ГЕОХРОНОЛОГИЯ (гео… ва хронология) (геологик йилнома) — Ер пўстидаги тоғ жинсларининг ҳосил бўлиш кетма-кетлиги ва ёши ҳақидаги таълимот. Нисбий ва мутлақ Г. га бўлинади. Нисбий Геохронология тоғ жинсларининг Стенсен қонуни деб аталмиш кетма-кет қатламланиш принципига асосланган. Бу принципга кўра устида ётган қатлам (чўкинди жинслар қатламларининг дастлабки ҳолати бузилмаганда) пастидагидан ёш бўлади. Интрузив тоғ жинсларининг нисбий ёши қатламли тоғ жинслари билан ўзаро муносабатига қараб аниқланади. Геологик кесимдаги қатламларнинг кетма-кетлигини аниқлаш мазкур р-ннинг стратиграфиясини ташкил этади. Бир-биридан узокда жойлашади ҳудудларнинг стратиграфиясини солиштиришда палеонтологик метод ишлатилади. Бу метод ҳалок бўлган ҳайвон ва ўсимликларнинг жинслардаги тошқотган қолдиқларини ўрганишга асосланган.
Ҳар қайси давр учун ўзига хос ҳайвон ва ўсимликларнинг тошқотган қолдиқлари мавжуд. 19-а. бошларида тоғ жинсларининг нисбий ёшини аниқлашда палеонтологик методни биринчи марта У. Смит (Англия), Ж. Кювье (Франция) татбиқ этган. Ч. Лайель, Ч. Дарвин ва В. О. Ковалевскийларнинг палеонтология соҳаси бўйича и. т. лари палеонтологик методнинг асосини яратди. Геологлар кўп йиллар давомида қилгаи мехнати эвазига Ер пўстида қатламлар йўналишининг умумий кетма-кетлигини аниқлашди. Кейинчалик бу стратиграфия шкаласи номини олди. Шкаланинг юқори қисми (фанерозой) палеонтологик метод асосида пухта қилиб тузилган, пастки қисми учун (токембрий) тошқотган қолдиқларнинг яхши сакланмаганлиги сабабли палеонтологик метод чекланган бўлиб, натижада унчалик мукаммал бўлимларга ажратилмаган. Тоғ жинсларининг метаморфизми (ўзгарувчанлик) даражаси ва б. белгилари бўйича токембрий архей (ёки археозой) ва протерозойга бўлинган. Шкаланинг фанерозой қисми 3 гуруҳга (ёки эратемаларга): палеозой, мезозой ва кайнозойга ажратилган. Гуруҳлар ўз навбатида системаларга, системалар бўлимларга, бўлимлар эса ярусларга бўлинган. Шкаланинг бир неча гуруҳларни бирлаштирган қисми эонотема деб юритилади (мас, фанерозой эонотемаси). Токембрий учун шкалада эонотемаларни бирлаштирган акротема берилган. Стратиграфик шкала Г. шкаласини тузиш учун асос ҳисобланади. Стратифафик шкаланинг ҳар қайси бўлимига Геохронология шкаласининг маълум бўлими мос келади. Бўлим (эпоха) ярус (аср)ларга бўлинган. Гуруҳ (эратема) эрага тўғри келади. Стратиграфик ва унга мослашган Геохронология шкаласи 1881 й. да Италиянинг Болонья ш. да иккинчи халқаро геологлар конгрессида тасдиқланган ва ўша вақтдан бутун жаҳонда умумий ҳисобланади. Кейинчалик палеонтологик методнинг такомиллашиши натижасида олинган янги маълумотлар асосида Геохронология шкаласига ўзгартиришлар киритилмоқда.
Мутлақ Геохронологияда тоғ жинслари ва минералларнинг радиометрик ёши аниқланади. Минг ва млн. йиллар билан ўлчанади. Кимёвий элементларнинг радиоактив парчаланиши тезлиги доимий бўлиб, ташқи муҳит таъсиридан ўзгармайди. Мутлақ Геохронологияни 20-а. бошларида франциялик П. Кюри ва англиялик Э. Резерфорд таклиф қилишган. Улар томонидан мутлақ Геохронологияга қўлланилган принцип айни пайтгача ишлатилмоқда. Мутлақ Геохронологияда радиоактив парчаланиши узок, йиллар давом этадиган (млрд. йил) уран ва торий элементлари ишлатилади. Токембрийнинг Геохронология шкаласи тоғ жинсларининг мутлақ ёшини кўп марта аниқлаб тузилган. Парчаланишнинг охирги маҳсулотига қараб мутлақ Геохронологиянинг қўрғошин, гелий, аргон, кальций, стронций ва б., шунингдек радиоуглерод методлари мавжуд. Булардан қўрғошин (уран-торийқўрғошинли), аргон (аргон-калийли) ва стронций (рубидий-стронций) методи кўп ишлатилади. Қўрғошин методи минераллардаги (уранинит, монацит, циркон, ортит) радиоген қўрғошинни тадқиқ қилишга асосланган. Бу метод энг ишонарли ҳисобланади. Унинг ижобий томони шундаки, минералнинг ёши бир-бирига боғлиқ бўлмаган учта тенглама ёрдамида аниқланади.
Бу тенглама ҳақиқатга энг яқин ёшни фақат бир марта ўлчанган тенглама коният беради. Айни пайтда тенгламанинг қиймати 137,7 га тенг ва барча минерал, тоғ жинсларида бир хил. Радиоактив минералларда радиоген қўрғошин билан биргаликда оддий қўрғошин қўшимчалари борлиги сабабли ёшни аниқлашда тузатишлар киритилади. Қўрғошин рудасишшг изотоп таркиби бўйича аниқланган ёш модель ёш деб юритилади. Амалда модель ёшнинг ҳақиқий ёшга мос келиши ёки келмаслиги кўпчилик конларда кузатилган.
Аргон методи калийли минералларда аргоннинг радиоген тўпланишига асосланган. Зарур материалларни осонгина олиш мумкин бўлганлиги сабабли аргон методи кўп ишлатилади. Методнинг камчилиги фақат ички назорат қилиш имконининг йўқлигидадир. Чунки аргон методида тоғ жинслари ва минералларнинг ёши факат битта тенглама орқали аниқпанади.
Стронций методи , 87Rb ни радиоактив парчаланиб 87Sr га айланишига асосланган. Бу метод кам ишлатилади.
Радиоуглерод методи 60000 ёшгача бўлган турли геологик объектларнинг ёшини аниқлашда муҳим.
Абсолют Г. га оид тадқиқотлар катта назарий ва амалий аҳамиятга эга. Тадқиқот натижалари илмий адабиётларда кенг ёритилади. Ўзбекистонда Геохронология соҳасидаги ишлар Ҳ. М. Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти ҳамда Минерал ресурслар институтида бажарилади. Ўзбекистоннинг ғарби ва жан. даги магматик тоғ жинсларининг мутлақ ёши аниқланган.
Султонбой Ҳусанов.