ДОҒИСТОН

ДОҒИСТОН, Доғистон Республикаси — Россия Федерацияси таркибидаги республика. Майд. 50,3 минг км2. Аҳолиси 2120 минг киши (1999). Пойтахти — Махачкала ш. 41 туман, 10 шаҳар ва 17 шаҳарча бор.

Давлат тузуми. Доғистон — республика. Давлат ҳокимиятининг олий органи — Давлат Кенгаши. Қонун чиқарувчи органи — парламент (Халқ мажлиси). Ижроия ҳокимият — ҳукумат.

Табиати. Д. Шим. Кавказ тоғларининг шарқий қисмида жойлашган. Шарқда Каспий денгизига туташади. Қирғоғи (уз. 530 км) кам парчаланган. Рельефи жиҳатидан Доғистон ҳудуди 4 қисмга бўлинади: Пасттекислик қисми — Каспий бўйи пасттекислигининг жан.-ғарби (бу ҳудуднинг анчагина қисми океан сатҳидан паст), Тоғ этаклари, Ички тоғли Доғистон — кенг плато ва камбар тизмалардан иборат. Бал. 2500 м гача. Дара ва каньон кўп. Энг чуқури Сулак дарёсида (1800 м гача). Баланд тоғли Доғистон — Катта Кавказнинг Бош тизмаси ёки Сувайирғич тизма ва унинг Ён тизмаси. Доғистоннинг энг баланд жойи — Бозордюзю чўққиси (4466 м). Доғистон заминида фойдали қазилмалардан нефть, ёнувчи газ, тошкўмир, олтингугурт, мергель, кварц кумлари, 200 дан ортик, минерал булоқ бор. Иқлими умуман иссиқ ва қуруқ. Янв. нинг ўртача т-раси пасттекисликда 1,4° дан —3° гача (тоғларда —5° дан —11° гача), июлда 24° гача. Йилига пасттекисликнинг шим.-шарқида 200—300 мм, тоғларда 600—800 мм ёғин ёғади. Асосий дарёлари: Терек, Сулак, Самур. Терек ва Сулак дарёлари этакларида кўл кўп. Тупроғи пасттекислик ва тоғ этакларида каштан тупроқ, баландроқда тоғ қоратупроғи, тоғ-ўрмон ва тоғ-ўтлоқи тупроқлари. Пасттекисликда ва тоғ этакларининг қуйи қисмида чўл шувоқ-шўра, чала чўл бошоқли-шувоқ ўсимликлари ўсади. Тоғ ён бағирларида асосан дуб, граб, қорақайин, қайин, қарағай ўрмонлари мавжуд. Баланд тоғли жойларида доғистон такаси, безоар эчкиси, элик, тоғ эчкиси, қўнғир айиқ, асл буғу, баъзан қоплон ва б. сут эмизувчилар учрайди. Қушлардан тоғ куркаси (улар), каклик, бургут ва б. яшайди. Каспий денгизидан турли хил балиқ овланади.

Аҳолиси. Республикада авар, рус, дарғин, қўмиқ, лазгин, лак, озарбайжон, табасаран, тат, чечен, нўғай ва б. лар яшайди. Шаҳар аҳолиси — 44%. Муҳим шаҳарлари: Махачқала, Дарбанд, Хасавюрт.

Тарихи. Доғистон ҳудудида одам палеолит давридан бошлаб яшаб келади. Мил. ав. 1-минг йилликнинг охирларида Доғистон аҳолиси Озарбайжон ҳудудида вужудга келган йирик давлат — Кавказ Албанияси фуқаролигига ўтган. Мил. 3-а. да жан. Доғистонни сосонийлар босиб олган. 4-а. га келиб Каспий соҳилларини гуннлар эгаллаган. 664 й. Д. ни араблар эгаллаб, аҳоли ислом динини қабул қилган. 11а. ўрталарида Озарбайжонни ва Доғистоннинг кўпгина қисмини салжуқийлар босиб олди. 12-а. охирида Авар хонлиги деган йирик давлат вужудга келди. 13-а. нинг 20-й. ларида Доғистонга мўғуллар бостириб кирди ва мамлакат узоқ йиллар Олтин Ўрда зулми остида яшади. Марказлашган рус давлати ташкил топгач (16-а. ўрталарида), Россиянинг Доғистонга қизиқиши ошди. 1722 й. Пётр I қўшинлари Доғистоннинг денгиз соҳилларини босиб олди. Ганжа шартномаси (1735) дан сўнг бу жойлар Эронга топширилди. Гулистон сулҳ шартномаси (1813)га биноан Д. Россия қарамоғига ўтди. Аммо подшо ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати тоғликларнинг қўзғолонларига сабаб бўлди. 19-а. нинг 30-й. ларида муридлик байроғи остида тоғликларнинг мустамлакачиликка қарши миллий озодлик ҳаракати бошланди. Ҳаракатга Доғистон ва Чеченистон имомлари — Ғози Муҳаммад, Ҳамзатбек ва Шомил раҳбарлик қилди. Кавказ урушлари (1817—64) натижасида қўзғолон бостирилди. 19-а. ўрталарида, айниқса 90-й. ларда Доғистонда бочкасозлик, нефть ҳайдаш з-длари, арқон ва қоғоз ф-калари, босмахона ва б. вужудга келди, 20-а. бошларида корхоналар кўпайди. 1917 й. 1 дек. да Петровск-Портдаги митингда Шўро ҳокимияти ўрнатилганлиги эълон қилинди. Аммо, 1918—20 й. ларда немис-турк қўшинлари ва оқ гвардиячилар уни босиб олдилар. 1920 й. март ойида қизил армия кучи билан Доғистонда яна Шўро ҳокимияти тикланди.

1920 й. 13 нояб. да Доғистон халқларининг фавқулодда қурултойида большевикларнкнг тазйиқи билан Шўро мухториятини тузиш ҳақида қарор қабул қилинди. 1921 й. 20янв. да Бутун Россия МИК декрети билан РСФСР таркибида Доғистон АССР ташкил қилинди. Шу даврдан то 1991 й. майгача Доғистон даги иқтисодий тараққиёт, маориф, фан ва маданиятнинг ривожи бир ёқлама йўлдан борди.1991 й. майдан Д. Республикаси деб номланди.

1970 й. 14 май куни Доғистонда қаттиқ зилзила бўлди. Табиий офат шаҳар ва қишлоқларга катта зиён етказди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ҳам Доғистонда уй-жой қурилиши ишларида катта ёрдам кўрсатди. Доғистон даги «Ўзбекистон» микрорайони ўзбек ва Доғистон халқлари дўстлигининг рамзидир.

Хўжалиги. Саноат маҳсулотининг 80% озиқ-овқат, машинасозлик, енгил саноат (гиламдўзлик)га тўғри келади. Иқтисодиётида электр энергетика ва нефть чиқариш, қурилиш материаллари, кимё саноати ҳам муҳим роль ўйнайди. Энг йирик электр ст-ялари — Чирюртов ГЭС, Гергебиль ГЭС ва Чиркей ГЭС. Табиий газ қазиб олинади. Терек-Кума пасттекислигининг шим. да нефть ва газ конлари бор. Машинасозлик ва металлсозлик корхоналарида (Махачқала, Избербаш, Дарбанд, Қизилюрт, Буйнакск) металл қирқувчи станоклар, кема механизмлари, дизеллар, электротермик асбоблар, электротехника аппаратлари, сепараторлар, насослар, турли хил прибор ва автоматика воситалари ишлаб чиқарилади. Курилиш материаллари саноати йирик шиша зди, уйсозлик к-ти ва темир-бетон конструкциялари здидан иборат. Кимё саноати корхоналари (Махачкала) лок, бўёқ ва шиша тола ишлаб чиқаради. Чирюртовда йирик фосфор тузлари зди бор. Озиқ-овқат саноати ривожланган. Тўқимачилик (асосан ип ва жун газлама), трикотаж, тикувчилик, кўн-пойабзал саноати ҳам мавжуд. Доғистон гилам тўқиш, заргарлик ва б. билан азалдан машҳур.

Қ. х. боғдорчилик, токчилик ва ғалла (буғдой, арпа, маккажўхори, шоли) етиштиришга ихтисослаштирилган. Чорвачиликда қўйчилик асосий ўринни эгаллайди. Кўпроқ гўшт-жун берадиган қўйлар боқилади, майин жунли қўйлар ҳам кўп.

Т. й. лар уз. 435 км, автомобиль йўллари уз. 9600 км. Ҳаво транспорти Махачқалани бошқа шаҳарлар билан боғлайди. Махачқала йирик денгиз порти ҳамдир.

Соғлиқни сақлаш. Д. да 10 мингдан ортиқ ўринли касалхоналар, амбулатория-поликлиника ёрдами кўрсатадиган муассаса, 7,7 минг врач (10 минг кишига 40,1 врач) ишлайди. Бир неча санаторий ва дам олиш уйи, 100 га яқин шифобахш сув манбаи, Талги курорти ҳамда Махачкала, Ричалсув, Гуниб, Буйнакск каби оромгоҳлар бор.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. 295 мактабгача тарбия муассасасида 308 мингга яқин бола тарбияланади. 1589 умумий таълим мактаби (395 минг ўқувчи), 27 та махсус ўқув юрти (20,8 минг ўқувчи) бор. 5 олий ўқув юрти, жумладан Доғистон ун-ти (1957 й. ташкил этилган; 8 мингга яқин талаба) да 27,3 минг талаба ўқийди. 842 оммавий кутубхона (6,4 млн. китоб ва жур.), 1066 клуб муассасаси, 8 музей (жумладан, Махачкаладаги тасвирий санъат музейи, С. Стальский уй-музейи ва б.), 7 театр, 898 кино курилма бор. Доғистонда 20 и. т. муассасаси ишлайди.

Адабиёти — кўп тилли (авар, лазгин, тат, нўғай ва б.). Д. халқларининг қад. қўшиклари, ёдномалари, эртак, афсона, мақол ва ҳикматли сўзлари бу адабиётнинг яратилишига асос бўлган. Лакча «Парту Патима», «Нодиршох. нинг тормор этилиши ҳақида», аварча «Хочбар ҳақида қўшиқ», қўмиқча «Ойғози ҳақида қўшиқ» каби қўшиқларда халқларнинг жабр-зулмга ва Эрон босқинчиларига қарши кураши куйланади. 17—18-а. ларда халқ оғзаки ижодида бахшичилик санъати ривожланди. Ёзма адабиётда эса зуллисонайн ижодкорлар кўпайди (Ҳожи Муҳаммад ибн Муса ал-Қудутли, Ҳожи Довуд ал-Ўсиший, Муҳаммад ибн Али ал-Убрий ва б.). Араб графикаси асосида «ажам» ёзуви пайдо бўлди (18-а.).

19-а. да Доғистон адабиётида демократик ғоялар чуқур илдиз ота бошлади (қўмиқ Йирчи Қозоқ, лазгин Етим Эмин, дарғин Умарла Ботирай ва Мунги Аҳмад, ругужилик авар Элдарилав, батлайчалик Тожутдин ва б. ижодида). Бу даврда лирика яна ўсди. Дарғин Суқур Қурбон, лак Маллей, авар Маҳмуд, қўмиқ шоирлари Анхил-Марин ва Патимат, лазгин Г. Алқодирий, лак Г. Гузунов ва Ю. Муркелинский, қўмиқ М. Албеков, М. Осмонов, Н. Ботирмирзаев каби ижодкорларнинг асарларида жамият турмушини ўзгартириш, таълимтарбия ҳақидаги илғор фикрлар илгари сурилган.

20-а. да С. Стальский, Ҳамзат Цадаса, С. Габиев, Г. Саидов, 3. Ботирмирзаев, P. Нуров, А. Иминоғаев, Ҳожи Ахтинский, тлохлик Муҳаммад каби шоир ва ёзувчилар ижод қилди. Драма асарлари яратила бошлади (Г. Саидовнинг «Мискарлар», 3. Ботирмирзаевнинг пьесалари ва б.). 20—30-й. ларда авар 3. Гажиев, дарғин Р. Нуров, А. Иминоғаев, қўмиқ А. П. Салаватов, А. Магомедов, Б. Остемиров, Т. Бойбула-тов, лак И. Қурбоналиев, М. Чаринов, лазгин А. Фатахов каби ижодкорлар етук бадиий асарлар яратишди.

2-жаҳон уруши йилларида Ҳ. Цадаса, Қозия Али, А. Ғафуров, А. Ажиев, А. В. Сулаймонов, Ю. Хаппалаев каби шоирлар халқни фашистларга қарши курашга чақирди. Урушдан кейинги йилларда Доғистон адабиётининг кўлами кенгайди, хилмахил бадиий шакл, услуб ва жанрлар вужудга келди. Доғистон халқ шоири Р. Ҳамзатов «Туғилган куним», «Қалбим тоғларда», «Тоғ қизи» каби достонлари, жўшқин шеърлари билан дунёга машҳур бўлди. Кейинги даврда Фазу Алиева, А. Саидов, С. Рабаданов, Г. Багандов, С. Изгияев, М. Отабоева, М. Аминовлар баракали ижод қилдилар. Доғистонда болалар адабиёти ҳам ривож топди (Р. Рашидов «Мен хуш кўрган болалар», «Овулимизга қиш келди»; Р. Ҳамзатов «Бобом»; 3. Гажиев «Водий қушчалари», «Қорбобо тоғда»; А. Магомаев «Бобо ва набира»; Д. Атнилов «Биринчи дарс» ва б. тўпламлар). Драматургияда ҳам етук асарлар юзага келди (М. Алиев «Рамазоновлар оиласи»; М. Гаирбекова «Учрашув»; А. Ажаматов «Келинлар»; Т. Хурюгский «Ошиқ Сайд»; А. Қурбонов «Қайтмаснинг тўйи»; Г. Рустамов «Райҳон» ва б.). Д. адабиётида барча адабий жанрлар, жумладан, кинодраматургия (Аҳмаджон Абу Бакар «Булутлар тарқалди», «Адам ва Хева») ва адабиётшунослик ривожланган.

С. Стальский шеърлари, Р. Ҳамзатовнинг «Юксак юлдузлар» шеърлар тўплами ва «Доғистоним» асари ўзбек китобхонларининг ҳам мулки бўлиб қолди.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Узунлиги 40 км дан ортиқ Дарбанд мудофа истеҳкомининг тош деворлари ва қалъалари 6-а. да барпо этилган. 8—9-а. ларда араб меъморлигининг таъсири кучайди (Дарбанддаги жоме масжид). Д. меъморлиги асрлар давомида, асосан халқ меъморлиги асосида ривожланган (бу ерда яшовчи ҳар бир халқ ўзига хос меъморлик усулига эга). Тоғли жойларда овуллар узун тор йўлакли ва зинали кўчалардан иборат бўлиб, тошдан турар жой, жоме масжид ва б. қурилган. 14— 15-а. лар ва 17—18-а. лардаги ёдгорликлар Озарбайжон меъморлигига яқин услубда барпо этилган, Дарбандда маҳаллий меъморлик мактаби шаклланган. 18 — 19-а. ларда уйлар тоғларда тошдан, текисликда сомонли лойдан қурилиб, асосан ички безагига (нақшлар, ёғоч ўймакорлиги ва б.) аҳамият берилган.

20-а. да уйларнинг ташқарисини уймакори нақшлар билан безаш авж олган. 19—20-а. ларда Доғистонда рус классицизма. услубида бинолар барпо этилди. Кейинги даврда эски шаҳарлар қайта қурилди, кўплаб маиший-маъмурий ва турар жой бинолар (Махачқалада — ҳукумат уйи, меъмор А. М. Алхазов; «Доғистон» меҳмонхонаси, меъмор Г. Гримм; Драма театри, меъмор Г. Я. Мовчан ва б.) замонавий услубда яратилди.

Доғистон ҳудудида неолит ва жез даврларига оид сопол буюмлар, нақшланган тошлар, бадиий металл буюмлар топилган. Ўрта асрларда тогдаги овулларнинг купи ҳунармандлик буюмлари ишлашда турли соҳалар бўйича ихтисослашган. Кўп туманларда гилам, гулдор пайпоклар жуда қадимдан тўқилади.

20-а. нинг 2-ярмида тасвирий санъат ривожланди. Рассомлардан М. А. Жамол, Ю. А. Мўллаев, ҳайкалтарош X. Н. Асқарсарижа Доғистон тасвирий санъатига асос солдилар. 1950—60-й. лардан А. И. Августович, К. А. Мурзабеков, А. И. Шарипов, ака-ука Сунгуровлар каби рассомлар ижод қила бошлади. 1959 й. Махачқалада М. А. Жамол номидаги Бадиий санъат билим юрти очилган.

Мусиқада қаҳрамонликни куйлаш алоҳида ўринда туради. Меҳнат ва муҳаббатни мадҳ этиш одат тусига кириб қолган. Пуфлама созлардан — зурна, дудук, балабан, кшул, торли мусиқа асбобларидан — ёғоч-қўмуз, тара, тамур, саз, каманча, урма чолғулардан — тэп, гавал, диплипито, шунингдек, баян, балалайка, мандолина, скрипка, гитара, кларнет каби хилма-хил чолғу асбоблари жўрнавозлигида куйлаш одат тусига кирган. Лезгинкалар билан бирга шўх рақслар кўп тарқалган. Устозона мусиқа намояндалари (лазгин ва лакларда — ошиқ, қўмиқларда — йирчи, аварларда — шоир, кочохон, дарғинларда — далалайла ёки уста)нинг ижоди анъанавий мусиқа санъатининг асосий қисмини ташкил этади.

Доғистонда мусиқа билим юрти, симфоник оркестр, халқ чолғу асбоблари оркестри, ашула ва рақс ансамбли, филармония, мусиқа билим юрти ва бир неча мусиқа мактаби мавжуд.

Театр санъати қўмиқ, авар, лазгин, лак, дарғин ва б. халқлар ижодидан ташкил топган. Пахлавон-акробатлар, дорбозлар, жонглёр ва халқ қизиқчилари («домбайлар») санъати кенг тарқалган. 1914 й. да лезгинларнинг, 1915 й. да лакларнинг, 1916 й. да қумикларнинг ҳаваскор драма тўгараклари вужудга келди. 30-й. ларда қўмиқ, лазгин, авар, лак мусиқали драма театрлари очилди. Шу театрларнинг ташкил топиши ва ривожланишида А. П. Салаватовнинг пьесалари, Р. Фатуевнинг «Тоғликлар», А. Ажаматовнинг «Ансор», М. Хуршиловнинг «Ўтган кунлар» каби асарлари муҳим аҳамиятга эга бўлди. Р. Ҳамзатовнинг «Тоғ қизи», Б. Айдаевнинг «Сулаймон Стальский», У. Мантаевнинг «Такдир», М. Сулаймоновнинг «Тоғдаги қалъа» ва б. пьесалари Доғистон театрининг кейинги даврдаги асосий маҳсулидир. Доғистон театр арбобларидан Б. М. Муродова, А. С. Курумов, С. А. Кухмазов, 3. Н. Набиева, Г. А. Рустамов, М. Р. Рашидхонов, Ш. Абдуллаев, М. Абдухолиқов, А. Қурбонова ва б. машҳур.


Кирилл алифбосида мақола: ДОҒИСТОН ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Д ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
ФРАНЦИЯ
ҲИНДИСТОН
ЭРОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты