ГАЛОГЕНЕЗ (юн. hals — туз, genesis — пайдо бўлиш) — арид зоналаридаги шўр сув ҳавзаларида буғланиш натижасида осон эрийдиган тузларнинг чўкишидан туз уюми ҳосил бўлиш жараёни. Тузли эритма ниҳоятда шўр (ҳатто туз кристаллари бор) бўлиб, рапа деб аталади. Таркиби ва туз тўпланишининг навбатланиши ҳавзадаги дастлабки сувнинг гидрокимёвий турига боғлиқ. Галогенез икки босқичдан: узоқ муддат тўпланиш концентрацияланган намакобни асосий захираси тўпланади; қисқа — намакоблардан осон эрийдиган туз чўкиндилари ҳосил бўлади. Ҳосил бўладиган минераллар ва характерли элементларга кўра карбонатли. сульфатли ва хлоридли Галогенез бўлади. Ҳавзани тўйинтирувчи сувнинг келиб чиқишига қараб континентал ва денгиз Г. маълум. Денгиз Г. Ер ривожланиши тарихида катта роль ўйнаган. Галогенез учун қуйидаги шароитлар зарур: арид иқлим, ҳавзани сув билан интенсив таъминланиш имконияти; туз чўкиши учун доимий бир текис бўлмаган ботиқликнинг бўлиши. Галогенез жараёни натижасида фақат туз қатламларигина эмас, балки Ер қаърида ўта концентрацияланган намакобларнинг асосий захираси ҳам ҳосил бўлади.