ИСТЕЪДОД, талант — ниҳоятда зўр қобилият, бирор соҳада юксак даражадаги лаёқат. У идрок, тасаввур, тафаккур, хотира, кузатувчанлик бениҳоя ўсганлигида, воқеаҳодисаларнинг янги қирраларини, уларнинг замиридаги мураккаб алоқадорликни кашф этишда кўринади. Кишининг билимларни ўзлаштириши, назарий ва амалий масалаларни ҳал этиши, ижоди, ўз билими ва малакаларини турмушга татбиқ қила билишидан унинг Истеъдод ини билиш мумкин. Истеъдод ҳақида турли назариялар мавжуд. Уларга кўра, Истеъдод худо томонидан берилади; ирсият орқали ўтади; тарбия орқали пайдо қилинади; инсондаги табиий, тугма анатомик-физиологик лаёқат муайян фаолиятда шаклланади ва ривожланади.
Истеъдод инсоннинг маълум фаолияти турида ўзини намоён этади. Билим, кўникма, малака, тажрибалар Истеъдод ривожида катта роль ўйнайди. Қобилият ёки лаёқат ўсишига ижтимоий шароит яратилганда, уни тарбиялаб камолга етказилгандагина Истеъдод юзага чиқади, Истеъдодга шахснинг меҳнатсеварлиги ҳам қўшилган тақдирда янгилик ва кашфиёт пайдо бўлади. Даҳо И. нинг юксак намунаси ҳисобланади. Даҳо эгаси ба-тамом янгилик ижод этиб, ўз соҳасида оригинал йўналиш яратади.
Ад.: Маҳмудов Т., Талант художника и обшество, Т., 1972.
Тилаб Маҳмудов.