КОВАК ВЕНАЛАР — қуруқда яшовчи умуртқалилар катта қон айланиш доирасининг энг йирик томирлари. Сувда ва қурукда яшовчиларда қонни юракнинг веноз бўшлиғига, судралиб юрувчилар, қушлар ва сут эмизувчиларда юракнинг бевосита ўнг бўлмачасига олиб келиб қуяди. Одамнинг томирлар системасида юракнинг чап қрринчасидан бошланган аорта тармоқлари майда капиллярлар бўлиб, кислородга бой қонни организмга тарқатади. Веналар эса капиллярдан йиғилиб, йириклашиб юқори ва пастки Ковак веналар бўлиб, ўнг бўлмачага қуйилади. Юқори ва пастки Ковак веналар фарқ қилинади. Юқори Ковак веналар йирик, аммо калта бўлиб, кўкс оралиғида ўнг ва чап томонлардаги елкабош ва қўл веналарининг қўшилишидан вужудга келган. У бош, бўйин, елка камари (ўнг ва чап томон), қўл, кўкрак бўшлиғи деворлари, орқа мия ва унинг қобиқлари (қисман), кўкс оралиғидаги аъзолардан қон йиғади. Пастки Ковак веналар энг йирик томир бўлиб, IV, V бел умуртқалари рўпарасидаги ўнг ва чап ёнбош веналарининг қўшилишидан ҳосил бўлади. Вена юқорига кўтарилиб йўлда бел, чаноқ, оёқ веналари, жигардан чиққан қопқа вена ва қорин бўшлиғидаги аъзолар веналарини қабул қилади. Қопқа вена диафрагмадан ўтиб юракнинг ўнг бўлмачасига қуйилади. У чаноқ соҳасидаги аъзолар ва деворларидан, шунингдек, қорин бўшлиғидаги аъзолар (жигар, буйрак, буйрак усти бези) ва деворларидан диафрагма, жинсий безлар, орқа мия ва қисман мия қобиқларидан ҳамда оёқдаги веноз чиғаллардан қон йиғади. Юқори ва пастки қопқа веналар қорин деворининг орқа ва олдинги бўлагидаги вена томирлари билан кенг қўшилган. Бу юқори пастки ковак томирларда қон димланиб қолганда вена қони қўшилмалар орқали йўналишига имкон беради.