ГЕЛЬМИНТЛАР

ГЕЛЬМИНТЛАР (Helminthos. юн. helmins, helminthos — чувалчанг, гижжа) — ҳар хил систематик гуруҳларга мансуб паразит чувалчанглар гуруҳи. Гельминтларга 5 типга мансуб жониворлар, жумладан ясси чувалчанглардан моногенеялар, сўрғичлилар, тасмасимон чувалчанглар ва цестодсимонлар; тўгарак чувалчанглардан нематодалар ва қилчувалчанглар; ҳалқали чувалчанглардан зулуклар; тиканбошлилар, немертинлар ҳамда систематик ўрни тўлиқ аниқланмаган ортонектидлар ва дициемидлар киради. Гельминтлар экологик гуруҳ бўлиб, жуда хилма-хил жониворларни ўз ичига олади. Тери-мускул халтаси, тана органларининг учта эмбрионал варақдан ҳосил бўлиши; танаси олдинги қисмининг ихтисослашиб, ёпишув ёки сезги органлари ҳосил қилиши ҳамда билатерал симметриялик ҳамма Гельминтлар учун хос бўлган умумий белги ҳисобланади. Паразитлик қилиш хусусиятига биноан Гельминтларни стационар ва факультатив паразитларга ажратилади. Биринчи гуруҳга одам, ҳайвон ва ўсимлик паразитлари (тасмасимон чувалчанглар, трематодлар, тиканбошлилар ва кўпчилик нематодалар); иккинчи гуруҳга — кўпчилик зулуклар, айрим киприкли чувалчанглар ва немертинлар киради. Личинкалик даврида ҳашаротлар танасида паразитлик қиладиган, вояга етган даврида эса эркин яшайдиган қилчувалчанглар Гельминтларнинг ўзига хос гуруҳини ҳосил қилади. Паразитлик қиладиган жойига биноан Гельминтлар ташқи — экто-паразитлар (моногенеялар, кўпчилик зулуклар, немертинлар ва турбелларияларнинг бир қисми) ҳамда эндо-паразитлар (кўпчилик гельминтлар)га ажратилади.

Паразит ҳаёт кечириш таъсирида Гельминтларнинг ҳаракатланиш, хўжайин танасидан ташқарида фаол озиқ қидириш хусусиятлари йўқолган; бир қанча турларида ҳазм системаси редукцияга учраган. Бунинг ўрнига ёпишув органлари ривожланиб, пушти кескин ошган, ривожланиш цикли мураккаблашиб, кўплаб потенциал хўжайинларни зарарлашга имкон берадиган бўлган. Гельминтлар личинкаси кўпинча тўла-тўкис ёки қисмаи асосий хўжайин организмидан ташқарида ривожланади. Ривожланиш хусусиятига биноан Гельминтлар геогельминтлар ва биогельминтларга ажратилади. Геогельминтлар ташқи муҳитда, биогель-минтлар бошқа ҳайвонлар — оралиқ хўжайин организмида ривожланади. Айрим биогельминтлар оралиқ хўжайиндан ташқари қўшимча, ҳатто резерв хўжайинга ҳам эга бўлади. Сўрғичлилар ва тасмасимон чувалчанглар синфига мансуб бир қанча Гельминтларда жинсий кўпайиш билан бирга личинкалик партеногенез ҳам учрайди. Жинсий ва жинссиз галланиб кўпайиш турнинг сақланиб қолиш имкониятини оширади. Ўзбекистонда умуртқали ҳайвоиларда 1000 дан ортиқ Гельминтлар паразитлик қилади.

Лд..Матжонов Н. М., Азимов Ж. А., Гехтин В. И., Одам ва ҳайвонларнинг кўринмас ёвлари, Т., 1977; Пармонов М., Сайидқулов Б., Пармонов Ж., Эпизоотология, Т., 1996.


Кирилл алифбосида мақола: ГЕЛЬМИНТЛАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Г ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ГЕЛЬМИНТОЗЛАР
БИОЛОГИЯ
ГЕРМАНИЯ
ҲАЙВОНЛАР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты