ФОНЕТИКА (юн. phonetikos — товушга, товуш чиқаришга оид; товушли, овозли) — 1) тилшуносликнинг нутқ товушларининг ҳосил бўлиш усулларини ва акустик хусусиятларини; бўғин, нутқнинг пауза билан ажралувчи қисмларини ўрганувчи бўлими. Шу билан бирга, айрим тилшунослар Фонетика доирасига товуш бирликларининг ёзувдаги ифодалари (графика) ва маъноли бирликларнинг ёзилиш қоидалари (имло)ни ҳам қўшиб, унинг ўрганиш объектини янада кенгайтирадилар (рус олими Л. В. Шчерба). Ўзбек тилшунослигида Фонетика доирасида, асосан, нутқ товушлари [уларнинг артикуляцион, акустик, перцептив (психофонетик) ва функционал томонлари| ва оҳанг (бўғин, синтагма, урғу ва б.) ўрганилади.
Нутқнинг товуш томони сегмент (лот. segmentum — қирқим, парча, бўлак) ва устсегмент (суперсегмент) бирликларга бўлинади. Сегмент бирликлар кетмакет жойлашади (бир вақтнинг ўзида 2 та товушни талаффуз қилиб бўлмайди). Шунинг учун уларни силсилали ёки кетмакет бирликлар дейиш мумкин. У стсегмент бирликларга урғу ва оҳанг (интонация) киради. Бу бирликлар сегмент бирликлар устига қўйилади ва уларга турлича тус беради.
Ҳар қандай нутқ товуши, аввало, нутқ аъзоларининг ҳаракати туфайли талаффуз этилади, яъни физиологик хусусиятга эга. Иккинчидан, у ҳавонинг маълум эластик жиемни тебратишидан ҳосил бўлади; демак, унинг акустик (физик) жиҳати бор. Учинчидан, муайян сўз ва морфеманинг маъно томони билан товуш қобиғи биргаликда инсон онгида шаклланади, зеро инсон маълум товушлар мажмуини эшитиш билан қабул қилар экан, ушбу мажму заминидаги маънони идрок этади, бу перцептив (психофонетик) хусусият саналади. Ва ниҳоят, энг муҳими, нутқ маълум вазифани бажаради, бинобарин, функционал қимматга эга. Нутқ товушлари юқоридаги хусусиятларига кўра турли нуқтаи назардан ўрганилиши мумкин. Фонетика тилнинг товуш тизимини қайси жиҳатдан ўрганиши (мақсади) нуқтаи назаридан қуйидаги турларга бўлинади: умумий Фонетика ; тарихий (диахрон) Фонетика ; тасвирий (синхрон) Фонетика ; қиёсий Фонетика ; экспериментал Ф. Юқоридагилар билан бирга хусусий Фонетика ҳам ажратиладики, унда барча фонетик хусусиятлар аниқ бир тил мисолида ўрганилади.
Умумий Фонетика барча тиллар учун умумий бўлган фонетик хусусиятларни (нутқ товушларининг ҳосил бўлиши, уларнинг универсал таснифи, товушларнинг бирикиш қонуниятлари, ёндош товушлардан бирининг иккинчисига таъсири ва б. ни) ўрганади. Умумий Фонетика хусусий Фонетика материалларига асосланади. Тарихий Фонетика тилнинг фонетик тизимини тарихий тараққиётида, ривожланиш жараёнида ўрганади. Тасвирий Фонетика эса муайян тил фонетик тизимининг ҳоз. ҳолатини ўрганади. Қиёсий Фонетика икки тил фонетикасини, қариндош тиллар товуш тизимини бир-бирига қиёслабўрганади. Экспериментал Фонетика нутқтовушларини, фонетик ҳодисаларни маълум техник воситалар ёрдамида ўрганади.
Нутқ товушларининг ҳосил бўлиш механизмини ўрганиш 17-а. да бошланган бўлиб, бу ҳол карсоқовларни ўқитиш эҳтиёжидан келиб чиққан (испаниялик X. П. Бонет, англиялик Ж. Уилкинс, нидерландиялик И. Амман асарлари). Тилнингтовуш томонини ҳар жиҳатдан линтвистик нуқтаи назардан ўрганиш биринчи марта немис олими Э. Зиверснинг «Товуш физиологияси асослари» (1876, 2нашри «Фонетика асослари» деб номланади, 1881) асарида кузатилади. Россияда умумий Фонетиканинг ривожига И. А. Бодуэн де Куртенэ ва унинг шогирдлари В. А. Богородицкий ва Л. В. Шчербалар ўз асарлари билан муҳим ҳисса қўшдилар.
Фонетика тилнинг бошқа соҳалари билан боғлиқ, чунки товуш, урғу ва оҳангсиз бўғин, сўз, сўз бирикмаси ва ran бўлмайди. Шу туфайли Фонетика лексика, морфология, синтаксис ва стилистика билан боғлиқ тил босқичи деб қаралади. Ўзбек тили Ф. си ҳам чуқур ўрганилмоқда. Ўзбек тилининг тасвирий Фонетика сини тадқиқ қилишда В. В. Решетов, Ш. Шоабдураҳмонов, Ф. Абдуллаев, А. Ғуломовлар; ўзбек тили Фонетика сини 60-й. лар охиридан экспериментал ўрганишда А. Маҳмудов ва С. Отамирзаевалар; ўзбек тилининг тарихий Фонетика сини ўрганишда Ф. Абдуллаев, Ғ. Абдураҳмонов, А. Рустамов, Қ. Маҳмудов, Ҳ. Неъматов, Э. Умаровларнинг хизматлари катта.
Фонетика фонология билан узвий боғлиқ.
2) маълум тилга хос товушларнинг акустик ва артикуляцион (физиологик) хусусиятлари, муайян тилнинг фонетик тузилиши. Мас, ўзбек тили фонетикаси.
Ад.: Матусевич М. И., Введение в общую фонетику, М., 1959; Решетов В. В., Узбекский язык, ч. 1. Введение. Фонетика, Т., 1959; Хозирги ўзбек адабий тили, 1ж., Т., 1966,Баскаков Н. А., Содиқов А. С, Абдуазизов А. А., Умумий тилшунослик, Т., 1979; Ҳозирги ўзбек адабий тили, 1қисм, Т., 1980; Сравнительноисторическая грамматика тюркских языков. Фонетика, М., 1984; Неъматов Ҳ., Ўзбек тилининг тарихий фонетикаси, Т., 1994; Реформатский А. А., Введение в языковедение, М., 1998.
Абдуҳамид Нурмонов.