ЛЎЛИЛАР, жўгилар — кўчманчи халқ. Жаҳондаги барча мамлакатларда тарқоқ ҳолда яшайди. Лўлиларнинг, асосан, 2 гуруҳи: Европа Л. и ва Ўрта Осиё Л. и бор. Ўзбекистонда Лўлилар, Тожикистонда жўгилар, Арманистонда боша, Англияда мисрлик, Эронда қорача, Францияда фиръавн кабиласи, Финляндияда қора, Россияда циган ва б. номлар билан аталган. Лўлиларнинг асл ватани, қачон ва қандай қилиб жаҳонга тарқалганлиги фанда узоқ вақт жумбоқ бўлиб келди. 19-а. да немис тилшуноси А. А. Потт, Ф. Миклошич Лўлилар тилининг ҳинд тили билан қардош тил эканлигини аниқлади. Шунингдек, Эронда Лўлиларнинг Карачи, Ўзбекистоннинг айрим р-нларида мўлтони деб аталиши Покистондаги Карочи ва Мўлтон ш. лари номи билан боғлиқ. Ўрта Осиё Л. ининг айрим гурухлари жўги (ҳиндча камбағал, қашшоқ), ҳиндистоний, бўлужий деб аталиши ҳам Лўлиларнинг асл ватани Хиндистон бўлганлигини тасдиқлайди. Айрим маълумотларга кўра, Лўлиларнинг дастлабки гуруҳлари мил. нинг бошларида, 5—7-а. лар ва кейинги даврларда Шим. Ҳиндистондан тарқала бошлаган. Лўлиларнинг айрим гуруҳлари Ҳиндистондан — Белужистон — Афғонистон — Эрон — Кавказ — Туркия — Юнонистон орқали, иккинчи йўл Ҳиндистон — Эрон — Ўрта Осиё орқали бўлган.
Европа лўлилари (ўзларини рома деб атайдилар). Тили ҳинд тиллари билан боглиқ бўлиб, шим. ва жан. шеваларга бўлинади, шунингдек, ўзлари яшайдиган мамлакат халқи тилида ҳам сўзлашади. Диндорлари расман православ динига эътиқод қилади (уларда ҳинд мифологияси билан боғлиқ диний тасаввурлар ҳам кучли). Лўлиларнинг Европага келгани ҳақидаги дастлабки маълумот 1100 й. га оид. 1417 й. Венгрия, 1418 й. Германия, 1422 й. Испания, Италия, 1430 й. Англия ва Болтиқ бўйлари, 1500 й. Польша ва б. мамлакатларга тарқалади. Россияга Руминия орқали келишган. Улар 15-а. да Бессарабия, 16-а. да Белоруссия, 17-а. да Украина, Россиянинг жан. р-нларига тарқалган (Л. Англияда гупиес, Туркияда чингине, Португалияда чидан, Италияда зингали деб аталади). Лўлилар ҳаёт кечириш тарзига кўра, ўтроқ ва кўчманчиларга бўлинган. Ўтроқ Лўлилар шаҳар чеккаларида яшаб, ҳунармандлик билан машғул бўлган. Кўчманчи Лўлилар тиланчилик, фолбинлик, от савдоси ва б. билан тирикчилик ўтказган. Лўлилар кабила ва кабила (айрим ҳолларда бир туда қариндошлар) иттифоқи — таборга уюшиб, табор тепасида сайлаб қўйиладиган бошлиқ тур Ўрта Осиё лўлилари (ўзларини мугат, туб аҳоли уларни лўли, жўги, мазанг деб атайди). Қадимдан Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Фарғона, Қўқон, Қарши каби шаҳарлар атрофи ва уларга туташ қишлоқларда яшаб келади. Лўлилар ўзбек ва тожик тилларида сўзлашади, аммо тожик тили уларнинг турмушида асосий ҳисобланади. (Ўрта Осиё Лўлилари лавзи муғат ёки арабча деб аталадиган ўзларининг махсус сўзлашув тилига ҳам эга). Лўлишунос X. Назаров ўлкамизга Лўлиларнинг кириб келишини 3 гуруҳга бўлади. Биринчи гуруҳи — маҳаллий Лўлилар (муғати тубжойи) — анча олдин келган; иккинчи гуруҳ — афгон Лўлилари (жўги, афгани); учинчи гуруҳ эса — ҳинд Лўлилари (мўғати ҳинду) бўлиб, булар анча кейин келган. Олим Лўлиларни яна ўз навбатида 3 та этн. гуруҳга бўлади: 1) асосан, кўчманчилик қилиб хайрсадақа йиғиб, кун кўришадиган, фолбинлик, табиблик, заргарлик қилувчи Л; 2) товоқтарош, улар ярим ўтроқҳаёт кечиришади, асосан, ёғочга ишлов бериш б-н шуғулланишади, хусусан, ёғочдан бешик, товоқ, қошиқ, чўмич ясашади. Қадимда улар ясаган ёғоч товоқларга эҳтиёж катта бўлган, шу туфайли уларни товоқтарош деб аташган;
3) мазанг, ўтрок Лўлилар (жўгилар), асосан, майда савдогарлик б-н, шунингдек, деҳқончилик билан шуғулланишган.
Лўлиларнинг эркаклари от урчитиш, овчилик, темирчилик, металл эритиш, сават тўкиш, ғалвир, элак каби буюмлар ясаш, ҳамда айиқ, маймун, илон урчитиш билан шуғулланишган. Аёллари эса тиланчилик, фолбинлик килишган. Лўлиларнинг қон-қариндошлик гуруҳи (тўп, тўпор)га оқсоқол раҳбарлик қилган. Тўп, тўпор шу оқсоқол номи билан ҳам аталган. Катта патриархал оилага эса ота бош бўлган. Ўрта Осиё лўлилари динга бефарқ қарайдилар ва расмангина ислом динига кирганлар. Уларда жин, пари, алвасти, зиён-заҳмат ҳақидаги тасаввурлар жуда кучли. Ўтроқ ҳаёт кечираётган Лўлилар ўз атрофидаги маҳаллий халқлар таъсирида уларнинг айрим диний одатларини бажарадилар. Лўлиларда қадимдан эндогам (ички) никоҳ ҳукмрон.
Лўлилар кийинишда, асосан, ерли аҳолидан фарқ қилмасликка ҳаракат қилишади, эркаклари чопон (тўн), этик, телпак, баъзан бошларига дурра ўраб юришади. Хотинлари ерли аҳолидек кийинсада, лекин рўмол ўрашлари фақат Лўлиларга хос. Лўлиларнинг эркаклари ҳам, аёллари ҳам, асосан, кора ва кўк рангларни хуш кўришади. Уйлари илгари пасттаккина бўлиб, усти қамиш билан ёпилган. Кейинги йилларда Лўлилар ўртасида санъатга иштиёк кучайди, «Жўги» қўшиқ дасталари халқ тантаналарида (тўй, базмларда) хизмат қилмоқда.
Лўлилар асрлар давомида ҳамма ерда муттасил қувғинда бўлган, оч-яланғоч кун кўрган. 1920-й. лардан кейин Лўлиларни ўтроқ маданий ҳаётга кўчириш, ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш ишига алоҳида аҳамият берилди. Лўлилар ҳоз. даврда жамоа хўжаликлари, ширкатлар, саноат корхоналарида ҳам ишламоқдалар. Лўли болаларининг ҳаммаси мактабга жалб қилинган. Лўли ёшлари ўрта махсус ва олий ўқув юртларида таълим олмоқдалар.
Очил Бўриев, Сайфулло Турсунов.