ГРАММАТИКА (юн. grammatike, gramma сўзидан — ҳарф, ёзиш) — тилшуносликнинг тилнинг грамматик тузилишини, яъни сўзларнинг шаклга эга бўлиш қонуниятларини, шунингдек, сўз бирикмалари ва гапларни тузиш қонуниятларини ўрганадиган бўлими. Грамматика 2 қисмдан — морфология ва синтаксисдан иборат. Морфологияда сўзнинг грамматик туркумлари ва морфологик категориялар, сўз шакллари, синтаксисда эса сўз шаклларининг гaп таркибида ўзаро бирикиш йўллари, ran ва унинг категориялари, гапнинг тузилиш турлари баён қилинади. Демак, Грамматикада сўз шакли, грамматик маъно, грамматик шакл, грамматик категория, ran ва унинг категориялари ҳақидаги тушунчалар марказий ўринни эгаллайди. Тилда ўзининг доимий ифодаловчисига эга бўлган, сўз шакли ва гапга хос умумлашган маъно грамматик маъно саналади. Маълум грамматик маънони ифодалаш учун хизмат қиладиган моддий восита грамматик шакл ҳисобланади. Грамматик шаклларни грамматик категорияни ташкил этган унсурлар дейиш мумкин. Аслида грамматик шакл деганда, маълум грамматик маънонинг моддий томони тушунилади. Грамматик шакл грамматик категорияни ташкил этган қисмларнинг бир томонини — шаклий томонини ифодалайди. Шу боис, грамматик категориялар грамматик шаклларнинг муносабатидан юзага келган умумийлик, дейилса мантиқан тўғри бўлмайди. Чунки грамматик категория таркибига кирган ҳар бир қисм ҳам, ўз навбатида, шакл ва мазмун муносабатидан ташкил топган яхлитликдир. Шу сабабли айрим муаллифлар грамматик категория таркибий қисмлари учун граммема атамасидан фойдаланмоқдалар.
Грамматик бирликларни грамматик категорияларга бирлаштиришда шу категорияга хос умумлашган маъно асос бўлиб хизмат килади. Категорияга хос бу умумлашган маъно мазкур категорияга бирлашган ҳар бир граммемада такрорланади. Шу билан биргаликда категория доирасидаги ҳар бир граммеманинг бошқасидан фарқ қиладиган маъноси ҳам бор. Ана шу маънолар категория унсурларининг ўзаро зидланишида асос бўлиб хизмат килади. Шундай килиб, категория маъноси билан категория таркибидаги граммема маъноси ўртасида тур-жинс муносабати мавжуд.
Грамматика маълум тил қурилишини қандай ўрганишига кўра, амалий Грамматика ва назарий Грамматикага бўлинади. Амалий Грамматика муайян бир тилда гапнинг тўғри қурилиши учун зарур бўлган грамматик қоидаларни тавсифлайди. У, ўз навбатида, 2 турга бўлинади: тавсифий ва меъёрий Г. Тавсифий Грамматика тил грамматик қурилишини тавсифлаш, баён қилиш билан чекланади. Меъёрий Грамматика эса тил фактларининг тил меъёрига муносабатини, маълум бир лисоний бирлик ёки қурилманинг тўғри ёки нотўғри қўлланганини ўрганади. Амалий Грамматикадан фарқди равишда, назарий Грамматика тил қурилишини тавсифлаш билан бирга, тил қурилишидаги бирликларнинг ўзаро муносабатини ўрганади. Бу орқали ҳар бир лингвистик бирликнинг тил системасидаги ўрни, қиймати белгиланади. Назарий Грамматикада тил грамматик қурилишининг системавий хусусияти очилади. Бевосита кузатишда берилган ҳодисалар замирида яширинган моҳият белгиланади. Шунинг учун ҳам назарий Грамматика умумийлик — хусусийлик, моҳият — ҳодиса, имконият — воқелик диалектикасини ўзида намоён этувчи тил — нутқ зидланишига асосланади.
Грамматик бирликлар тадқиқотчи томонидан қайси томондан ўрганилишига кўра, Грамматика фаол, нофаол турларга бўлинади. Шаклдан маънога қараб тадқиқ қилиш усули — семасиология усулидир. Бу усулда маълум грамматик шакл қандай маъно ифодалаши ҳақида гaп боради. Юқоридаги усулда грамматик бирликларни ўрганиш нофаол Грамматика саналади. Аксинча, мазмундан шаклга тамойили билан иш кўрувчи Грамматика фаол Грамматика ҳисобланади. Фаол Грамматикада у ёки бу мазмун қандай йўллар билан моддийлашиши мумкинлиги аниқланади.
Худди шу йўналиш билан боғлиқ равишда Грамматика мазмуний (ментал), шаклий (формал) ва вазифавий (функционал) Грамматика ларга бўлинади. Мазмуний Грамматика мазмундан шаклга тамойилига амал қилади. Объектив борлиқнинг онгда акс этиши ва онгда акс этган объектив олам унсурлари умумлашган образларнинг тилда қандай ўз ифодасини топишини мазмуний Грамматика ўрганади. Шаклий Грамматика эса семасиологик тамойил, шаклдан мазмунга тамойили асосида иш кўради. Грамматик категорияларни тасниф қилишда шакл устуворлик килади. Бу йуналишда грамматик шаклларни ўрганиш жараёнида нолисоний (экстралингвистик) омилларнинг эътиборга олиниши шарт эмаслиги таъкидланади. Функционал Грамматикада асосий эътибор грамматик шакл ва грамматик категорияларнинг вазифасига қаратилади. Бундай Грамматика ларда лисоний бирликнинг 3 томони: мазмун, шакл, вазифа (функция) диалектик бирликда олинади.
Грамматика муаммолари дастлаб қад. Ҳиндистонда (тилшунос Панинининг Грамматикага оид трактатида, мил. ав. 5—4-а. лар), кейинроқ Юнонистонда (Аристотель, мил. ав. 4-а., юнон тилшуноси Аполлон Дискол, мил. ав. 2-а. ва б. нинг асарларида) ишланган. Юнон грамматик анъаналари лотин тилини ўрганиш жараёнида ривожланиб борган.
Ўзбекистонда Грамматикани ўрганиш тарихи Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарига бориб тақалади. Бу жараён ўрта асрлардаги луғатшунослик тараққиётида ҳам ўз аксини топган (Толи Имоний Ҳиравийнинг «Бадое ул-луғат» асари, 15-а. ; «Абушқа» номли чиғатойча-туркча луғат, 16-а. ва б.).
Ҳоз. ўзбек тили Г. си Европа Г. си асосида яратилган. Бу жараён 19-а. нинг 2-ярмидан бошланган. Дастлаб рус туркшуноси М. А. Терентьев «Турк, форс, қирғиз (қозоқ) ва ўзбек тилларининг грамматикаси» (1875) китобини ёзиб, СанктПетербургда нашр эттирган. Бу китоб маҳаллий тилни ўрганмоқчи бўлган русийзабон кишиларга мўлжалланган эди. Ўзбек тилининг изчил илмий Грамматика сини яратишни 20-а. нинг 20-й. ларида Фитрат, Ғози Юнус, Шорасул Зуннун ва б. бошлаб бердилар. Кейинчалик бу соҳада А. Ғуломов, Ғ. Абдураҳмонов, А. Ҳожиев, Ш. Раҳматуллаев, Ш. Шоабдураҳмонов, С. Усмонов, Б. Ўринбоев ва б. тилшунос олимлар катта ишларни амалга оширдилар (яна қ. Тилшунослик).
Ад.: Есперсен О., Философия грамматики, М., 1958; Ўзбек тили грамматикаси, Т., I, II ж., 1975, 1981; Содиқов А. ва б., Тилшуносликка кириш, Т., 1981; Ҳожиев А., Лингвистик терминларнинг изоқли луғати Т., 1985; Ш оаб д у р аҳм о н о в Ш., Ҳожиев А. ва б., Ҳозирги ўзбек адабий тили, Т., 1980; Маҳмудов Н., Нурмонов А., Ўзбек тилининг назарий грамматикаси, Т., 1995; Нурмонов А., Шаҳобиддинова Ш. ваб., Ўзбек тилининг назарий грамматикаси, Т., 2001.
Абдуҳамид Нурмонов, Неьмат Маҳкамов.