КАПИТАЛ ҚЎЙИЛМАЛАР, капитал маблағлар — и. ч. ва ноишлаб чиқаришга тегишли асосий фондларни яратишга, уларни янгилашга ва ҳаракатдаги фондларни кўпайтиришга, объектларни қуришга сарф қилинадиган, и. ч. га қўйилган маблағ. Капитал қўйилмалар давлат бюджетидан ажратилган маблағлар, банкларнинг кредитлари, корхона, фирма, компанияларнинг фойдаси ва амортизация фондлари, аҳоли жамғармалари ҳисобидан амалга оширилади. Капитал қўйилмалар ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, уларни замонавийлаштириш ва иқтисодий ривожланишни таъминловчи муҳим омил ҳисобланади. Капитал қўйилмалар дастлаб пул шаклида бўлиб, пулга ресурслар сотиб олинади ва бу ресурслар и. ч. нинг моддий омилига айланади, натижада иқгисодий ўсиш юз беради.
Капитал қўйилмалар таркибига қурилиш-монтаж ишларига, машина-ускуналар, жиҳозлар, транспорт воситалари сотиб олишга ва б. га йўналтирилган маблағлар киради. Капитал қўйилмаларнинг асосий қисми капитал қурилишга — янги объектларни барпо этиш, ишлаб турган корхоналарни реконструкциялаш, и. ч. ускуналарини модернизациялаш, и. ч. ни кенгайтириш, монтаж ишларига сафарбар этилади. Капитал қўйилмалар сарфида алоҳида тармоқ — қурилишнинг аҳамияти катта. Капитал қўйилмалар ички ва ташқи турларга бўлинади. Мамлакат даромади (давлат бюджети, асосий фондлар амортизацияси, аҳоли жамғармалари) ички Капитал қўйилмалар манбаи бўлади. Ташқи Капитал қўйилмалар Қ – четдан — чет давлатлар, хорижий банклар, якка инвесторлар ҳисобидан амалга оширилади ва бевосита ва билвосита шаклларга эга. Бевосита Капитал қўйилмалар чет эл фирмалари, корхоналари ва банклари, тадбиркорлар томонидан аниқ хўжалик субъектларини барпо этиш, ривожлантириш учун бевосита сарфланадиган маблағлардир. Билвосита Капитал қўйилмалар чет эл фирмалари, банкларининг Капитал қўйилмалар қабул қилаётган мамлакат қукумати томонидан кафолатланган лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади. 2001—2002 й. ларда Ўзбекистонда ялпи капитал қўйилмаларнинг 30% дан ортиғи хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келди. Хорижий инвестициялар иштирокида Ўзбекистонда Қаршитекс, Бухоротекс, Кабул-Тўйтепа, Кабул-Кўкча, Шўртан газ-кимё мажмуи, Асакадаги «ЎзДЭУавто» автомобили з-ди, Бухоро нефтни қайта ишлаш з-ди ва б. йирик саноат корхоналари қурилди (қ. Инвестициялар).
Садир Салимов, Эргаш Акромов.