ДУНАЙ МАДАНИЯТИ — неолит, энеолит ва жез даври археологик ёдгорликлари. Археологик тадқиқотлар Ўрта Дунай ҳавзаси (ҳоз. Австрия, Венгрия ва Чехия ҳудудлари) йирик маданият марказларидан бири бўлганини кўрсатади. Дунай маданияти Дунай бўйида яшаган қабилалар ҳаётига оид. Бу даврларда кулолчилик кенг ривожланган. Сопол идишлар нақшлар билан безатилиб, оқ, сариқ, қизил ранглар билан бўялган. Аёл ҳайкалчалари кўп топилган. Бу даврларда аҳоли, асосан, овчилик, ибтидоий деҳқончилик ва хонаки чорвачилик билан шуғулланган. Ойболта, теша, тўрт қиррали мис бигиз ва б. меҳнат қуроллари пайдо бўлган, от қўлга ўргатилган. Мис ҳалқалар, билагузук ва бўйин тақин-чоқлари, турли шаклдаги жўмракли, қулокли, дастали, оёкли сопол идишлар бу давр маданиятининг асосий ёдгорликларидир. Топилган хилма-хил жез қуроллар, безаклар, олтин ва кумуш исирға ва б. тақинчоқларнинг ху-сусиятига кўра, бу даврда металл ишлаш техникаси анча ривожланган. Дунай бўйи ақолиси Миср ва Месопотамия билан яқин маданий алоқада бўлган. Дунай маданияти заминида Гальштат маданияти вужудга келган.