ИСТАМИ ХОҚОН, Истеми (хитойча Ши-де-ми, юн. — Стемвис, византияча — Дизавул ёхуд Силзибул, араб. — Синджибу) (?—576) — Ғарбий турк хоқонлигининг асосчиси ва 1-хоқони (553—76). Бумин хоқоннинг укаси. Акаси вафоти (553) дан сўнг Турк хоқоняигинпнт ғарбга қилган ҳарбий юришига раҳбарлик қилган. Истами хоқон қўшинининг сони 100 минг киши бўлган. Унинг унвони ябғу-хоқон бўлган. Истами хоқон ғарбни забт этишга жияни Муғон хоқоннинг ябғуси сифатида йўл олган. Истами хоқон қўшини қаттиқ қаршиликка учрамаган. 555 й. улар «Ғарбий денгиз» (Орол денги-зи) бўйига етиб борганлар. Фирдавсийнинг ёзишича, Истами хоқонга тобе бўлган мулкларнинг чегараси «Чин» (Хитой)дан Жайхунгача ва Чоч (Тошкент)нинг нариги томонидаги Гулзариюн (Сирда-рё) гача чўзилган. Шундай қилиб, туркийлар бир ярим йил ичида бутун Мар-казий Қозоғистон, Еттисув ва Хораз-мни забт этганлар. Бироқ Истами хоқон юриши кейин қийинлашган. Орол денгизининг шим. да унга хуни (хионитлар), вар (ўғур қавми) ва ўғур (угорлар-венгерлар аждоди) лар қаттиқ қаршилик кўрсатганлар. Фақат 558 й. бу қабилалар тор-мор қилинган ва туркийлар Волга бўйларига чиққанлар. Истами хоқонга тобе бўлишдан воз кечган вар ва хуни қа-билаларнинг қолган-қутганлари (20 мингга яқин киши) қочиб, кейинчалик ягона халқ — аварларта бирлашган. Истами хоқон: «Аварлар турк қиличидан қочиб қутулиш учун осмонга учадиган қушлар эмас, улар сувга шўнғиб денгиз пўртаналарида ғойиб бўладиган балиқлар эмас, улар ер юзида тентираб юри-шибди. Эфталийларни енгиб олай, аварларга ҳамла қиламан, шунда улар менинг кучқудратимдан қочиб қутулмайдилар», деган эди. У эфталийларга қарши юришни фақат 561 й. бошлаган, чунки бу даврда Хусрав I Ануширвон Византия императори Юстиниан билан сулҳ тузиб, эътиборини шарққа қаратган эди. Истами хоқон Эрон б-н ҳарбий иттифоқ тузиб, уни Эрон шоҳининг қизига уйланиш билан янада мустаҳкамлайди. Сосонийларни Балхга берган зарбасидан фойдаланиб, Истами хоқон қўшини 565 й. Ўрта Осиёга, эфталийлар ҳудудига бостириб кирган. Бухоро яқинидаги 8 кун давом этган жангда эфталийлар подшоси Гатифарнинг қўшини тор-мор қилинган. Ўрта Осиёни тўла забт этиш 571 й. ту-галланган.
Туркийларнинг ашаддий душмани бўлган аварлар Савадан Донга қадар чўзилган даштларни эгаллаганлар ва Истами хоқон жан. га қилаётган юришини тўхтатиб, эътиборини ғарбга қаратишга тўғри келган. 567—571 й. ларда туркийлар бутун Шим. Кавказни эгаллашган, улар баланжар ва хазарларни тобе этиб, Дарбандга кадар етиб борганлар ва ис-теҳкомларни кўздан кечириб даштга қайтганлар. Уларнинг ерлари Боспор яқинида Византия империяси ерлари билан туташган. 569 й. И. х. Византия элчиси Земархга қирғиз элатидан бўлган асира қизни инъом қилган. Истами хоқон Сали тоғларидан Кавказ ва Қримгача ёйилган Ғарбий турк хоқонлиги ҳудудида 10 та туркий халқни бирлаштирган ягона иттифоқни барпо этган. Истами хоқон ва-фот этгач, ўғиллари Қорачуринга Еттисув, Турксанфга эса қуйи Волга ва Урал атрофидаги ерлар мерос қолган.
Ад.: Барманкулов М ., Хрустальная мечта тюрков о квадронации, Алматы, 1999; Гумилев Л. Н., Древние тюрки, М„ 1967.
Фахриддин Ҳасанов.