмий тадқиқот маркази (1898), целлюлозақоғоз саноати марказий лаб., ўрмон генетикаси (1968) ва ўрмон муҳофазаси (1972) и. т. институтлари давлатга қарашли. Олий ўқув юртлари ҳузурида 50 дан ортиқ и. т. института ва лаб. бор.

Йирик кутубхоналари: Хельсинки унтининг кутубхонаси (1640), Хельсинки шаҳар кутубхонаси (1860), Парламент кутубхонаси. Миллий музей, шаҳар музейи, Хельсинки ун-тининг зоол. музейи, Ботаника боғи, Туркуда тарих музейи, Тасвирий санъат музейи, Я. Сибелиус музейи, Марианхаминда Кема қатнови музейи ва б. мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Финляндияда бир қанча газ. ва жур. нашр этилади. Йириклари: «Аамулехти» («Тонгги газета», кундалик мустақил газ., 1881 й. дан); «Илтасаномат» («Оқшом газетаси», кундалик кечки газ., 1932 й. дан); «Суоменмаа» («Суоми эли», кундалик газ., 1908 й. дан); «Турун пяйвялехти» («Турку кундузги газетаси», кундалик газ., 1898 й. дан); «Хельсингин саномат» («Хельсинки янгиликлари», кундалик газ., 1889 й. дан); «Хювюдстадсбладет» («Пойтахт газетаси», швед тилида чиқадиган кундалик газ., 1864 й. дан); «Кансан лехти» («Халқ газетаси», кундалик газ., 1899 й. дан); «Маасеудун тулевайсуус» («Қишлоқ истиқболи», ҳафтасига 3 марта чиқадиган газ., 1971 й. дан); «Me найсет» («Биз — аёллар», хотинқизлар учун ҳафталик жур., 1952 й. дан); «Финляндия сегодня» («Бугунги Финляндия», рус тилида чиқадиган жур., 1982 й. дан); «Юхтейсхювя» («Муштарак манфаат», ҳафталик жур., 1905 й. дан). Фин телеграф бюроси — ФТБ, 1887 й. тузилган, фин газ. лари, радио ва телевидениесининг акциядорлик жамияти. Радиоэшиттиришлар 1926 й. дан, телекўрсатувлар 1956 й. дан олиб борилади. «Флейсрадио», фин радиоси ва телевидениеси давлат маҳкамаси 1926 и. ташкил этилган. 1934 й. дан давлат назоратида.

Адабиёти. Фин ёзуви 1521 й. Ф. да бошланган Реформация ҳаракати таъсирида вужудга келди. Реформация намояндаси М. Агрикола 16-а. ўрталарида босма китоблар нашр эта бошлади ва 3 аср давомида аксар диний китоблар босилди. 19-а. адабиёти фин халқининг шведлар зулмидан озод бўлиб, миллат сифатида шаклланиши, маърифатпарварлик ғояларини тарғиб қилиш билан боғлиқ равишда ривожланди. 1830 й. Хельсинкида «Шанбалик суҳбати» адабийфалсафий тўгараги вужудга келди. Тугарак аъзолари бир йил ўтиб «Фин адабиёти жамияти»ни туздилар (ҳозир хам мавжуд). Фольклоршунос Э. Лёнрот (1802— 84) халқ эпоси «Калевала»ни нашр эттирди. Шоир Й. Л. Рунеберг, файласуф, публицист ва танқидчи Й. В. Снельман адабиёт ривожига катта ҳисса қўшдилар. Янги фин адабиётининг асосчиси, илк миллий драма ва романлар муаллифи А. Киви адабиётда янги реалистик анъаналарни бошлаб берди. Ц. Топелиус тарихий романлар, Ю. Векселль шеър ва пьесалар, К. Р. Крамсу ижтимоий мавзуда шеърлар езди. Минна Кант, Ю. Ахо, А. Ярнефельт, К. А. Лейно ва б. ёзувчилар халқ ҳаёти ва, айниқса, аёлларнинг аянчли тақдирини ҳаққоний тасвирлаб бердилар. 20-а. бошларида турли адабий оқимлар юзага келди. А. Э. Лейно, Л. Онерва, В. Килпи янги реализм йўлидан борди, М. Лассила ҳажвий қисса ва комедиялар яратди, И. Кианто, М. Йотуни, Й. Лехтонен умидсизлик кафиятига берилди. 2-жаҳон урушидан кейин А. Эйкий, М. Ларни, В. Линна, П. Ринтал, В. Мери романларида ижтимой муаммолар асосий ўринда турди. Хелла Вуолийокининг ҳаққоний пьесалари фин драматургиясининг муҳим ютуғи бўлди. 1897 й. дан Финляндия ёзувчилар уюшмаси мавжуд. Меъморлиги ва тасвирий санъати қад. анъаналарга бой. Неолит даврига мансуб қоятош расмлари, тош пичоқ, суякдан ясалган асбоблар, сопол идишлар сакланган. Мил. 13—15а. лардатошдан сарой ва арклар қурилган (Савонлинна яқинидаги Олавинлинна қалъаси, Туркудаги қасрлар ва б.). 14— 16-а. ларда тошдан, 17—18-а. ларда халқ меъморлиги услубида ёғочдан черковлар барпо этилган (Торнио ва Кеурудаги черковлар). 19-а. ўрталарида меъморликда миллий романтизм оқими ҳукмрон бўлди (Хельсинкидаги вокзал биноси, меъмор Э. Сааринен), 19 а. охири — 20-а. бошларида «модерн» услуби раем бўлди. 2-жаҳон урушидан кейин бинолар замонавий қурилиш конструкцияларидан фойдаланиб тиклана бошлади, айниқса, жамоат бинолари зўр маҳорат билан барпо этилди. А. Аалто, Р. Пиетиля, А. Эрви каби меъморлар содда меъморий шакллар асосида жозибадор композициялар яратдилар (Сейнятсало ш. нинг маъмурий маркази, Хельсинкидаги ишчилар маданият уйи, «Финляндия» саройи, «Президент» меҳмонхонаси б.).

14—15-а. лардаги ўрта асрлар маҳобатли рангтасвирида халқ наққошлиги ривожланган (Хаттула, Тайвассиладаги черков деворларига ишланган расмлар). 18-а. да М. Топпелиус маҳобатли рангтасвир соҳасида шуҳрат қозонди. Шу даврда Финляндияда дунёвий дастгоҳ рассомлиги жанрлари оммалашди (И. Ваклин портретлари, Н. Шильмарк манзара ва натюрмортлари). 19—20-а. ларда фин тасвирий санъат мактаби шаклланди, халқ ҳунармандчилиги, ёғоч ўймакорлиги, ўрта аср маҳобатли рангтасвир анъаналари қайта тикланди. 20-а. ўрталарида В. Аалтонен ҳайкалтарошликда шуҳрат қозонди. Замонавий рассомлардан М. Коллин, А. Канерва, В. Вионойя, С. Грёнвалл; графиклардан В. Аскола, И. Коллиандер, Т. Тапиовара; ҳайкалтарошлардан А. Тукиайнен, Р. Утриайнен, Л. Пуллинен, Э. Хилтунен; плакат ва дизайн усталаридан И. Тапиовара, М. Куясалолар машҳур. Халқ санъатида мато ва гилам тўқиш, металл идишлар ясаш ривож топган.

Мусиқаси халқ мусиқий анъаналари асосида ривожланиб келди. Халқ қўшиқлари (рун, ёйку ва б.) ҳозиргача миллий мусиқа фольклорида ижро этилади. Меҳнат, маросим, ҳазил, севги қўшиқлари, рақс билан бирга ижро этиладиган лапарлар кенг ёйилган. Чолғу асбоблари: кантеле (торличертма), йо Ухикко (торлика монли), туохиторви (пуфлама); 19-а. дан кларнет ва скрипка, 20-а. дан гармон оммалашди. Профессионал мусиқа санъати ўрта асрларда шакллана бошлади (григориан, 16-а. дан протестант хоралч).

Биринчи фин операси («Қирол Карл овга чиқди», 1852) ва миллий мадҳия муаллифи — Ф. Пасиус, биринчи симфония (1847) муаллифи — А. Г. Ингелиус. Фин мусиқасида Ф. Шанц биринчи марта «Калевала»даги миллий оҳанглардан фойдаланиб, «Куллерво» симфоник увертюрасини яратди. 19-а. охири — 20-а. бошларида М. Вегелиус (1882 й. Хельсинкида Мусиқа интини ташкил этган; 1939 й. дан Я. Сибелиус номидаги Мусиқа академияси) ва Р. Каянус (профессионал симфоник оркестр тузган) миллий композиторлик мактаби асосчиларидир. Я. Сибелиус ижодида миллий мусиқа анъаналари камол топди. Замонавий композиторлар орасида Э. Энглунд, Э. Бергман, Й. Кокконен, Э. Раутавара, дирижёрлар орасида Г. Шнефохт, А. Ярнефельт, Л. Сегерстам, пианиночилар орасида К. Экман, А. Валета, яккахонлар орасида И. Экман, А. Раутавара ва б. машхур. Хельсинкида опера театри (1911; 1956 й. дан Ф. Миллий театри), шаҳар симфоник ва камер оркестрлари, Финляндия радиосининг симфоник оркестри, Халқ консерваторияси, Финляндия мусикачилар уюшмаси ва б. ишлайди. Финляндияда бир нечта Халқаро мусиқа фестивали ва танловлари мунтазам равишда ўтказилади.

Театри. 1827 й. Хельсинкида дастлабки театр биноси — Театр уйи қурилди. Унда рус, немис, швед драма ва опера труппалари томоша кўрсатди. 1860 й. бу ерда швед актёрларидан иборат биринчи профессионал театр фаолият бошлади. 1872 й. фин тилидаги профессионал театр (драма ва опера труппалари) ташкил этилди. 1902 й. драма труппаси опера труппасидан ажралиб чиқиб, Фин Миллий театри номини олди. И. Аалберг, К. Авеллан, А. Линдфорс, К. Хальме, Р. Снельман, У. Сомерсалми (19-а. охири — 20-а. боши), Т. Пало, Э. Эронен, Э. Воланен, А. Иконен, Х. Салин, Э. Юркка (20-а. нинг 50—80-й. лари) театрнинг етакчи актёрларидир. Турли йилларда ишлаган машҳур реж. лар: К. Бергбум, Я. Халь, Я. Лахденсуо, Э. Калима, К. Кивима, Д. Витикка, В. Ильмари. Хельсинкида Халқишчи театри (1914), Миллий швед театри, Интим театри, лўлиларнинг «Дром» театри (1982) ҳам ишлайди. Тампере, Турку, Лахти, Куопио ва б. шаҳарларда ҳам театрлар бор.

Уларда жаҳон мумтоз драматургияси асарлари билан бир қаторда маҳаллий муаллифларнинг пьесалари ҳам саҳналаштирилади. Театр ходимлари Хельсинкидаги Олий театр мактаби (1943)да тайёрланади.

Киноси. 1904 й. Ф. да хроника фильмлари суратга олина бошлади. 1906 й. «Аполло» кинофирмаси тузилди. 1907 й. «Пинҳона ҳайдовчилар» (реж. Т. Спарре ва Т. Пуро) қисқа метражли бадиий фильми чиқарилди. 20-й. ларда кўпроқ миллий адабиёт асарлари: М. Кант комедияси асосида «Анна Лийса» (реж. Т. Пуро ва Ю. Снельман), Ц. Топелиус новелласи асосида «Раутакюллик кекса барон» (реж. Фагер), А. Кив комедияси асосида «Нумми этикдўзлари» (реж. Э. Кару) экранлаштирилди. «Комедияфильм», «Фенникафильм» ва «АкилаСуомикомпания» фирмалари ташкил этилди. 1933 й. Э. Кару Финляндия даги энг йирик «Суоменфильмитеолисус» фирмасини тузди. Унинг энг яхши фильмлари: «Юха» (1937), «Инсоннинг йўли» (1940; иккаласининг реж. Н. Тапиовара), «Оқ кийик» (1953, реж. Э. Бломберг), «Сутчи Хилья» (1953, реж. Т. Сярккя), «Номаълум аскар» (1955, реж. Э. Лайне), «Қизил чизиқ» (1959, реж. М. Кассила). 60—70-й. ларда ижтимоийтанқидий йўналишдаги «Ишчининг кундалиги» (реж. Р. Ярва), «Каламушлар жанги» (реж. М. Курквара), «Заводдаги отишма» (реж. Э. Кивикоски) фильмлари яратилди. 20-а. нинг охирги ўн йилликларидаги яхши фильмлар: «Ёввойи ҳайвон белгиси» (реж. Я. Паккасвирт) ва «Денгиз бўйидаги тун» (реж. Э. Кивикоски).


Кирилл алифбосида мақола: ФИНЛЯНДИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ф ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
ЭРОН
БУЮК БРИТАНИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты