КАПТАРЛАР (Columbidae), кабутарлар — каптарсимонлар туркумига мансуб қушлар оиласи. Гавдасининг уз. 10—15 см дан (митти каптар) 89 см гача (тожли каптар). Бўйни калта, танаси миқти, қанотлари бақувват, яхши учади. Устки тумшуғи асосида юмшоқ тери бўртмаси бор. 43 уруғи ва 285 тури маълум. Жан. ва Шим. қутблардан бошқа ҳамма ҳудудларда тарқалган. Ўзбекистон фаунасида асл Каптарлар ва ғурраклар уруғига мансуб 9 тур учрайди. Асл Каптарлар уруғидан тоғ кўк каптари (Colum livia) жуда кенг тарқалган; гов Каптарлар (С. palumbus) ва тоғ Каптарлари (С. rupestr) тоғли ҳудудларда, қора Каптарлар (С. Eversmanni) tof этаклари ва водийларда, клинтух (С. oenas) шарқий ҳудудларда тарқалган. Ғурраклар уруғидан мусича (Streptopelia senegalensis) ва ғуррак (S. turtur) кўп учрайди; тоғ ғурраги (S. orientalis) тоғли ҳудудларда яшайди. Каптарлар дарахтлар ва уларнинг ковагига, жарликлар, коядер, бинолар томига жуфтжуфт бўлиб уя қуради. Мода ва нариси тухумларини навбат билан босади. Бир йилда 2, баъзан 4—5 мартагача 2 тадан тухум босади. Тухумдан яланғоч (патсиз) жиш жўжа чиқади. Жўжани дастлаб нари ва модаси жиғилдонидан ажралиб чиқадиган оқсилга бой суюқлик — қуш сути, кейинроқ жиғилдонда эзилган дон б-н боқади. Кўк Каптарлар барча хонаки Каптарларнинг зот боши ҳисобланади. Кўк Каптарлар ва гов Каптарлар қисман овланади.
Хонаки Каптарларнинг 200 га яқин зоти мавжуд бўлиб, улар почтачи, декоратив ва гўштдор гуруҳларга бўлинади. Почтачи Каптарлар учганда осон йўл топади. Қадимда улардан хат ташишда фойдаланилган. Ҳозир фақат кўнгил очиш мақсадларида кўпайтирилади. Декоратив Каптарлар ажиб қиёфаси ва патининг жуда чиройли бўлиши (буқоқ, якобин, товус каптар) ёки ўзига хос учиши (турманлар, балиқчи қорасимон зотлар) билан ажралиб туради. Гўштдор зотлар йирик (900 г гача) бўлади (карно, кинг, рим зотлари).