ЛИВАН

ЛИВАН, Ливан Республикаси (АлЖумхзфия ал-Лубнония) — Ғарбий Осиёдаги давлат. Ўрта денгизнинг шарқий соҳилида. Майд. 10,45 минг км2. Аҳолиси 3,6 млн. киши (2001). Пойтахти — Байрут ш. Л. маъмурий жиҳатдан 6 муҳофаза (вилоят)га булинган.

Давлат тузуми. Ливан — парламентли республика. Амаддаги конституцияси 1926 й. 23 майда кучга кирган, кейинчалик унга тузатишлар киритилган. Давлат бошлиғи — президент (1998 й. дан Эмиль Лахуд). Депутатлар палатаси (парламент) томонидан 6 й. га сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимият — 128 депутатдан иборат Депутатлар палатаси. Ижроия ҳокимиятни президент ва у тайинлайдиган ҳукумат (Вазирлар Кенгаши) амалга оширади.

Табиати. Қирғоқларининг купи паст. Соҳили текислик. Шарқида Ливан тизмаси мамлакатнинг катта қисмини эгаллаган (бал. 3088 м гача). Тоғлар, асосан, оҳактош, қумтош ва б. дан тузилган. Темир рудаси ва қўнғир кўмир конлари бор.

Иклими субтропик, ёзи қуруқ, қиши сернам. Соҳилида янв. нинг ўртача т-раси 13°, июлники 28°. Йиллик ёғин соҳилда 750—1000 мм, тоғларда 1000 мм дан кўп. Дарёлари қисқа, ёзда кўпинча қуриб қолади. Йирик дарёси АлЛитони. Соҳилида қўнғир тупроқ, тоғ ён бағирларида бўз-қўнғир, юқорироғида қўнғир тошлоқ тупроқлар тарқалган. Ўсимликларининг аксари буталар. Ливан тизмасининг ён бағирларида эман, чинор, заранг, ҳалаб қарағайи ўрмонлари бор. Ҳайвонлардан сиртлон, чиябўри, ғизол, ҳар хил ке-мирувчилар ва паррандалар яшайди.

Аҳолисининг 90% дан ортиғи араблар, шунингдек, арманлар, курдлар, черкаслар, турклар ва б. яшайди. Расмий тили — араб тили. Ақолининг 60% мусулмон (сунний, шиа, друз), қолган қисми христианлар (мароний, православ, католик). Аҳолининг 83,7% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Байрут, Триполи, Сайда ва Заҳла.

Тарихи. Ливан ҳудудида одам қуйи ва юқори палеолит давридан, ўтроқ халқ мил. ав. 5-минг йилликдан яшайди; 3 — 2 минг йилликларда қад. Ливан ҳудудида финикияликларнинг шаҳар-давлатлари Библ (Жубайл), Тир (Сур), Сидон (Сайда), Берит (Байрут) ва б. вужудга келди. Улар мил. ав. 8—4-а. ларда Оссурия, Бобил, Ахоманийлар давлати ва македониялик Александр қўл остида бўлиб келди. Мил. ав. 2-а. дан Ливан ҳудуди Салавкийлар салтанати таркибида ва мил. ав. 64-й. дан Рим хукмронлигида бўлди. Мил. 4—6-а. ларда Ливан Византия империяси таркибига кирди. 7-а. бошида Ливанни сосонийлар, кейинроқ араблар эгаллади. 7—11-а. ларда Ливан бир неча сулола қўл остида бўлди.

Ливан 11-а. охирида салибчилар, 13-а. дан 16-а. бошларигача Миср мамлуклари ҳукмронлигида бўлди. 1516 й. Л. Ҳудуди Усмонли турк салтанати таркибига кирди. 17-а. да амир Фахриддин II бутун Ливанни бирлаштирди. 1697 й. дан Л. Шиҳаблар сулоласи қўл остига утди. 18-а. охири, 19-а. бошларида ҳукмронлик қилган амир Башир II Шиҳаб Ливанни марказлаштириш сиёсатини қўллади. У мамлакатни Туркия ҳукмронлигидан озод қилиш ниятида Миср ҳукмдори Муҳаммад Али б-н иттифоқтузди. 1861 й. июнда халқаро комиссия (Франция, Буюк Британия, Австрия, Пруссия, Россия, Туркия) ишлаб чиққан низомга мувофиқ, мамлакат расман Ливан номини олди. 19-а. нинг 50—70-й. ларида Ливан араб маърифатчилик ҳаракати марказларидан бирига айланди.

19-а. охири ва 20-а. бошларида Л. Ғарбий Европа давлатларининг ярим мус-тамлакасига айланди; 1918 й. окт. да Англия ва Франция қўшинлари Ливанни босиб олди. 1922 й. Л. га Франция ман-дати Миллатлар Лигаси томонидан тасдиқланди. 1926 й. майда қабул қилинган конституцияга мувофиқ, Ливан республика деб эълон қилинди. Бироқ Франция унинг ташқи алоқалари ва мудофааси устидан назоратни ўз қўлида сақлаб қолди.

1936 й. нояб. да миллий озодлик ҳаракати тазйиқи остида Франция ҳукумати билан Ливан ўртасида Ливанга 3 йилдан кейин мустақиллик бериш тўғрисида шартнома тузилди. Шартномага биноан, Франция Ливан ҳудудида ўз қуролли кучларини сақлаш, Ливан ташқи сиёсати ва ички ишларига аралашиш ҳуқуқига эга бўлди, француз реакциясининг аралашуви билан Ливанга мустақиллик бериш ҳақидаги щартнома тасдиқланмай қолди.

2-жаҳон уруши бошида Франция таслим бўлгач, 1940 й. Л. Италия билан Германиянинг Яқин Шарқдаги таянч нуқтасига айланди. 1941 й. 8 июнда «Озод Франция» ҳаракати ва инглиз қўшинлари Сурия ва Ливанга бостириб кирди. Франция қўшинларининг бош қўмондони генерал Катру Франция мандатини бекор қилди, 26 нояб. да у Л. миллий озодлик ҳаракати талабига жавобан Ливанга мустақиллик бериш ҳақидаги баёнотни тасдиклади. Бироқ Ливан 1943 й. 22 нояб. дагина ҳақиқий мустақилликка эриша олди. 1945 и. Л. Араб давлатлари Лигаси тузилишида иштирок этди ва шу йили БМТга аъзо бўлди.

2-жаҳон урушидан кейин ҳам Франция Ливанда ўз ҳукмронлигини сақлаб қолишга уриниб, бир қанча тадбирлар кўрди, бироқ Ливан ҳукумати бу мавзуда музокара ўтказишдан бош тортди. Буюк Британия ва Франция ўз қўшинларини 1946 й. 31 дек. да Ливан ҳудудидан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Ливан ҳукумати 1967 й. июнда Исроил тажовузига дучор булган Миср ва б. араб давлатларига ўз хайрихохлигини билдирди ва Яқин Шаркдаги сиёсий зиддиятларни тинч йул билан ҳал қилиш тўғрисидаги БМТнинг 1967 й. 22 нояб. резолюциясини маъқуллади. 1968 й. дан Ливан ҳудудида Фаластин қаршилик ҳаракати юзага келди. Ўша йили Ливанга қарши Исроил тажовузи бошланди. Натижада Ливан, айниқса, унинг жан. ҳудудлари қаттиқ зарарланди. 1970 и. 17 авг. да парламент С. Франжьени президентликка сайлади. Сойиб Салом ҳукумат раҳбари бўлди. Ливаннинг янги ҳукумати бетарафлик сиёсатини илгари сурди ва миллий иқтисодиётни мустаҳкамлашга, меҳнаткашларнинг турмуш даражасини яхшилашга ваъда берди, бироқ ваъдани бажариш ўрнига демократик ҳуқуқ ва эркинликларни чеклашга ҳаракат қилди; бу ҳол иш ташлаш ва намойишлар бошланишига сабаб бўлди (1972 й. охири — 1973 и. бошлари). 1975 й. апр. дан Ливанда кескин сиёсий танглик вужудга келди. 1975—76 й. Л. даги христиан ва мусулмон қўшинлари ўртасида қуроллир можаро бошланди. Ўнг христиан кучлар Ливанда турган Фаластин қаршилик ҳаракати аскарлари б-н, сўнгра мусулмонлар билан қуролли тўқнашув чиқардилар. Мамлакат иккига бўлиниб қолди. Араблараро кучлар (салкам 35 минг аскар) Л. га киритилгандан кейин уруш ҳаракатлари тўхтади. 1978 й. Исроил қўшинлари Ливанга бостириб кирди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 425-қарорига биноан, БМТ Муваққат кучлари мамлакат жан. га ки-ритилди. Исроилнинг 1982 й. тажовузи натижасида Ливан ҳудудининг анчагина қисми 1985 й. гача эгаллаб турилди. Исроил Ливан жан. да 10 км га яқин кенгликдаги «Хавфсизлик минтақаси»ни ишғол қилиб турди. 1989 й. да мамлакатда яна қуролли можаро чикди. Араб мамлакатлари учлар қўмитаси (Жазо-ир, Саудия Арабистони, Марокаш)нинг фаол иштирокида ва халқаро кучларнинг мадади билан Ливан миллий иноклик хартияси ишлаб чиқилди. Тоиф битими деб аталган бу ҳужжатда дав-лат бошқарув идораларини шакллантиришнинг диний белгиларидан аста-секин воз кечиш кўзда тутилган. Шу асосда 1992 ва 1996 й. ларда парламент сайлови ўтказилди. Ташки сиёсатда Ливан ижобий бетарафлик, блокларга қўшил-маслик сиёсатига амал қилади. Л. ЎзР суверенитетини 1991 й. 30 дек. да тан олди ва 1998 й. 22 окт. да дипломатия муносабатлари ўрнатди. Миллий байрами — 22 нояб. — Мустақиллик куни (1943).

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Араб социалистик уйғониш партияси, 1950 й. да умумараб Баас партиясининг бўлими сифатида тузилган; Катаиб (ёки Ливан фаланглари) партияси, 1936 й. да асос солинган; Тараққийпарвар социалистик партия, 1949 й. да тузилган; Миллий блок, 1943 й. да тузилган; Миллий либерал партия (Эркин ватанпарварлар партияси), 1958 й. да асос солинган; Л. коммунистик партияси, 1924 й. да тузилган. Ливан меҳнаткашлари умумий конфедерацияси, 1958 й. да асос солинган.

Хўжалиги. Ливан — аграр-индустриал мамлакат. Ливан иқтисодиётининг асоси банк-молия фаолияти, савдо ва сайёҳлиқцир. Ялпи ички маҳсулотда хизмат соҳаси, савдо, молия 50,3%, саноат ва қурилиш 17,8%, қ. х. 9,8% ни ташкил этади.

Саноат и, асосан, тўқимачилик, озиқовқат, кимё ва фармацевтика, ёғочсозлик, нефтни қайта ишлаш корхоналаридан иборат. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Ливанда хунар-мандчилик корхоналари, Триполи ва Сайдада нефтни қайта ишлаш з-длари мавжуд. Цемент, металлургия, металлни қайта ишлаш ва кимё саноати корхоналари, ип газлама к-ти, канд-шакар з-ди бор. Йилига ўртача 4,7 млрд. кВт-соат электр энергия ҳосил қилинади.

Қишлоқ хўжалигида меҳнатга лаёқатли аҳолининг 30% банд бўлиб, миллий даромаднинг 10% ҳосил қилинади. Буғдой, арпа, тамаки экилади, банан, цитрус, зайтун, сабзавот, олма ва б. мевалар етиштирилади. Қорамол, эчки, қўй, парранда боқилади, балиқ овланади.

Транспорти. Автомобиль транспорти етакчи ўринда. Автомобиль йўллари уз. —7,4 минг км; т. й. уз. — 417 км. Ливан ҳудудидан Саудия Арабистони ва Ироқдан келувчи нефть қувурлари ўтган. Денгиз савдо флотининг тонна-жи 438 минг т дедвейт. Денгиз портлари: Байрут, Триполи, Сайда, Жуния. Байрутда аэропорт бор.

Ливан четга цитрус мевалар, газлама, қоғоз, металл буюмлар чиқаради; четдан машина ва ускуналар, ёгоч-тахта, озиқовқат, хом ашё келтиради. Савдо-сотикдаги асосий мижозлари: Саудия Арабистони ва б. араб мамлакатлари, Ғарбий Европа мамлакатлари, АҚШ. Пул бирлиги — Л. фунти.

Тиббий хизмати. Врачлар Ливан даги Америка унти тиббиёт фанлар фти таркибидаги Олий тиббиёт мактаби ва Франция ун-тининг тиббиёт ф-тида тайёрланади. Ливанда тиббий хизмат тизими асосан хусусийдир.

Маорифи, маданий-маърифий муассасалари. 1960 й. дан давлатга карашли бошланғич мактабларда бепул ўқитиш жорий этилган. Бирок, ўқув муассасаларининг ярмидан кўпроғи хусусий. Маориф тизими 5 й. лик бошлангич, 4 й. лик тўлиқсиз ўрта ва 3 й. лик ўрта мактаблардан иборат. Ҳунар-техника билим юртлари, пед. ўқув муассасалари мавжуд. Байрутда 4 та ун-т: Ливан унти (1953), Америка унти (1866), Франция авлиё Иосиф унти (1881), Араб унти (1960); Жунияда хусусий ун-т (1950) бор. Ливан миллий ку-тубхонаси (1921), ун-тлар ҳузурида йи-рик кутубхоналар, Ливан миллий музейи (1920), Нафис санъат музейи, Америка унти музейи мавжуд (ҳаммаси Байрутда).

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Ливанда бир қанча газ. ва жур. лар нашр этилади. Йириклари: «АлАмал» («Ҳаракат», араб тилида чикадиган кундалик газ., 1939 й. дан), «АлАнба» («Хабар», араб тилидаги ҳафталик газ., 1953 й. дан), «Ал-Анвар» («Hyp», араб тилидаги кундалик газ., 1959 й. дан), «Ал-Байроқ» (араб тилидаги кундалик газ., 1912 й. дан), «Ад-Диёр» («Ватан», араб тилидаги ҳафталик газ., 1941 й. дан), «Ан-Наҳор» («Кун», араб тилидаги кундалик газ., 1933 й. дан), «Ан-Нидо» («Чақириқ», араб тилидаги кундалик газ., 1959 й. дан), «Орьян-жур» («Шарқ куни», француз тилидаги кундалик газ., 1971 й. дан), «Ревей» («Уйғониш», француз тилидаги кундалик газ., 1908 й. дан), «Ас-Сайёд» («Овчи», араб тилидаги ҳафталикжур., 1943 й. дан), «Ат-Тариқ» («Йўл», араб тилидаги ойликжур., 1941 й. дан), «Ал-Усбуа-ал-Араби» («Араб ҳафтаси», араб тилидаги ҳафталик жур., 1959 й. дан), «Аш-Шааб» («Халқ», араб тилидаги кундалик газ, 1961 й. дан). Миллий ахборот агентлиги Ливан ҳукумат ахборот маҳкамаси бўлиб, 1962 й. да ташкил этилган. Ливан радиоэшиттириш хизмати ҳукумат қарамоғида, 1937 й. да асос солинган. Ливан телекўрсатув компанияси тижорат телекомпаниясидир (1959).

Адабиёти. 7-а. дан Ливан адабиёти умумараб адабиёти билан бирга ривожланди. Турклар ҳукмронлиги даврида маданият, хусусан, адабиёт турғунликда бўлди. 19-а. да Ливанда Миср, Сурия ва б. араб мамлакатларидаги сингари маърифатчилик ғоялари кенг ёйилди, публицистика асосий жанр бўлди, таржимачилик ривожланди (Иосиф ал-Язижий, Бутрус ал-Бўстоний ва б.). 19-а. 2-ярми — 20-а. бошларида Ливан адабиётида маърифатпарварлик гоялари янада кучайди. 1-жаҳон уруши арафасида Ливан адабиёти тараққиётининг янги босқичи бошланди: халқнинг орзу-умидларини ифодаловчи ва ҳаёт камчиликларини танқид қилувчи оқим шаклланди. Умар Фахури, Тавфиқ Юсуф Аввод ва б. ёзувчилар Ливан адабиётида ўзларининг ҳаққоний асарлари билан танилдилар.

2-жаҳон уруши йиллари ва урушдан кейинги даврда Умар Фахури, Антуан Тобит ва Рауф ал-Ҳурий томонидан ташкил этилган «Ат-Тариқ» жур. да Ливаннинг тараққийпарвар ёзувчилари фаол қатнашдилар. Ливан адабиёти ва даврий матбуотида фашизмни, мустамла-качиликни, ижтимоий тенгсизликни фош қилиш етакчи ўринни эгаллади.

Ёзувчи ва филолог Морун Аббуднинг «Кичик баҳодирлар», «Қоғоздаги сиёҳ» каби ҳикоялар тўпламлари деҳқонлар турмушига ва Ливан ёшларининг тақдирига бағишланган. Араб мамлакатлари ижтимоий ва сиёсий ҳаётининг мураккаб томонлари бир қатор қисса, новелла, поэма ва б. ларда ўз аксини топган. Кейинги йилларда Ливан адабиётида ёзувчиларнинг ёш авлоди катта эътибор қозонди. Шоирлардан Ал-Хури, С. Акд, насрчи С. Идрис, Л. Баалбеки мумтоз адабиёт анъаналарини давом эттирди.

Меъморлиги. Ливанда мил. ав. 5—4-минг й. ликларга мансуб тошдан қурилган мудофаа иншоотлари, турар жойларнинг қолдиқлари топилган. Мамлакатга араблар келгач (7-а.), масжид, минора, Мадраса, карвонсаройлар курила бошлади. 12-а. да салибчилар томонидан Бофор қасри, монастирлар, черковлар бунёд этилган. Усмонли турк салтанати ҳукмронлиги даврида тўрк меъморлиги таъсири кучайди. Ливан мустақилликка эришгач, шаҳарлар таъмирланиб, кўп қаватли турар жойлар, кинотеатр, мактаб, клиникалар қурилди. Маҳаллий анъаналар давом эттирилди, равоқли, пештоқли йирик бйнолар қуришда кўпроқ темирбетондан фойдаланила бошлади.

Тасвирий санъати. Мил. ав. 5—4-минг йилликлардан нақшин сопол идишлар, 3—2-минг йилликлардан Финикия санъати асарлари — шоҳ Ахирам тош тобутидаги қабариқ тасвир ва ёзувлар, заргарлик буюмлари, қурол-яроғ сақланиб калган. Асрлар давомида биноларга ўймакорлик ва нақш ишланган. 19-а. охири ва 20-а. бошларида Ҳ. Су-рурнинг ҳаётий портрет ва натюрмортлари, X. Салибийнинг кўтаринки рухдаги картиналари машҳур бўлди, уларнинг ижоди кейинги рассомларга катта таъсир кўрсатди. 30—40-й. ларда реалистик йўналиш етакчи ўринни эгаллади. 50—60-й. ларда формалистик оқимларнинг таъсири кучли бўлди (рассомлардан С. Балтексе, П. Киракосян, И. Шамут, ҳайкалтарош Ю. Хоайек ва б. реалистик анъаналарни давом эттирдилар). Плакат, карикатура, китоб безаш тараққий этди. Амалий санъатда қадама нақш, металл ва ёғоч буюмларга сайқ-ал бериш, кандакорлик, каштадўзлик, гилам тўқиш ва б. ривож топган.

Мусиқаси — қад. бўлиб, жоҳилия давридан бирмунча мураккаб чолғу куйлар ва қўшиқ турлари шаклланган. Айниқса, бадавийларнинг речитацияли — шарги ва дабка номли жадал суръатли рақс куйлари оммалашган. Кейинчалик диалогли атоба, касбий йўналишдаги мақам услубига мансуб мураккаб асарлар ривож топди. Байрутда Миллий консерватория, унинг ҳузурида камер оркестр бор. 1956 й. да Ливан мусиқачи ёшлар жамияти тузилган. У бошланғич мусиқий таълим, концертлар уюштириш билан шуғулланади. 1966 й. Байрутда жойлашган Америка унти таркибидаги Олий санъатшунослик мактаби ҳузурида мусиқашунослик бўлими ташкил этилган. Ливан халқ қўшиқларининг оммалашувида ашулачи Фейрузнинг ҳиссаси катта. 1966 й. дан бошлаб ҳар йили ўтказиладиган Баълабакка фестиваллари Ливан мусиқий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга.

Театри. Маросим, байрам ва б. да қадимдан турли томошалар кўрсатилган, лекин театр труппалари 20-а. нинг 2-ярмидангина пайдо бўлди. Қизиқчи артист Шушу ташкил этган Миллий театрда Мольер, Шекспир, Гёте ва б. нинг асарлари қўйилди. Байрутдаги Ливан драма театрида жаҳон мумтоз адабиёти намояндаларининг асарлари билан бир қаторда маҳаллий муаллифларнинг пьесалари ҳам саҳналаштирилган. Пьесалар араб, француз ва инглиз тилларида қўйилади. Ливан даги театрлар хусусий бўлиб, давлатдан моддий ёрдам олмайди. Байрутда 1965 й. очилган Миллий ва Байрут театрлари, Баълабакка фестивали театри (1968) ва б. театрлар мавжуд.

Киноси. Биринчи бадиий фильм 1929 й. суратга олинган. «Баълабакка харо-балари остида» номли бадиий фильм, киножур. лар ва ҳужжатли фильмлар 20-а. нинг 30-й. ларида чет эл фирмалари буюртмаси билан суратга олинган. 60-й. ларда «Баълабакка», «Ниер ист са-унд», «Аласрий» киностудиялари ташкил топди. Кейинги йилларда «Салом, муҳаббат!» (реж. М. Салмон), «Шайтон арава» (реж. Ж. Кан), «Қайрилган қанотлар» (реж. Ю. Маълуф), «Гунг ва муҳаббат» (реж. А. Баҳрий) каби фильмлар томошабинлар диққатига сазовор бўлди.


Кирилл алифбосида мақола: ЛИВАН ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Л ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ХИТОЙ
ТОШКЕНТ
РОССИЯ
ФРАНЦИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты