ҲУСАЙН БОЙҚАРО

ҲУСАЙН БОЙҚАРО, Ҳусайний (тўлиқ номи Ҳусайн ибн Мирзо Мансур бинни Мирзо Бойқаро) (1438 — Ҳирот — 1506) — Хуросон ҳукмдори (1469—1506), шоир. 15-а. ўзбек мумтоз адабиётининг намояндаларидан. Темурийлардан Умаршайх мирзонинг эвараси. Онаси Ферузабегим темурийлардан Мироншоҳнинг набираси. Ҳусайн Бойқаро, Бобур таърифлаганидек, икки томонлама улуғ («карим ут-тарафайн») бўлган.

14 ёшда Абулқосим Бобур саройига хизматга кирган. 1454 й. Абулқосим Бобурнинг Самарқандга — Абу Саид Мирзога қарши юришида қатнашган. Абулқосим Бобур енгилгач, сулҳ тузиб, Ҳиротга қайтган. Ҳусайн Бойқаро эса онасининг тавсияси билан Абу Саид Мирзо саройида қолган. Кўп ўтмай, қамоққа олинган. Ферузабегим уни қутқариб, Ҳиротга олиб келган. Шоҳ вафот этгач, Ҳусайн Бойқаро Марв ҳукмдори Султон Сан-жар хизматига кирган ва унинг қизи Бека Султонбегимга уйланган. Султон Санжар Ҳ. Б. ни ўз ўрнига қўйиб, Машҳадга юриш қилган. Бу орада Марвда Ҳусайн Бойқарога қарши фитна уюштирилиб, у овга чиққанда, шаҳар дарвозалари бер-китиб олинган. Ҳусайн Бойқаро 1457 й. қишни Марв билан Хива оралиғидаги биёбонда ўтказган. 1458 й. да 300 кишилик қўшин билан Султон Санжарнинг яқинларидан Бобо Ҳасан қўшинини енгиб, Нисо вилояти, сўнг Астрободни эгал-лаган. 1459 й. да Ҳусайн Бойқаро ҳузурига Абду-раззоқ Самарқандий элчи бўлиб келган. 1460 й. да вазият тақозоси билан Ҳ. Б. Астрободни ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Аммо 1461 й. шаҳарни қайта-риб олган. Шу йил ёз охирларида Ҳиротга юриш қилган. Бироқ Абу Саид Мирзога бас келолмай, орқага чекинган, бунинг устига, Астрободдан ҳам маҳрум бўлган. Амударё орқали Хоразмга ўтиб, Вазир ш. га — Мус-тафохон ҳузурига элчи юбориб, Абу Саидга қарши биргаликда курашишга даъват этган. Лекин элчи келгунча, унинг оғаси Пир Будоғ билан келишиб, Мустафохонга қарши юриш қилишган, лекин Вазир ш. ни ололмай, битим тузганлар. Ҳ. Б. Адоққа бориб, 1461 й. охирларигача ўша ерда қолган. Адоқда туриб, Астробод, Гургон ва Эроннинг бошқа туманларига ҳужумлар уюштирган, мағлубиятга учраганида, шу ердан паноҳ топган. Мустафо зул-мига қарши кўтарилган исёндан фойдаланиб, аввал Вазирни, 1462 й. да Урганч ва Хивани қўлга киритган. Орадан 1 йил ўтмай, Абу Саид уни хоразмдан суриб чиқарган. 1463—64 й. ларда Урганч, Хива, Ҳазорасп, Тир-сакни қўлга киритган. Шу ерда куч тўплаб, яна Хуросонга ҳужум қилган. Аммо Абу Саид қўшинлари Хивани эгаллайди. Ҳусайн Бойқаро уни қайтариб олади. 1467 й. да яна Урганчни эгаллайди. Шу йили у ўзбеклар хони Абулхайрхондан ёрдам сўраб, Дашти Қипчоққа боради. Хон ёрдам ваъда қилади, лекин бетоб бўлиб қолганлиги туфай-ли, бу ваъда амалга ошмайди. 1469 й. мартигача Хоразм ва Бухоро ўртасида сарсон-саргардон юрган Ҳусайн Бойқаро, Абу Саид вафот этгач, Ҳиротни эгаллаб, Самарқанддан дўсти Алишер Навоийнн махсус ёрлиқ билан чақириб олади ва муҳрдорлик вазифасига тай-инлайди. Навоий дўстини тахтга чиқиши билан қутлаб, унга «Ҳилолия» қасидасини тақдим этган.

1469—70 й. лар Шоҳрух мирзонинг авлодларидан Ёдгор Муҳаммад Мирзо ва Абу Саид Мирзонинг ўғли Султон Маҳмуд Мирзо тахт даъвогарлари сифатида майдонга чиқадилар. Ёдгор Мирзонинг тарафдорлари, хусусан, онаси Поянда Султонбегим Ҳирот ичкарисида зимдан иш олиб борган. 1470 й. нинг июлида Ҳусайн Бойқаро қўшин билан душманга қарши жангга кетганда, пойтахтда сотқин бек ва амалдорлар Ёдгор Мирзо номига хутба ўқитганлар. Ҳусайн Бойқаро 1 ойдан сўнг Навоийнинг тад-биркорлиги билан Ёдгор Мирзони қўлга олиб, тахтни қайта эгаллаган ва ум-рининг охиригача ҳукмдорлик қилган. Салтанатига Хоразм, Сейистон, Қан-даҳор, Балх, Ғазнадан Домғонгача бўлган ерлар кирган. Юрак хасталигидан вафот этган Ҳусайн Бойқаро ўзи қурдирган мадраса ичидаги мақбарага дафн этилган. Ҳозир мақбара вайрон бўлган, қабр ва унинг устига ўрна-тилган «Санги ҳафт қалам» сақланиб қолган.

Ҳусайн Бойқаро темурийлар орасида анча шижоатли ва маърифатли, шариатга қатъий амал қилган ҳукмдор бўлган. Ҳ. Б. Хуросонда ҳокимиятни эгаллагач, асосий эътиборни мамлакатда тинчлик, осойишталикни қарор топ-тириш, ички ҳудудий низолар, зид-диятларни бартараф этиш ва марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга қаратган. У ўлкада маданий-маърифий ва ободончилик ишларини ривожлантиришга алоҳида рағбат кўрсатган: иқтисодий ҳаёт юксалиб, савдо-сотиқ ривожланган, юзлаб карвонса-ройлар, работ, кўприк, мактаб, мад-раса, масжид, хонақоҳ, ҳаммом, табобатхона, етимхона, сув ҳавзалари қурилган, каналлар қазилган, боғлар барпо этилган.

Ҳусайн Бойқаро даврида Ҳирот Шарқнинг фан, маданият, ҳунармандчилик ривожланган йирик марказига айланган: турли мамлакатлардан истеъдод соҳиблари Ҳиротга паноҳ ахтариб келганлар. Тил, адабиёт, тарих, тасвирий санъат, хаттотлик, китобат санъ-ати, табобат, ҳандаса, мусиқа, қоғоз тайёрлаш, томоша санъати ва б. соҳалар ривожланган. Ҳирот, Машҳад, Марв, Нишопур сингари шаҳарларда кўплаб ноёб обидалар барпо этилган. Маҳаллий ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар Хуросондан ташқарида ҳам машҳур бўлган. Ҳусайн Бойқаро, Навоий ва Жомий кўплаб истеъдодларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаганлар; ўз даврининг забардаст шоир, олим, муаррих, мусиқачи, хаттот, наққошлари худди шу замонда етишиб чиққанлар ва фаол ижод қилганлар.

Ҳусайн Бойқаро туркий тилда ёзишни рағбатлантирган ва шунга даъват қилган. Ўзи ҳам бадиий ижод билан шуғулланиб, «Ҳусайний» тахаллуси билан шеърлар ёзган, шеърият мажлислари ташкил этиб, шоирларга раҳнамолик қилган. Ундан бизгача шеърлар девони ва навоийга бағишланган «Рисола» асари етиб келган. «Рисола» асари 1945 й. да турк олими Исмоил Ҳикмат томонидан топилиб, илмий муомалага кири-тилган. Шоҳ шоирнинг ҳозиргача 202 ғазал, Навоий газалига боғланган 3 мухаммас, 6 рубоий, шунингдек, форс-тожикча 2 ғазал. 1 рубоий ва бир неча байтлари маълум. Ғазалларининг барчаси рамал баҳрида. Лекин улар Ҳусайн Бойқаронинг табъи баланд, диди нозик шоир бўлганлигини кўрсатади. Навоий «Мажолис ун-нафоис» тазкирасининг 8-мажлисини тўлиқ Ҳусайн Бойқаро ижо-дида бағишлаб, унинг девонидаги 164 ғазалнинг матлаъини келтиради ва у қўллаган бадиий тимсоллар, шеърий санъатлар, нозик маъно ва оҳорли ташбеҳлар хусусида фикр юритади. Ҳусайн Бойқаро ғазаллари тилининг мусиқийлиги ва жарангдорлиги билан ажралиб туради.

Ҳусайн Бойқародан 14 ўғил, 11 қиз қолган. бадиуззамон Мирзо, Шоҳғариб Мирзо, Муҳаммад Ҳусайн, Иброҳим Ҳусайн каби ўғиллари бадиий ижод билан ҳам шуғулланишган. Кейинчалик ўзаро ички урушлар, Ҳусайн Бойқаро ва сарой амалдорларининг маишатга берилиб кетиши оқибатида Хуросон давлати заифлашган. Унинг вафотидан сўнг Ҳирот шайбонийлар томонидан забт этилган (1507).

Ас..Девон [Рисола], Т., 1968; Ҳусайн Бой-қаро [Рисола], Т., 1991; Жамолингдин кўзум равшан [Шеърлар), Т., 1991; Девон, Т., 1995.

Ад. . Алишер Навоий, Мажолис уннафоис [Мукаммал асарлар тўплами], 13ж., Т., 1998; Заҳириддин Муҳаммад бобур, Бобурнома, Т., 1989; Ўзбек адабиёти тарихи, 2-ж., Т., 1977; Аҳмедов Б., тарих сабоқлари, Т., 1994; Буюк сиймолар, алломалар, 2-китоб, Т., 1996; Ҳомидий Ҳусайн бойқаро, Кўҳна Шарқ дарғалари, Т., 1999.

Бегали Қосимов


Кирилл алифбосида мақола: ҲУСАЙН БОЙҚАРО ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ҳ ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АЛИШЕР НАВОИЙ
БОБУР
ИБН СИНО
АМИР ТЕМУР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты