ЖОМИЙ (тахаллуси; асл исм-шарифи Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад) (1414.7.11, Жом – 1492.8.11, Ҳирот) — форс-тожик шоири, нақшбандийлик тариқатининг йирик вакили. Жомийнинг отабоболари асли Даштдан бўлиб, Жомда, кейинчалик Ҳиротда ҳаёт кечиришган. Жомий Мадраса ёшидан анча эрта Ҳиротдаги «Дилкаш» (Навоий маълумотига кўра, «Низомия») мадрасасига кириб, ўз даврининг таниқли тил, адабиёт олимлари ва мударрислари қўлида таҳсил олган. Шу даврдаёқ у араб тилини мукаммал ўргана бошлаган. Кейинроқ Жомий ўз билимини ошириш учун Самарқандга келади ва Улуғбек мадрасасида буюк фалакиётшунос Қозизода Румий, Али Қушчи, фиқҳшунос Фазлуллоҳ Абуллайс қабилардан таълим олади. Бу йилларда у тил ва адабиётнигина эмас, риёзиёт, фалакиёт, фалсафа, ҳуқуқшунослик фанлари, дин асослари, ҳадис ва тафсир илмларини хам чуқур ўрганади, олимларнинг турли мавзулардаги мунозара ва мубоҳасаларида қатнашиб, етук олимлиги билан танила бошлайди. Ж. Ҳиротга қайтгач, тасаввуф йўлига киришни, ўз билим ва фаолиятини шу йўлга, қолаверса, ижодга, илм-фанга бағишлашни афзал кўради. У ўзига пир қилиб Шайх Саъдиддин Кошғарий (вафоти — 1456)ни танлайди, Ҳиротнинг жоме масжидида унинг суҳбатларини тинглайди. Саъдиддин Кошғарий тасаввуфда Мухаммад Нақшбанд сулукига мансуб эди. Жомий машҳур суфийлар билан яқиндан мулоқотда бўлади. Муҳйиддин ибн ал-Арабийнинг асарларини чуқур мутолаа қилади. Ўзининг мутасаввифлик фаолиятида Баҳоуддин Нақшбанд ғояларини шу сулукнинг иккинчи бир йирик намояндаси — Хўжа Аҳрор билан яқин муносабатда бўлган ҳолда янада ривожлантирди. Расман ўзини кундалик «Маломатия» тариқатига мансуб деб xисобласада, асарларида Нақшбандга ихлоси баланд бўлган. Ж. Хуросонда темурийлардан Шоҳрух, Абулқосим Бобур, Абу Саид ва Ҳусайн Бойқаро подшохлиги даврида яшади. Хуросонда Ҳирот тахтига темурий Султон Ҳусайн Бойқаро ўтиргандан сўнг Жомийнинг мамлакатдаги мавқеи жуда ортади, чунки Султон Ҳусайн ва унинг кўп авлодлари ўзларини унга мурид, деб эълон қилганлар.
Жомий 1472 й. хaжга боради. Бу сафари вақтида Нишопур, Сабзавор, Бастом, Домғон, Қазвин, Ҳамадон, Карбало, Бағдод, Дамашқ, Ҳалаб, Табриз каби бир қанча шаҳарларда бўлади. Унинг шахсий мактубларидан маълум бўлишича, яқин дўсти Хўжа Ахрор таклифи билан Тошкентда ҳам бўлган ва улуғ мозоратларни зиёрат қилган.
Жомий катта ер-мулк эгаси бўлган. Жомий Алишер Навоий билан биринчи марта Абу Саид xукмронлиги даврида Хиёбон мавзесида ҳамма қатори кўришган. Шунда Жомий унга ўзининг бир рисоласини тақдим қилган. 1476—77 й. ларда Навоий ҳам Жомийни ўзига пир, деб танийди. Гарчи Жомийнинг Навоийдан ёши анча улуғ, расман пир ҳисобланса ҳам, моҳиятан улар чин дўст ва ҳамкор бўлганлар. Жомий ўзининг («Нафахотулунс», «Баҳористон» ва б.) бир қанча асарларида Навоийни, Навоий ҳам ўз асарлари («Хамсат ул-мутаҳаййирин», «Мажолис ун-нафоис» ва б.)да Жомийни ҳурмат билан тилга олади. Жомий «Нафаҳот ул-унс» («Азизлар нафаси»), «Рисолаи мусиқи» («Мусиқа рисоласи»), «Рисолаи муаммо» («Муаммо рисоласи») каби ўндан ортиқ асарини Навоий маслаҳати б-н ёзган. Жомий вафотидан сал бурун лирик шеърларини 3 девонга бўлиб, уларга «Фотихат уш-шабоб» («Ёшликнинг бошланиши»), «Воситат ул-икд» («Ўртадаги дур») ва «Хотимат ул-хаёт» («Ҳаёт хотимаси», 1479—91) деб ном берар экан, бунда Навоий маслаҳатини эътиборга олган эди. Навоий ва Жомийнинг дўстлиги адабий ҳамкорлик билан чегараланмаган. Навоий Ҳусайн Бойқаро саройида бош вазир бўлиб турар экан, ўз сиёсий ва ижтимоий фаолиятида Жомийдан маслахатлар олиб турган. Мае, Султон Ҳусайн Қундуз вилоятига қарши юришга отланмоқчи бўлганда, Ж. Навоийдан подшоҳни бу сафардан қайтаришни илтимос қилган. Саройдаги фитна ва фужурлар Навоийнинг жонига тегиб, у ўз вазифасидан кетмоқчи бўлганда Жомий уни бундай қарордан воз кечтирган. Чунки Навоийдек халқпарвар арбоб саройдан кетса, халқ ва мамлакат аҳволи янада оғирлашишини у яхши тушунар эди.
Жомий ўз асарларини форс-тожик тилида ёзган, араб тилини ҳам яхши билган. Хоразмлик тилшунос Ибн ал-Ҳожибнинг араб тили наҳв (синтаксис)и ҳақидаги «Ал-Кофия» дарслигига 1492 й. да ғоят яхши шарҳ битган. Бу китоб Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларида сўнгги вақтларгача мактаб ва мадрасаларда араб тилидан қўлланма бўлиб келди. Навоий берган маълумотга кўра, Жомий туркий тилни яхши билган.
Жомийдан улкан ва рангбаранг адабий ҳамда илмий мерос қолган. Баъзи олимлар Жомий асарларининг умумий сони 100 га яқин деб тахмин қиладилар. Навоий «Хамсат ул-мутаҳаййирин»да унинг 38 асарини номма-ном санаб кўрсатади. Жомий асарлари фалсафа, тасаввуф, тилшунослик, адабиётшунослик, санъат соҳаларига ҳамда назм ва насрнинг ҳар хил жанрларига оид. Жомийнинг ижодий фаолияти кўп қиррали бўлса ҳам у Шарқ халқлари маданияти тарихида кўпроқ гениал шоир ва мутафаккир — олим сифатида танилган. Бу жиҳатдан унинг эпик ва лирик мероси ғоят диққатга сазовордир. Сунгги аср адабиётшунослари ҳақли равишда уни форс-тожик адабиётининг илк тараққиёт даврдаги (10—15 – а. лар) буюк мутафаккир-ижодкор деб атайдилар. Жомий асарларининг бир қисми линий ва фалсафий мазмунга эга булиб, уларда шоир ислом дини ва шарк. фалсафасининг бир қатор масалаларини уз қарашича талқин этади, тасаввуфнинг 15-а. даги йирик арбоби сифатида уз фикр-мулохазаларини баён этади. Бунга унинг «Нақши фусус» («Маънолар нақши»), «Шавоҳиди нубувва» («Пайғамбарликка далиллар»), «Шарҳи қасидайи «Тоия» («Радифда «то» ҳарфидан фойдаланиб ёзилган қасида шарҳи»), «Нақди нусус» («Матнни танқид»), «Шарҳи қасидайи «Хамрия» («Хамрия» қасидаси шарҳи»), «Нақшбандия таълимоти ҳақида рисола», «Воҳид» атамаси ҳақида рисола», «Зикр» шартлари ҳақида рисола», «Ҳаж қилиш йўллари ҳақида рисола» каби бир қанча асарларини шу гуруҳга киритиш мумкин. Жомий фалсафасининг асосини тасаввуфий ғоялар ташкил этади. Унинг тасаввурида Худо жонли мавжудот бўлмай, ёруғ нур кўринишига эга. Ҳамма нарсани яратган ягона Худо гўзал маъшуқага ўхшаган бўлиб, мингларча ойнада турли қиёфада ва кўринишда намоён бўлади. У юнон файласуфи Ялоxимннинг жилоланиш («эманация») фалсафасини давом эттиради ва янада ривожлантиради. Унинг фикрича, дунёдаги ҳамма нарсалар келиб чиқиши ва моҳияти эътибори б-н илоҳийдир.
Жомийнинг «Лужжат ул-асрор» («Сирлар денгизи», 1475), «Ашиат ул-ламоат» («Йилтиллаган нур», 1476) диний-фалсафий қасидаси Ибн Синота бағишланган. Достонларида халқ оммасининг энг яхши орзу-умидларини куйлаган. 7 достондан иборат «Ҳафт авранг» («Етти тахт» ёки «Катта айиқ», 1480—87)даги «Силсилат уз-заҳаб» («Олтин занжир, 1472), «Туҳфат ул-аҳрор» («Нуронийлар туҳфаси», 1481—82), «Сибҳат ул-аброр» («Тақводорлар тасбеҳи», 1482 — 83) достонларида юксак хулқ-атвор мезонларини тарғиб қилган, кишиларни маърифатга, юртпарварликка, тўғрилик, инсоф ва иймонга чақирган. «Юсуф ва Зулайҳо» (1483), «Лайли ва Мажнун» (1484), «Саломон ва Абсол» (1479—80) достонлари ишқий мавзуда. «Хирадномаи Искандарий» достони (1485) Низомийнинг «Искандарнома»-сига тақлидан ёзилган. 18 – а. охири ва 19 – а. нинг бошларида Муҳаммад Ризо Огаҳий Ж. нинг «Юсуф ва Зулайҳо»сини ўзбек тилига таржима қилган.
Адабиётшунос ва тилшунос олим сифатида ҳам Жомий хизмати улкандир. У ўзининг «Баҳористон» тазкирасида форс-тожик адабиётининг бир қанча намояндалари ва Навоий ҳақида қимматли маълумотлар беради. Унинг «Рисолаи аруз» асари аруз ҳақидаги энг мукаммал қўлланмалардан биридир. Жомий «Нафахрт ул-унс» асарини ёзиш билан тасаввуф тарихини ўрганишга катта ҳисса қўшди. Унда 616 мутасаввиф ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берилган бўлиб, улардан 34 нафари аёллардир. Ушбу асарни Навоий маълум бир тўлдиришлар б-н ўзбек тилига таржима қилган. Жомий фақат машҳур суфийлар ҳақида маълумот бериш билан чекланмай, қатор шоир ва адибларнинг ҳаёти ва ижодига ҳам тўхталади. Навоий бу асарни ўзбек тилига «Насоим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шабадалари») номи билан таржима қилар экан, уни ўзбек шоирлари ва адиблари ҳақидаги маълумотлар билан тўлдиради. Жомий муаммо хақида 4 рисола («Рисолаи муаммойи кабир», «Рисолаи муаммойи мутавассит», «Рисолаи муаммойи сағир», «Рисолаи муаммойи манзум»), рубоийлар шарҳи, кофия қақида 2 рисола ёзган, машҳур қасидаларнинг бир қанчаларига алоҳида-алоҳида шарҳлар битган.
Жомий мусиқа соҳасида ҳам катта обрўга эга бўлиб, «Нақши Мулла» («Нақши Имома») асари муаллифидир. Шарқ мусиқа илми тарихида Жомийнинг «Рисолаи мусиқи»си ҳам алоҳида ўрин тутади. Рисола кириш, икки йирик қисм — «илми таълиф» ва «илми ийқоъ» ҳамда хотимадан ташкил топган бўлиб, улар ўз ичига 23 фаслни қамраб олган. Жомий ўзининг мусиқий назарий ва мусиқийэстетик қарашларида Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Сафиуддин Урмавий ва Абдулқодир Мароғийларнинг мумтоз анъаналарини давом эттирган. Асосий диққатини ўша давр амалиёти б-н боғлиқ бўлган парда (лад) тизимлари (жинс, жам, «Ўн икки мақом», шўъба ва б.) ҳамда усул (ритм) масалаларига қаратган. Жомийнинг мусиқавий тафаккури адабий-бадиий ижодида ҳам ўз ифодасини топган.
Асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, бир неча марта нашр этилган. «Қофия шарҳи рисоласи», «Шарҳи Мулло» (ёки «Мулло Жомий») Марказий Осиё ва Идил (Волга) бўйи та-тарлари мадрасаларида араб тили грамматикасидан дарслик сифатида уқитилган. Ўзбекистoн ва Тожикистоннинг бир қанча жамоа хўжаликлари, кўчалар, мактаблар Жомий номи билан аталади. Самарқанд ш. да Навоий билан Жомий ҳайкали ўрнатилган (1970).
Ас: Танланган асарлар, Т., 1970; Искандар хирадномаси. Т., 1978; Юсуф ва Зулайҳо, Т., 1983; Рисолаи мусиқи, Т., 1997.
Ад.: Шомуцамедов Ш. М., Форстожик адабиёти классиклари, Т., 1963; Ҳайитметов А., Абдураҳмон Жомий, Т., 1989.
Абдуқодир Ҳайитметов, Шоислом Шомуҳамедов.