ИҚТИСОДИЙ ХАВФСИЗЛИК — мамлакат, ҳудуд, фирма, компаниянинг иқтисодий инқирозга учраш хавфидан ҳимоя қилиш бўйича кўрадиган чора-тадбирлари мажмуи. Ривожланган мамлакатларда Иқтисодий хавфсизликни таъминлаш мақсадларида йирик фирма, компанияларда махсус хизматлар ташкил қилинади. Улар бозорларни ўрганиш, талаб ва таклифни прогнозлаш, илмий-техни-ка тараққиётини кузатиш ва б. ишларни бажарадилар (қ. Маркетинг). И. ҳ. ни таъминлашда маҳсулот турини мунта-зам янгилаб туриш, рақобатдор маҳсулотларни и. ч., харажатларни қисқартириш муҳим аҳамиятга эга.
Иқтисодий хавфсизлик миллий иқтисодиёт даражасида макроиқтисодий категория ва муайян мамлакат миллий иқтисодиётини тавсифлайди, бозор тизимида хатар борлигидан ва бундан ҳатто миллий иқтисодиёт ҳам холи бўлмаслигини, ундан сақланиш зарурлигини билдиради.
Иқтисодий хавфсизликнинг бош мезони бу мамлакат эҳтиёжларининг узлуксиз таъминланиши ҳисобланади, бу, биринчидан, имкон борича ўзини ўз маҳсулот ва хизматлар билан таъминлашни, иккинчидан, мамлакатда яратиш мумкин бўлмаган товар ва хизматларни четдан қулай нархларда ва узлуксиз келтириб туришни билдиради. Акс ҳолда иқтисодиёт издан чиқади. Миллий иқтисодиёт даражасида Иқтисодий хавфсизликнинг муҳим 3 йўналиши (озиқ-овқат, ёқилғи-энергетика, экспорт) мавжуд. Мамлакат аҳолисининг озиқовқатга бўлган талабини қондирилиши 80%, мамлакатнинг энергия омилларига бўлган талабининг ўз ҳисобидан 70— 80% га қондирилганда хавфсизликка эришилган ҳисобланади. Экспорт хавфсизлиги мамлакат экспорт салоҳиятини амалга ошириш имконияти билан белгиланади. Экспорт таркибида истеъмолга тайёр маҳсулотлар, биринчи навбатда, ишлов берувчи са-ноат маҳсулотлари бўлиши талаб этилади. Экспортнинг чекланган турдаги товарларга, айниқса, жаҳон бозорида нархи тез-тез ўзгариб турадиган хом ашё ва энергия омилларига боғлиқ бўлиб қолиши экспорт хатарини туғдиради, нархлар пасайган пайтда экспорт тушумидаги йўқотишлар мамлакат иқтисодиётига зарар келтиради.
Иқтисодиёт глобаллашган, экспорт ва импортнинг миллий иқтисодиётга таъсири кучайган шароитда Иқтисодий хавфсизликни ўз ишлаб чиқариши билан таъминлаб бўлмайди. Шундай шароитда экспорт-импорт алоқаларининг мунтазамлигини стратегик шерикчилик асосида таъминлаш Иқтисодий хавфсизликни кафолатлайди.
Истиклол йиллари Ўзбекистон иқтисодиётидаги таркибий силжишлар туфайли дон мустақиллигига эришилди, мамлакат эҳтиёжининг 90% ўз дони билан таъминланди (2002 й.). Ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш натижасида шу соҳадаги талаб-эҳтиёжларни ҳам, асосан, ўз ишлаб чиқариши ҳисобидан қондиришга эришилди. Алишер Ваҳобов, Садир Салимов.