«КИТОБИ ДАДАМ ҚЎРҚУТ» («Қўрқут ота китоби») — ўрта асрлар ўғуз эпосининг юксак намуналаридан бири. Унинг таркибига кирган ҳикоя ва достонларнинг айримлари 7—8-а. ларда оғзаки равишда яратила бошланган. Асосий достонлари 9—10-а. ларда ўғузлар Сирдарёнинг қуйи оқимлари ва Орол денгизи атрофларида яшаган даврларда юзага келган. Улар бу улкан ёдгорликнинг таркибида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, Қўрқут ҳақидаги афсона ва ривоятларнинг оғзаки равишда Туркистон халқлари орасида кейинги даврларгача сакланиб қолишига сабаб бўлган.
Ўғўз қабилаларининг салжуқийлар раҳнамолигида Ғарбга силжиши натижасида илгари яратилган достонлар ва ривоятларга янгилари қўшилиб, Кавказ ва Кичик Осиёда Кўрқут ва Қозонбек (Солор К°зон) ҳақида бутун бир достонлар туркуми вужудга келди. Оғзаки равишда яратилган ва куйланиб келинган бу асарлар бизга номаълум шахс томонидан ўзонлар (бахшилар)дан ёзиб олиниб, 15-а. ўрталарида «Китоби дадам қўрқут Қ.»га тартиб берилган. Оғзаки куйланиб келинган достонлар «Китоби дадам қўрқут Қ.» таркибига киритилганда, уларга муайян бир адабий ишлов берилган.
«Китоби дадам қўрқут Қ.» кириш қисм ва 12 та бўй (достон)дан иборат. Кириш қисмида Кўрқут ота ҳақида маълумотлар бериш билан бирга унинг номидан бир қанча оталар сўзи (халқ мақоллари) келтирилган. Китобга киритилган достонлар қуйидагилардир: 1. Дирсахон ўғли Бўғочхон. 2. Солор Қозон уйининг талон-торож бўлганлиги. 3. Бойбурабекнинг ўғли Бамси Байрак. 4. Қозонбек ўғли Ўрозбекнинг тутқун бўлгани. 5. Духохўжа ўғли Дали Домрул. 6. Канглихўжа ўғли Хонтўрали. 7. Қозиликхўжа ўғли Яганак. 8. Басатнинг Тепакўзни ўлдирганлиги. 9. Багил ўғли Эмрон. 10. Ушунхўжа ўгли Сакрак. 11. Солор Қозоннинг тутқун бўлгани ва ўғли Ўроз қутқаргани. 12. Ичўғўзнинг Ташўғўзга итоат этмагани ва Байракнинг ўлими.
“К. д. К”нинг икки қўлёзмаси бизгача етиб келган. Улар Дрезден ва Ватикан кутубхоналарида сақланади. Бу қўлёзмаларни олимлар 19-а. дан бошлаб ўрганиб келадилар. Уни рус тилига дастлаб В. В. Бартольд таржима қилди ва 1894—1904 й. ларда 1—3 ва 5-достонларини асл нусха билан биргаликда нашр этди (1962 й. да тўла равишда нашр этилди). Туркияда дастлаб Килисли Муаллиф Рифат 1916 й. да тўла равишда нашр этди. Ундан кейин Ўрхон Шойиқ Кўкёй, Муҳаррам Эргин нашрлари юзага келди. Озарбайжонда ҳам 1939 й. дан бери мунтазам равишда нашр этилиб, ўрганилиб келинади. Ўзбекистонда эса 1939 й. да Ҳоди Зариф китоб таркибидаги учинчи достон «Бамси Байрак»ни «Ўзбек фольклори» мажмуасида нашр этган, холос.
«Китоби дадам қўрқут Қ.» дунё миқёсида кенг ўрганилиб келинаётган, ўғўз ва б. туркий халқлар тарихи, фольклори, этнографиясини ўрганишда катта аҳамиятга эга асарлардан биридир.
Ад.: Книга мосго деда Коркута, М, 1962. Тўра Мирзаев