КАНДАКОРЛИК

КАНДАКОРЛИК — амалий санъат тури; ўймакорликнинг металл буюмларни ўйиб, чизиб нақш, тасвир ишлаш соҳаси. Буюмларни безашда кандакори (ўйиб, кесиб), қолипаки (қолип ёрдамида), симкори (симдан фойдаланиб), шунингдек, буюмларнинг қисмлари (қопқоқ, даста ва б.) ва икки қаватли буюмларни безашда шабака (панжарали қилиб ишлаш) усуллари қўлланилади, анъанавий усимликсимон (ислимий) ва ҳандасий (гириҳ) нақшлардан мужассамотлар яратилади. Нақш ёки тасвир замини пўлат қалам (асбоб)лар ёрдамида чуқур ёки саёз ўйилади, замин саёз ўйилганда рангли локлар билан бўялади, пардозланади, чекма, уйма, катак, параллел кесма чизиқлар билан жило берилади. 1930 й. лардан металл сиртига кимёвий моддалар таъсир эттириб нақш, тасвир яратиш усули ҳам (илк бор Тошкент бадиий ўқув и. ч. к-тида) қўлланилади. Археологик топилмалар (бронза қозон, мил. ав. 6—5-а. лар, Фарғона водийси, Ўзбекистон халқлари тарихи музейида; Амударё хазинаси таркибига кирган металл буюмлар, мил. ав. 4 — 2-а. лар, Британия музейида; Самарқанд Регистонидан топилган металл буюмларнинг йирик хазинаси ва б.) К. бадиий ҳунармандлик тури сифатида Ўрта Осиё (жумладан, Ўзбекистон ҳудуди)да жуда қадимдан мавжудлигини кўрсатади. Дастлаб буюмларга афсоналардаги қаҳрамонлар тасвири ишланган, араблар истилосидан кейин тасвирлар ўрнини ҳандасий нақшлар, безак даражасига етказиб ишланган араб ёзув (байт)лари эгаллаган. Темурийлар даврида янги усулларнинг юзага келиши оқибатида Кандакорлик санъати янада ривожланди, безак турлари кўпайди. 18 — 19-а. ларда Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон, Қарши, Шаҳрисабз, Тошкент каби шаҳарларда Кандакорлик марказлари бўлган. 19-а. нинг сўнгги чорагида Кандакорлик мақсулотларига бўлган талабнинг ортиши уларни саноатда қолип ёрдамида куп нусхада и. ч. та олиб келди. Бу, ўз навбатида, Кандакорликнинг маълум даражада сусайишига сабаб бўлди.

Ўзбекистонда 19-а. охирига келиб усулининг ўзига хослиги, зарбнинг чуқур ёки саёзлиги, нақшлар юзаси ва заминини безашда қўлланадиган усулларига кўра, бир-биридан фарқланадиган Кандакорликнинг бир неча (Фарғона, Тошкент, Бухоро, ҚаршиШаҳрисабз, Самарқанд, Хоразм) мактаблари шаклланди. Фарғона Кандакорлик мактаби усталари (Абдуфозил Отауллаев, Мулла Сиддиқ Отауллаев ва б.) буюмларни безашда кўркам боғлар, чаманзорларни эслатувчи нафис нақшларни саёз, тор заминли қилиб ишлаганлар, ўзига хос тарзда пардозлаганлар, баъзан мужассамотга меъморий тасвирлар ҳам киритилган. Тошкент Кандакорлик мактаби вакиллари йирик буюмларга анъанавий нақшларни йирикроқ қилиб ишлаганлар, безакда содда нақшлар (меҳроб, занжира, зулук, олмагул ва б.)ни қўллаганлар. Бухоро К. мактаби вакиллари (Ҳаким Бухорий, Дўстмуҳаммад Ризо ва б.) буюмларни ўртача ҳажмда нафис, байтларни куп қўллаган ҳолда безаганлар. Қарши — Шаҳрисабз К. мактабига Бухоро Кандакорлик мактабининг таъсири кучли бўлган, усталар буюмларни, шунингдек, шиша, феруза кўзлар қадаб безаганлар, нақш замини рангли локлар билан бўялган, баъзан буюм сирти қолипаки усулида ишланган безаклар билан қопланган. Самарқанд Кандакорлик мактаби вакиллари буюмларни шабака усулида (панжарасимон) безаганлар, нақшда шобарг кенг қўлланилган, нақш замини чекма гуллар билан пардозланган. Хоразм Кандакорлик мактаби усталари (Хўжаниёз Сайитниёзов, Матёқуб Жонибеков, Б. Ёқубов ва б.) наққошлар тайёрлаган ахталар ёрдамида мураккаб буюмларни ҳандасий ва ислимий нақшлар билан тўлдириб безаганлар. Бу мактаблар ўзаро алоқада бўлган, айрим уста кандакорлар ўз ижодларида турли мактаб усулларини қўллаган. 19-а. охири — 20-а. бошларида ясалган Кандакорлик буюмлари шакли хилма-хил (чойдиш, мис кўза, коса, лаган, лаъли, кашкул, офтоба, қумғон ва б.) тайёрланган ҳамда ниҳоятда нозик ва бежирим нақшланган. 20-а. 20-й. ларидан усталар артелларга уюштирилди. Кандакорлик цехларида ижод қила бошлаган усталар турли мактабларнинг анъаналари, усулларидан фойдаланиб бадиий буюмлар (чойдиш, мис куза, мис лаган, сатил, офтоба, дастшўй, қумғон ва б.) тайёрлади. 60-й. лар бошларида артеллар тугатилиб маҳаллий саноат корхоналари, маҳаллий хизмат к-тларида (Қўқонда Л. Фозилов, Бухорода С. Ҳамидов, М. Мукаррамов, А. Ҳамидов, Хивада Ё. Бекжонов бошчилигида) Кандакорлик буюмлари ишлаб чиқарилди. Тошкент, Бухоро, Қўқон, Хива каби шаҳарларда Ўзбекистон БА К. устахоналарида кекса кандакорлар ёшларга (устоз-шогирд усулида) ўз қунарларини ўргатмоқда. Бухорода Кандакорлик мактаби ишлаб турибди (яна қ. Бухоро кандакорлик мактаби).


Кирилл алифбосида мақола: КАНДАКОРЛИК ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: К ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



АМАЛИЙ САНЪАТ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БУЮК БРИТАНИЯ
БРОНЗА
ҲИНДИСТОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты