ГИЛАМЧИЛИК

ГИЛАМЧИЛИК — гилам тўқиш касби, бадиий ҳунармандлик соҳаси. Қадимдан чорвачилик билан шуғулланадиган кўчманчи қабилалар орасида кенг тарқалган. Ўсимлик (пахта, зиғир, жут) толаси, жун (қўй, эчки, туя жуни) дангина тайёрланган. Гилам тўқиш учун қирқилган жунлар ювилиб тозаланади, темир тароқларда таралади, таралган жунлардан ип йигирилади. Иплар турли табиий бўёқлар билан бўялади. Шунинг учун гилам ранглари ўзгармайди ва ўзининг сифатини йўқотмайди. Ҳозирда сунъий толалардан ҳам тўқилмоқда. Гиламчилик ер бағирлаб ётиқ (горизонтал) ва тик (вертикал) ўрнатилган дастгоҳларда тўқилади. Гиламчилик ривожланган жойларда тўқув дастгоқлари анча мукаммаллаштирилган ва бир неча тўқувчи ёнма-ён ўтириб бирданига тўқийверадиган кенг ўқ (ғалтак)ли хиллари яратилган. Гиламдўз уста нақш мужассамотини ёдаки ёки нусха асосида тўқийди. Тўқилиш усулига кўра патли ва патсиз гилам турлари фаркланади.

Қўлда гилам тўқиш Ўрта Осиёда, айниқса Туркманистонда кенг ривожланган. Қўлда гилам тўқиш ниҳоятда сермашаққат иш, тўқувчидан қунт, дид ва маҳорат талаб қилади. Патли гиламларни тўқиш айниқса мураккаб. Қўлда тўқилган гилам пати, нақш мужассамоти асос ипига рангли иплардан тугиб бандлар ҳосил қилиб яратилади, тугун учи матонинг юза томонига чиқариб текис қирқилади, ҳар бир қатордан сўнг арқоқ ипи ўтказиб махсус темир тароққа уриб аввалгисига маҳкамланади. Тайёр гилам махсус кимёвий моддалар ёрдамида ювилади. Гиламлар турли ҳажмларда тайёрланади. 20-а. 30-й. ларидан кейингина пат боғлайдиган махсус дастгоҳи корхоналар пайдо бўлди (жумладан Андижондаги «Меҳнат гули» артели). Шарқ Г. да ишлаб чиқарилган жойи, нақш мужассамоти, сифати (қалинлиги, патининг узунқисқалиги), ранг ечими билан бир-биридан фарқланадиган эрон, турк, туркман ва озарбайжон гиламлари қадимдан машҳур.

Гиламчиликнинг пайдо бўлган вақтини аниқ айтиш қийин, чунки жун чидамсиз бўлиб, қад. гиламлар сақланмаган. Энг қад. гилам мил. ав. 6—5-а. ларга оид бўлиб, Тоғли Олтойдан топилган, абадий музлоқда бўлгани учун яхши сақланган. Олимларнинг тахминига кўра, у Ахоманийлар даври форслари ёки Ўрта Осиё қабилалари орасида тайёрланган (ҳажми 1,8×2 м; нақш мужассамоти: ҳандасий шакллар нилуфар гуллар билан безатилган, кенг ҳошияларида отлиқ чавандозлар, холдор буғулар, грифонлар тасвири бор).

Қад. ва илк ўрта асрлар Гиламчиликга оид маълумотлар ёзма манбаларда сакланган. Салжуқийлар даврида гиламлар («кўня», топилган жой номидан) кўплаб тайёрланган ва Миср, Ҳиндистон, Хитойга чиқарилган.

Ўрта асрларда Гиламчилик уч йўналишда — кўчманчи ва ярим кўчманчи чорвадор қабилаларда, ўтроқ (қишлоқ ёки шаҳар) аҳоли орасида, сарой устахоналарида ривожланган. Тадқиқотчилар Эрон, Закавказье, Ўрта Осиё гиламларини алоҳида кўрсатиб ўтганлар.

16-асрдан сарой (эрон) гиламлари яхши сақланган. Бу гиламлар («Турунж», «Шоҳ Аббос», «Боғ», «Ов» ва б.) амалий санъатнинг нодир намуналаридир. Улар миниатюра усталари — мусаввирларнинг чизгилари асосида тўқилган. Г. Туркия, Бобурийлар даврида Ҳиндистонда («Мўғул», «Агра» ва б. гиламлар), Миср, Сурия, Кавказ ортида тараққий этди.

18—19-а. ларда Гиламчилик Закавказье ва Ўрта Осиёда саройларда эмас, балки халқ орасида кенг тарқалди. Асосий марказлари Казах, Ганжа, Ширвон, Боку, Нахичеван бўлган Закавказье гиламлари ранг-баранг мужассамоти, ижро усули ва бадиий жиҳати б-н, Туркманистон гиламлари («Салор», «Сариқ», «Така ёвмут», «Башир» ва б.) қизил рангининг теранлиги, ҳандасий гуллари ва ўта пишиқлиги билан ажралиб туради.

Ғарбий Европа Г. да 16-а. дан фламанд, француз, немис шпалерлари алоҳида ўрин тутган. 17—18-а. лардан патли гиламлар (1624 й. да Парижда асос солинган Савонери мануфактурасида) ишлаб чиқарила бошланган, кейинроқ Англия ва Испанияда ҳам патли гиламлар тайёрлаш йўлга қўйилган. 19-а. дан гиламлар ф-каларда ишлаб чиқарила бошлагач, унинг сифати кескин пасайиб кетди. 20-а. ўрталаридан бадиий ҳунармандликда Гиламчиликни қайта тиклашга уринишлар самарали бўлди. Польша, Болгария, Руминия, Югославия патли гиламлари билан бир каторда патсиз гиламлар ҳам тайёрлана бошлади.

Г. Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистан ҳудудида жуда қадимдан ривожланган (Хоразмдаги археологик қазишлар пайтида мил. ав. 1-минг йилликка мансуб гилам намунаси топилган). Гиламчилик билан асосан аёллар шуғулланган, нақш (гул)лар (ислимий, гириҳ, ҳайвон шакллари, турли нарсалар тасвири, уруғ тамғаси ва б.) ни эса хотирада сақлашган. Безакларида йўлбарс ва туя излари, олма гули, узум занги, туя бўйни, қалқон, ўсимликлар ифодаланган, айниқса хайвон шохи тасвири кенг тарқалган. Мужассамотининг берклиги, марказий майдоннинг нақшли ҳошия билан ўралганлиги (йўл-йўл нақшлар бундан мустасно) Ўрта Осиё гиламлари учун хос бўлган, нақшининг аниқлиги, гўзал бўлиши ва рангларининг уйғунлиги уларнинг бадиий қимматини оширган. Асосий ранг кизил ранг ва унинг 2-3 туей бўлиб, кўк, қора, оқ, сариқ ранглар иккинчи даражали бўлган. Рангларнинг моҳирона ишлатилиши билан ифодали тасвир ҳосил қилинган. Бир нақш қисмларини турли кўринишларда бўялиши билан ранг-барангликка ва жозибадорликка эришилган.

Андижон, Самарқанд гиламлари, қорақалпоқлар тўқиган ўтов жиҳозлари бадиий жиҳатдан моҳирона ишланган. Андижон гиламларининг пати қисқа, қалин ва майин бўлган. Самарқанднинг рангдор узун патли жулхирс («айиқ тери») гилами ўзига хослиги билан ажралиб туради.

20-а. га келиб Гиламчилик ўзига хос тарзда тараққий этди, Гиламчилик марказларида гилам тўқиш ривожланди, артеллар тузилиб, уларга халқ усталари жалб қилинди (мас, Андижон вилояти Ойим қишлоғидаги гилам тўқиш артели), уларда бир хил нақшли, юқори сифатли гиламлар, шунингдек, майда рўзғор буюмлари тўқилди. 30-й. ларнинг 2-ярмидан мавзули ва тасвирли гилам намуналарини яратишга уринишлар бўлди. Гиламчилик марказларида Кавказ гиламлари, анъанавий туркман гиламлари хилидаги бирмунча соддалаштирилган гиламлар ишлаб чиқарилди, фақат Самарканд гилами (жулхирс) ўзининг анъанавий услубини, рангдорлигини сақлаб қолди. 40—50-й. ларда Гиламчилик марказлари (Самарканд, Китоб, 1946; Хива, Андижон, Термиз, 1947; Шаҳрисабз, 1949; Хўжайли, 1954) ташкил этилди, маҳаллий усталар шогирдлар тайёрлади, қад. анъанавий нақшлар тикланди. Рассом ва ҳунарманд усталар ҳамкорлиги натижасида муваффақиятларга эришилди. Амалий ва маҳобатли санъат анъаналаридан унумли фойдаланилиб, дастлабки янги нусха Хоразм гилами ва унга хос бўлган феруза ранг замин яратилди.

60-й. ларнинг охирида майда артеллар бирлаштирилиб янги Гиламчилик корхоналари ташкил этилди, моҳир усталар шу корхоналарда меҳнат кила бошлади. Олмалиқ, Самарқанд, Хива, Фориш, Шофиркон ва б. жойлардаги ф-каларда анъанавий нақш мужассамоти ва бадиий жиҳатдан ижодий бойитилган нафис гиламлар тайёрланмоқда.

Ҳоз. да Гиламчилик Фарғона водийсида, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё вилоятлари, Қорақалпоғистонда ривожланган. Шунингдек, Самарканд, Ургут, Қўқон ва Хоразм ҳам Гиламчилик марказларидир. Анъанавий Гиламчилик ҳунармандлик тури (уйда тўқиладиган) сифатида ривожланмоқда. Самарканд ва Бухоронинг ипак гиламлари ҳам кенг тарқалмоқда. Анъанавий Гиламчилик ривожига «Усто» бирлашмаси ва «Ҳунарманд» ассоциацияси муносиб ҳисса қўшмоқда (яна қ. Гиламчилик саноати).

Эльмира Гуль.


Кирилл алифбосида мақола: ГИЛАМЧИЛИК ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Г ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
АМАЛИЙ САНЪАТ
ФРАНЦИЯ
ИБН СИНО
АЛИШЕР НАВОИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты