ИЧ КЕТИШИ, ич суриши, диарея — тез-тез ич келиши билан кечадиган ичак касаллиги, ичак шиллиқ қава-тининг яллиғланиши, ичакнинг ҳаракати, озиқ моддаларни сўриш ва шира чиқариш функциялари бузилиши натижасида келиб чиқади. И к. га кўпинча ингичка ёки йўғон ичакдаги яллиғланиш (колит) жараёнлари сабаб бўлади. Меъда ва меъда ости бези фаолия-тининг бузилиши (ахилия, панкреатит), авитаминозлар, сурункали заҳарланишлар, нерв регуляциясининг издан чиқиши ва б. ҳам Ич кетишига сабаб бўлиши мумкин. Ичак перистальтикаси (ҳаракати) кучайганда ич суюлиб, тез-тез келади, чунки ичакдаги суюқлик тез ҳаракатланади ва қонга сўрилиб улгурмайди. Киши ҳаддан ташқари ҳаяжонланганда ёки қўрққанда, шунингдек, ичак перистальтикасини кучайтирадиган овқат (сабзавот, ҳўл мева, кепакли нон ва ҳ. к.) куп ейилганда ич кетади. Баъзан меъдада овқат етарли ҳазм бўлмаганда, мас, меъда ости бези ва жигарнинг секрет (шира, ут) и. ч. функцияси бузилганда овқат тузук ҳазм булмай, ич суриши мумкин.
Турли микроорганизмлар (мас, дизентерия, хеликобактер пилори, ичак таёқчалари микроблари) ва уларнинг токсинлари (заҳарлари) таъсирида ичаклар, айниқса, ингичка ичак шиллиқ пардаси яллиғланиб, кўпинча Ич кетишига сабаб бўлади (қ. Энтерит). И. к. алоҳида касаллик бўлмай, дизентерия, овқатдан бўладиган токсикоинфекциялар, ич терлама, паратиф, вабо, сурункали ичак яллиғланиши (сурункали энтероколит, колит) каби бир қатор касалликлар белгисидир. Шу боис ич кетганда дарҳол врачга мурожаат килиш керак. Ичак яллиғланганда гоҳ бижғиш (ачиш), гоҳ чириш (сасиш) жараёни кучаяди, мас, ингичка ичак яллиғланганда бижғиш, йуғон ичак яллиғланганда чириш устун булади. Ич кетишининг давоси ва парҳези ҳам шунга қараб белгиланади.
Мишьяк, симоб, кислота, ишқор кабилардан заҳарланишда, шунингдек, баъзи сабабларга кура организмда ҳосил бўлиб, унда унлашиб қолган эндоген токсинлардан заҳарланишда Ич кетиши мумкин (мас, уремияда Ич кетиши) Гижжалар ҳам ичакни яллиғлантириб, ич суриши мумкин (болалардаги Ич кетиши ҳақида қ. Болалар диспепсияси).
Ич кетишини тўғри даволаш учун унинг сабабларини билиш ва уларни бартараф қилиш керак. Ич кетишининг хилига ва сабабига қараб парҳез қилишнинг аҳамияти катта. Мас, ичакда бижғиш жараёни устун бўлса, углеводли овқатлар (мас, хамир овқат, ширинлик) чекланиб, асосан, оқсилли овқат (творог, тухум, гушт ёки балиқ) буюрилади, чириш жараёни устун бўлса, оқсилли овқат (айниқса гўшт, тухум) ўрнига углеводли овқат (ширинлик, пишириб эзилган сабзавот), ҳўл мева, шовла, ширгуруч, ширқовоқ ва ш. к. овқатлар буюрилади. Дорилар ва парҳез ҳақида врачдан маслаҳат олиш ке-рак.
Олдини олиш. Тартиб билан тўғри овқатланиш (овқатни ҳар куни маълум соатларда, шошмасдан, меъёрида ейиш), озиқ-овқатни бузилиши ва ай-нишидан сақлаш, овқатни яхшилаб пишириш муҳим. Ҳаяжонланиш, қўрқишдан келиб чиқадиган (невроген) Ич кетишининг олдини олиш учун нерв системасини чиниқтириш керак. Меъда фаолиятининг бузилишидан келиб чиқадиган Ич кетишининг олдини олиш учун меъда касалликларини даволатиш ва олдини олиш зарур. Қўл, идиш-товоқни тоза тутиш, оғриган тишни ўз вақтида даволатиш каби шахсий профилактика чоралари кўрилади.
Ад.: Қосимов Э. Й. ва б., Ички касалликлар пропедевтикаси. Т., 1996; Йўлдошев К. Й. ва б., Хроник колитлар ва йўғон ичак дискинезиялари, Т., 1989.