КИММЕРИЙ БУРМАЛАНИШИ (Қора денгиз соҳилларида яшаган киммерий қабиласи номидан) — мезозой эрасининг бурмаланиш, тоғ ҳосил бўлиш, гранитоидли интрузив магматизм каби тектоник жараёнлар намоён бўлишининг асосий даври.
Киммерий бурмаланишининг 2 фазаси фарқланади: триас даври охири — юра даври бошларида содир бўлган эрта киммерий (қад. киммерий) ва юра даври охири бўр даври бошларидаги кечки киммерий (янги киммерий) даврлари.
Биринчиси Крим, Шим. Добруж, Таймир, Шим. Афғонистон, Жан.-Шарқий Осиё, Патагония Анд тоғлари, Шим.Шарқий Аргентина, Африканинг чекка жан. да, иккинчиси — Верхоян-Чукотка табиий области (Колима бурмаланиши), Шим. Американинг Ғарбий Кордильераси (Невада бурмаланиши), Жан. Америкада (Анд бурмаланиши) ҳамда Марказий ва Жан.-Шарқий Помир, Қорақурум, Марказий Эрон, Кавказ ва б. ҳудудларда. Кавказда асосий Киммерий бурмаланиши зонаси фарқ қилинади ва шу асосда бу ерда ўзига хос металлогениясига ва ривожланиш хусусиятига эга бўлган мустақил тектоғенез цикли ажратилган. Аммо, кўпчилик тектонистлар уни альп тектогенези таркибига киритадилар. Киммерий бурмаланиши Ер ривожланиши тарихида муҳим роль ўйнаган.