КАСПИЙ ДЕНГИЗИ

КАСПИЙ ДЕНГИЗИ (қадимда Кавказнинг шарқида яшаган каспий кабиласи номидан; қад. ва ўрта асрларда денгиз соҳилида мавжуд бўлган вилоятлар, элатлар, давлатлар номи билан Гўргон, Хуросон, Хоразм, Оқ денгиз, Хвали, Хазар денгизи номи билан аталган; озарбайжонлар ҳоз. ҳам Хазар денгизи деб атайдилар) — Ер шаридаги энг катта берк сув ҳавзаси, кўпинча дунёдаги энг катта кўл деб ҳам ҳисоблайдилар. РФ, Қозоғистон, Туркманистон, Эрон, Озарбайжон ҳудудларида жойлашган. Қуйидаги хусусиятларига кўра денгиз деб аталади: катталиги жиҳатидан Қора, Оқ ва Болтик, денгизларидан кам фарқ қилади, суви ҳам денгиз суви сингари шўр, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг бир қисми денгизларда яшайдиган ҳайвон ва ўсимликлар жумласидан. Бундан ташқари, Каспий денгизи бир вақтлар ҳоз. Кума-Манич ботиғи ўрнидан ўтган бўғоз орқали Азов ва Қора денгизлар билан туташиб турган. Денгиз ҳақида дастлабки маълумот Геродотнинг «Тарих» асарида учрайди. Каспий денгизи сатҳи Дунё океани сатҳидан қарийб 28 м паст (1986).

Каспий денгизи шим. дан жанубга 1200 км га чўзилган, ўртача кенглиги 320 км. Қирғоғининг уз. 7 минг км га яқин. Майд. 376 минг км2 (1929 й. гача, денгиз суви пасайгунга қадар 422 минг км2 эди).

Денгиз қирғоғи анча текис, эгрибугри жойлар кам. Йирик қўлтиқлари: Қорабўғозгўл, Красноводск, Қозоқ, Манғишлоқ ва б. К. д. да умумий майдони қарийб 350 км2 бўлган 50 га яқин орол бор (энг йириклари Тюлений, Чечен, Артём, Жилой, Булла, Огурчинский ва Кулали). Рельеф тузилиши жиҳатидан Каспий денгизи 3 қисмга — шим., ўрта ва жан. қисмларга бўлинади. Шим. қисми жан. да Чечен ороли — Манғишлоқ я. о. чизиғи билан чегараланган бўлиб, чуқ. 10 м га қадар, энг саёз (4—6 м) қисмидир. Ўрта қисми анча чуқур, ўртача чуқ. 200 м, энг чуқур жойи эса 790 м. Бу қисми жан. қисмидан Туркманбоши ш. томон денгизни кесиб ўтган сув ости тоғ тизмаси орқали ажралиб туради. Жан. кисми энг чуқур (ўртача чуқ. 325 м). Каспий денгизининг энг чуқур жойи (1025 м) ҳам шу қисмда. Майдони жихатидан учала қисми деярли бир-бирига тенг, лекин сув ҳажми жиҳатидан улар ҳар хил: шим. қисмига умумий сув хажмининг 1/100 қисмидан камроқ, ўрта қисмига 1/3, жан. қисмига эса 2/3 га яқин бўлаги тўғри келади.

Каспий денгизига Волга, Урал, Кура, Терек, Эмба, Самур, Сулак, Эрондан оқиб келадиган Сафедруд каби йирик дарёлар ва кўпгина кичик дарё ва сойлар қуйилади. Шим., шим-ғарбий ва шарқий соҳилларнинг ёзи жуда иссиқ ва қуруқ, қиши эса совуқ. Жан.-ғарбий ва жан. соҳилларида иқлим юмшоқ ва нам. Каспий денгизининг ҳар 1 л сувида ўртача 12,7 г туз бор. Сув т-раси ёзда ҳамма жойида бир хил (24—26°), қишда эса шим. қисмида 0° ва ундан пастроқ, ўрта ва жан. қисмларида 2° дан 13° гача. Шим. қисми қишда 2—3 ой музлаб ётади (музнинг қалинлиги 2 м га етади), ўрта ва жан. қисми эса музламайди. Каспий денгизида, асосан, Волга дарёси қуяётган сув массаси билан доимо эсадиган шамол таъсири натижасида келиб чиқадиган ва денгизнинг қирғоғи ёқалаб соат стрелкаси йўналишига тескари харакат қиладиган доимий айланма оқим мавжуд. Кўпинча, кучли тўлқинлар (10—11 м) бўлади. Каспий денгизининг сув сатҳи йиллар ва асрлар давомида ўзгариб туради. Ўтмиш маълумотларининг кўрсатишича, бундан 4—6 минг йил илгари, мил. бошларида ва 18-а. ўрталари — 19-а. бошларида денгиз сатҳи жуда баланд, 7—11-а. лар ва 13-а. бошларида эса, аксинча, жуда паст бўлган. Сув сатҳининг сўнгги кескин пасайиши 1929—56 й. лар орасида кузатилган. Шу давр ичида сув сатҳи 2,5 м дан ортиқроққа пасайди, натижада саёз шим. қисмида денгиз 20—30 км чекинди, кўпчилик қўлтиқлар қуриб қолди, денгизнинг майдони эса (Қорабўғозкўлни ҳисобга олмаганда) 422 минг км2 дан (1930) 371 минг км2 га (1969) камайди. Сув сатҳининг бу кадар пасайиб кетишига асосий сабаб Каспий денгизига қуйиладиган сувларнинг карийб 80%ни берувчи Волга сувининг кейинги 40 йил давомида камайиб кетганлигидир. Чунки, бу давр ичида Волга ҳавзасида иқлим қуруқ келди, ёғин кам ёғди, буғланиш эса, аксинча, ортиқ бўлди. Бундан ташқари, Волга дарёсида бир қанча сув омборлари барпо этилди, сугориш ва саноат эҳтиёжлари учун олинадиган сув ҳажми анча ортди. Олинган маълумотларга кўра, 1966—76 йилларда Каспий денгизига ўрта ҳисобда ҳар йили 180 мм (ёки 66,8 км3) ёғин тушди, 720 мм (266,4 км3) дарё суви ва 14 мм (5 км3) ер ости суви қуйилади: айни вақтда денгиздан йилига 966 мм (357,3 км3) сув буғланади, 11 мм (4 км3) сув суғоришга сарфланади. Сув балансининг кирим қисми (338,2 км3) га нисбатан чиқим қисми (362,3 км3) нинг ортиқ бўлиши денгиз сув сатҳининг ўртача ҳар йили қарийб 7 см га камая боришига сабаб бўлган.

Каспий денгизининг сув сатҳи йил давомида ҳам ўзгариб туради: март ойидан кўтарила бошлайди, июль ойида энг баланд бўлади, авг. дан то фев. га қадар эса пасая боради. 1978 й. дан Каспий денгизи сув сатҳининг кўтарилиши кузатилмоқда (1986 й. да денгиз ҳавзаси майд. 376 минг км2ни ташкил этди).

Каспий денгизида 500 турдан ортиқ сув ўсимликлари, 854 тур балиқ ва сув ҳайвонлари бор. Балиқ, шим. қисмида тюлень овланади. Каспий денгизи остида жуда катта нефть ва газ заҳиралари борлиги аниқланган Денгиз остидан нефть қазиб олинадиган биринчи кон 1925 й. да ишлай бошлаган. Ҳозир Каспий денгизида кўплаб йирик нефть конлари ишлаб турибди.

Каспий денгизининг Корабўғозгўл қўлтиғидан натрий сульфат, мирабилит ва эпсомит олинади. Шарқий соҳилларида чу-чук сувга бўлган эҳтиёж жуда катта. Шу сабабдан, Туркманбоши ва Оқтов ш. ларида денгиз сувини чучуклаштирадиган йирик қурилмалар барпо қилинган.

Каспий денгизининг транспорт аҳамияти ҳам катта. Унда нефть, ёғоч, дон, пахта, гуруч, минерал ўғитлар ташилади. Йўловчилар ташувчи кемалар қатнайди. Энг йирик портлари: Астрахон, Махачқала (РФ), Туркманбоши (Туркманистон), Энзели (Эрон). Боку билан Туркманбоши ш. лари оралиғида денгиз т. й. паромлари катнаб турибди.

Шўро давлати инқирозга учрагач, ҳудуди Каспий денгизига туташ давлатлар денгизнинг ўзига тегишли деб ҳисоблаган қисмида унинг бойликларини (балиқ ва б. ҳайвонларни овлаш, нефть, туз ва ҳ. к.) ўзича тасарруф қилиб келмоқда. Ҳозиргача Каспий денгизи бойликларини ўзлаштириш, ўзига тегишли акваториялар чегараларини белгилаб олиш ҳақида денгизга ёндош давлатлар ўртасида ягона келишув имзоланмади.


Кирилл алифбосида мақола: КАСПИЙ ДЕНГИЗИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: К ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ЭРОН
ФРАНЦИЯ
ИБН СИНО
АМУДАРЁ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты