ГЕЛЬМИНТОЗЛАР

ГЕЛЬМИНТОЗЛАР (юн. helmins, helminthos — гижжа, қурт) — одам, ҳайвон ва ўсимликларда паразит чувалчанглар — гелшинтлар қўзғатадиган касалликлар. Одамда гижжаларнинг 150 дан ортиқ тури учрайди. Яшаш шароитлари: иқлим, тупроқнинг ҳолати, деҳқончилик хусусиятлари ва аҳолининг гигиеник кўникмалари даражасига қараб турли минтақаларда турли хил гижжалар учрайди. Асосан гижжаларнинг 4 синфи: нематодалар, цестодалар, трематодалар ва акантоцефаллар паразитлик қилади. Шунга кўра текшириш чогида топилган гижжанинг синфига караб нематодоз, цестодоз, трематодоз, акантоцефалез каби гуруҳларга ажратилади; ҳар бир гуруҳга бир неча турдаги гижжалар киради. Мас, энтеробиоз, аскаридоз нематодоз гуруҳига, ҳўкиз солитёри, чўчқа солитёри, кенг тасмали гижжалар цестодозлар гуруҳига мансуб. Одам гижжаларнинг оралиқ ёки мутлақ хўжайини бўлиши мумкин. Гельминтозлар кечишида ўткир ва сурункали давр фарқ қилинади. Олимлар орасида одамда гельминтларнинг бўлиши маълум жиҳатдан унинг қрн гуруҳига ҳам боглик, деган фикрлар мавжуд. Ўзбекистонда Гельминтозлардан энтеробиоз, гименолепидоз ва аскаридоз кўпроқ учрайди. Гельминтлар одамнинг нафас олиши, овқат ҳазм қилиши, мускул системаси, жигар, талоқ, қон, мия, кўз ва б. аъзоларида паразитлик қилади. Гижжаларнинг хили, сони ва қайси аъзода бўлишига қараб касаллик ҳар хил кечади. Гельминтозларда одамнинг вазни ҳамиша камаяди, у ланж, инжиқ бўлиб қолади, боши айланади ва ҳ. к. Гижжа ичакда бўлса, ич қотади ёки ич кетади, кўнгил айнийди, баъзан бемор қайт қилади, жигарда бўлса, кўз оқи ва бадан сарғаяди, ўпкада бўлса, йўтал тутади. Гельминтозларда кўпинча меҳнат қобилияти пасаяди, бола яхши ўсмайди, хотираси сусаяди ва ҳ. к. Гижжаларнинг личинкалари ёки тухумлари топилишига қараб ташҳис қўйилади. Серологик реакциялар (иммун флуоресцентлаш, бевосита гемаг-глютинация реакциялари ва ҳ. к.)дан фойдаланиш Гельминтозларни эрта аниқпаш ва вақтида ташҳис қўйиш имконини беради.

Гельминтозларнинг оддини олиш учун аҳоли орасида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш, покизаликка риоя қилиш муҳим. Айниқса, ясли-боғчага қатнайдиган болаларнинг ҳар бирига алоҳида тувак бўлиши ва қўлларини бот-бот совунлаб ювиб туришига алоҳида эътибор бериш лозим. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, чала пиширилган овқатни истеъмол қилмаслик, кўкат ва меваларни обдон ювиб ишлатиш, хом гўшт тўғрашга ишлатиладиган тахтакачни пишганига ишлатмаслик Гельминтозларнинг кескин камайишига олиб келади. Кўкатларни ишлатишдан I соат олдин 3%ли ош тузи эритмасига солиб қўйиб, кейин яхшилаб чайиб ташланса, гижжа тухумлари буткул йўқолади. Гижжаларнинг турига қараб Гельминтозларнинг давоси ҳар хил. Беморни даволашда яхши наф берадиган дорилар мавжуд. Уларни фақат врач билан маслаҳатлашиб қўллаш лозим.

Ҳайвонларнинг Гельминтозларни юқтириш йўллари турлича. Гельминт тухумлари ёки личинкалари бўлган ем-хашак ва сувни истеъмол қилиш орқали ёки гельминт личинкаси тери орқали организмга кириб олади. Гельминтозлар кўпинча касал ҳайвондан унинг қорнидаги боласига юқади. Нематода личинкаси аксарият ўсимлик поясига ёки илдизига бемалол кириб олади. Гельминтозлар оқибатида ҳайвонларнинг маҳсулдорлиги, ўсимликларнинг ҳосили камаяди, ҳайвонлар ўлади, ўсимликлар нобуд бўлади. Бу ўз навбатида халқ хўжалигига катта иқтисодий зарар етказади.

Ўзбекистонда трематодозлардан фасциолёз, ориентобильгарциоз, дикроцелиоз; цестодозлардан мониезиоз, тизанцезиоз, авителлиноз, эхинококкоз, ценуроз; нематодозлардан аскаридоз ва аскаридиоз, параскаридоз, оксиуроз, гемонхоз, нематодироз, хабертиоз, диктиокаулез, протостронгилидезлар қ. х. ва уй ҳайвонларида кўп учрайди.

Гельминтозларга қарши курашишда гўшт ва б. маҳсулотларни ветеринария-санитария назоратидан ўтказиш, тирик личинкалар топилган тақдирда истеъмолга яроксиз деб топиш, аҳоли яшайдиган жойлар тозалиги, гўнгдан ўғит сифатида фойдаланиш ишлари устидан қатьий назорат ўтказиш ва б. махсус чоралар кўриш зарур.

Ад.: Азимов Д. А., Трематоды — паразиты животных и человека, Т., 1986; Матчанов Н. М., Азимов Ж. А., Гехтин В. И., Одам ва ҳайвонларнинг кўринмас ёвлари, Т., 1977; Пармонов М., Сайидқулов Б., Пармонов Ж., Эпизоотология, Т., 1996.

Шоносир Шоваҳобов, Жалолиддин Азимов, Эркинжон Шакарбоев.


Кирилл алифбосида мақола: ГЕЛЬМИНТОЗЛАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Г ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ИБН СИНО
ФРАНЦИЯ
ҲИНДИСТОН
ГЕЛЬМИНТЛАР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты