ГАСТРИТ (юн. gaster — меъда, ошқозон) — меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиши; кўпинча меъданинг секрет (меъда шираси ажралиши) ва ҳаракат фаолиятининг издан чиқиши билан бирга кечади. Одамларда нотўғри овқатланиш, спиртли ичимликларга ружу қилиш, аччиқ ва шўр нарсаларни мунтазам истеъмол қилиш, овқатдан заҳарланиш, билар-билмас турли дорилар қабул қилиш, аллергия, Helicobacter pylori микроби ва б. сабаб бўлади. Касалликнинг кечишига қараб ўткир ва сурункали Гастрит фарқ қилинади. Ўткир Гастритда тўш остида нохуш оғриқ сезилади, қорин дам бўлади, кўнгил айнийди, оғиз бемаза бўлади ва ҳ. к. Баъзан беморнинг тинкаси қурийди, т-раси кўтарилади, қайт қилади; қорин қулдираши ва ич кетиши мумкин. Ўткир Гастритнинг айрим белгилари ўткир аппендицит, холецистит, панкреатит ва б. касалликларда ҳам кузатилади, шунинг учун дарҳол врачга мурожаат этиш зарур. Бемор парҳез ва врач буюрганларига вақтида амал қилса тезда тузалиб кетади, акс ҳолда касаллик сурункали туе олади. Сурункали Гастрит овқатланиш тарзининг мунтазам бузилиши, ўз вактида овқат емаслик ёки бир ўтиришда меъёридан ортиқ овқат ейиш, нуқул қуруқ ёки аччиқ, иссиқ, шўр овқатлар истеъмол қилиш ва б. туфайли юзага келади. Кўпинча руҳий толиқиш, спиртли ичимликлар ва тамакининг зарарли таъсирида, шунингдек айрим дорилар (аспирин, бутадион)ни мунтазам пала-партиш ичиб юриш натижасида ҳам вужудга келиши мумкин. Бемор тишларининг йўклиги ёки касаллиги, муртак бези, ўт пуфаги, меъда ости безининг сурункали яллиғланиши ҳам касаллик авж олишига олиб келади. Меъда секретор фаолиятининг ҳолатига қараб гиперацид ёки гипоацид (меъда шираси ажралиши секретор ва кислоталилигининг ортиши ёки камайиши) Гастрит фарқ қилинади. Сурункали Гастритнинг белгилари ҳам ўткир Гастритга ўхшаш бўлади, лекин бунда касаллик тезда ўтиб кетмай узоқ чўзилади, кўпинча беморнинг ичи бузилади (дам ич кетади, дам қабзият кузатилади), тили караш бойлайди. Касаллик зўриққанда унинг аломатлари авж олади. Сурункали Гастрит вақт-вақти билан (баҳор ва куз кезлари) қузиб туриши мумкин. Гастрит б-н оғриган беморлар оилавий врач назоратида бўлиши лозим. Парҳезга риоя қилиш, физиотерапия муолажалари, доридармон, минерал сувлар, шунингдек санаторий-курортларда даволаниш керак.
Ҳайвонларда овқатланиш режимининг бузилиши ёки уларга бузилган емхашак, ифлос сув берилиши, заҳарли ўт еб қўйиши, кимёвий дориларнинг нотўғри қўлланиши натижасида пайдо бўлади. Касал ҳайвон бўшашиб қолади, иштаҳаси пасаяди, оғиз шиллиқ пардаси қурийди, сарғаяди, тили оқаради, оғзидан қўланса ҳид келади. Баъзан ҳарорати кўтарилади, сийдик миқдори камаяди. Гастрит билан қаттиқ оғриган ҳайвонларда умуман бўшашишдан ташқари томир уриши сусаяди ёки бир текис урмайди, қон босими пасаяди. Қорамолнинг бели букчайиб қолади, сути камаяди, тишини ғижирлатади, титрайди. Чўчқалар қорнини ерга бериб ётади. От совуқ нарсалар ва деворни ялайди.
Давоси: касаллик сабаби аниқланиб, бартараф қилинади, ҳайвон тинч қўйилади, дастлабки 1—2 кун ярим оч қолдирилади, ич сурадиган дорилар ичирилади. Кейин ҳайвонни қувватга киритадиган дорилар берилади. Касаллиги ўз вактида аниқланган ва вактида даволанган ҳайвонлар 1—2 ҳафтада тузалиб кетади. Уларда Гастрит камдан-кам ҳолларда сурункали формата ўтади (у ўткир Гастритнинг такрорланиши оқибатида келиб чиқиши мумкин). Бунда касаллик узоққа чўзилиб кетмаслиги учун Гастритни вактида даволаш зарур.