МАЛАВИ

МАЛАВИ (Malawi), Малави Республикаси (Republic of Malawi) — Шарқий Африкадаги давлат. Майд. 118,5 минг км2. Аҳолиси 10,5 млн. киши (2001). Пойтахти — Лилонгве ш. Маъмурий жиҳатдан 3 вилоят (регион)га бўлинади.

Давлат тузуми. Малави — республика. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстликка киради. Амалдаги конституцияси 1995 й. 17 майда қабул қилинган. Давлат бошлиғи — президент (1994 й. дан Бакили Мулузи), у умумий овоз бериш йўли билан 5 й. муддатга сайланади, фақат бир марта қайта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Миллий мажлис, ижроия ҳокимиятни эса президент билан ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Малави ҳудудининг кўп қисмини 3 минг м гача баландликдаги ясситоғлик эгаллайди. Муланже массиви деб аталган ясситоғлик чуқур ботиқлик сари тик тушиб боради, унинг тубида Ньяса кўли жойлашган. Тошкўмир, боксит, апатит конлари бор. Ниобий рудаси, бериллий, олтин, графит, асбест, қалай, титан, стронций, мусковитли майда конлар маълум. Иқлими — экваториал, муссонли: ёзи серёғин (нояб. дан апр. гача), қиши қуруқ. Энг илиқ ойи (нояб.)нинг ўртача т-раси баландликларда 20—30°, паст жойларда 27° гача, энг салқин ойи (июль) нинг т-раси 14 — 19°. Ўртача йиллик ёғин 750—1500 мм. Ньяса кўлидан оқиб чиқадиган Шире (Замбези ирмоғи) дарёси даре ва кўл тармоқларининг асосини ташкил қилади. Жан.-шарқда каттагина Ширва шўр кўли жойлашган. Шим. даги тоққа хос қизил тупроқларда мавсумли нам тропик ўрмонлар, қолган жойларда, жигаррангқизил латеритли тупрокларда ксерофит тропик ўрмонлар, баобаб аралаш акация саванналари, пальма аралаш парк саванналари усади. Даре водийларида силсилали ўрмонлар мавжуд. Фил, буйвол, каркидон, ҳар хил кийиклар, зебра, жирафа, арслон, қоплон, гепард, чи-ябўри, сиртлон кабилар яшайди. Ҳайвонот дунёсини кўриқлаш мақсадида Ньика, Ливанде, Ленгве, Касунгу миллий боғлари ташкил этилган.

Аҳолиси, асосан, банту халқларининг шарқий гуруҳига мансуб. Марказий р-нларда малави, жан. да макуа, ломве, ваяо, суахили ва б. халқлар яшайди. Аҳолининг ярмига яқини маҳаллий анъанавий динларга эътиқод қилади, 40% христиан ва 10% мусулмон. Чиче-ва (малави) ва инглиз тиллари — расмий. Аҳолининг 9% шаҳарларда истиқомат қилади. Йирик шаҳарлари: Блактайрлимбе, Зомба, Лилонгве.

Тарихи. Малавида қадимдан банту тили гуруҳига мансуб қабилалар яшайди. 15-а. охирларида Ньяса кули атрофида Малави кабила уюшмалари юзага келган. 19-а. нинг 2-чорагида Малави худудига жан. дан нгони, жан.-шаркдан ва Мозамбикдан ваяо қабилалари келиб жойлашган. 19-а. нинг 60-й. ларидан евро-паликлар кела бошлади. 1891 й. да М. Англиянинг Ньясаленд протекторати деб эълон қилинди. Мамлакат Англиянинг бошқа мустамлакаларига ишчи етказиб берадиган маконга айлантирилди. 1915 й. мустамлакачиларга қарши қўзғолон кўтарилди. Гарчи у бостирилсада, миллий озодлик ҳаракати давом этди. Айниқса, 2-жаҳон уруши йиллари ва урушдан кейинги даврда миллий ҳаракат кучайди.

1944 й. М. да дастлабки сиёсий ташкилот — Ньясаленд Африка конгресси (НАК) тузилди. У туб аҳолининг ижтимоий ҳуқукларини кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. 50-й. лар бошларида НАК Марказий Африка мамлакатларидаги миллий озодлик курашини бошқарди. Родезия ва Ньясаленд федерацияси тузилгач (1953), бу федерацияни тарқатиш ва Ньясалендга мустақиллик беришни талаб қилди. Миллий озодлик ҳаракати 1959 й. қўзғолонга айланди. Мустамлака ҳокимияти қўзғолонни шафқатсизлик б-н бостирди, раҳбарларини концлагерларга жўнатди. Лекин миллий озодлик ҳаракатини тухтата олмади. 1959 й. НАК ўрнига Малави конгресси партияси тузилди. 1961 й. мустамлакачилар ён беришга мажбур бўлди. Малавида конституция жорий қилиниб, барча ньясалендликларга сайлов ҳуқуқи берилди. 1961 й. сайловда қонун чиқарувчи кенгащдаги кўпчилик ўринни Малави конгресси партияси олди. 1963 й. Родезия ва Ньясаленд федерацияси тарқатиб юборилди. 1964 й. 6 июлдан Ньясаленд Малави номи билан мустақил давлат бўлди. 1966 й. июдца М. Республикаси эълон қилинди. 1971 й. дан 1994 й. гача Малави даги бирдан бир сиёсий партия — М. конгресси парти-ясининг раиси Хастингс Камузу Банда М. президенти булди. 1994 й. 17 майда мамлакат тарихида биринчи марта куп партияли асосда президент ва парламент сайлови ўтказилди. Бирлашган демократик фронт партиясининг раиси Бакили Мулузи президент лавозимига сайланди. Малави — 1964 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 6 июль — Мустакиллик куни (1964).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. М. конгресси партияси, 1959 й. да тузилган; Бирлашган демократик фронт партияси, 1993 й. да ташкил этилган; Демократия учун альянс сиёсий уюшмаси, 1992 й. да асос солинган. Малави касаба уюшмалари конгресси, 1964 й. ташкил этилган.

Хўжалиги. Малави — иқтисодий жиҳатдан қолоқ аграр мамлакат. Ялпи ички мақсулотда қ. ҳ. нинг улуши 28%, саноатнинг улуши 14,5%. Иқтисодиётнинг негизи — қ. х. Жами қ. х. маҳсулотининг 85%ни майда деҳқон хўжаликлари етиштиради. Чой, тамаки, ер ёнғоқ, шакарқамиш, пахта, тунг, каучук, ички эҳтиёж учун маккажўхори, оқ жўхори, тариқ, шоли, маниок, картошка экилади. Чорвачилиги сует ривожланган. Қорамол, қўй, эчки, чўчқа боқилади. Кўл ва дарёларда балиқ овланади.

Саноат, асосан, қ. х. хом ашёсини қайта ишлаш корхоналаридан иборат. Цемент, қанд з-длари, тамаки, тўқимачилик, пахта тозалаш, тикув ф-калари, ҳунармандчилик устахоналари бор. Ўрмон хўжалигида қурилишбоп ёғоч тайёрланади. Йилига 414 млн. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади. Транспорти унчалик ривожланмаган. Т. й. уз. — 789 км, автомобиль йўллари уз. — 11,4 минг км, шундан 2,8 минг км асфальтланган. Лилонгве ва Чилена ш. ларида халқаро аэропортлар бор. Малави четга тамаки, чой, қанд-шакар, қимматбаҳо ёғоч, ер ёнғоқ, жун, тери, тунг мойи, пахта сотади, четдан озиқ-овқат, қора ва рангли металл, нефть маҳсулотлари, газлама сотиб олади. Ташки савдодаги асосий мижозлари: Буюк Британия, ЖАР, Япония, Германия, Зимбабве, АҚШ. Пул бирлиги — квача.

Тиббий хизмат тузилмасида давлат соғлиқни саклаш муассасалари билан бир қаторда хусусий шифохона ва касалхоналар ҳам бор. Мамлакатда 200 врач ишлайди. Шифокорлар чет элларда тайёрланади.

Маорифи, илмий ва мадаииймаърифий муассасалари. 19-а. охирларида христиан даъваткорлари мамлакатда да-стлабки мактабларни очишган. Мустақиллик эълон қилинган пайтда (1964) катта ёшдаги аҳолининг 90% саводсиз бўлган. 1990-й. ларга келиб саводсизлик даражаси 61%. Бошланғич таълим 8 й. лик, ўрта таълим 4 й. лик. Қуйи касб-ҳунар таълими бошланғич мактаб негизида 1 й. давомида ҳунармандчилик мактабларида, ўрта касб-ҳунар таълими эса ўрта мактаб негизида 3 й. давомида техника ин-ти ва билим юртларида амалга оширилади. Бошланғич мактаб учун ўқитувчилар пед. билим юртларида, ўрта мактаб учун ўқитувчилар эса ун-т ва Блантайрлимбедаги пед. коллежида тайёрланади. Зом-бедаги ун-тнинг турли шаҳарларда ф-т ва коллежлари бор. Мазкур ун-тнинг кутубхонаси, Лилонгведа Малави миллий кутубхона маҳкамаси, Зомбеда Миллий архив ва унинг кутубхонаси, Лилонгведа Британия Кенгашининг кутубхонаси, Блантайрлимбеда Малави музейи, Зомбеда Малави геол. маҳкамаси, Малави илмийтарихий жамияти, Блантайрлимбеда Малави тиббиёт уюшмаси, Қ. х. вазирлиги ҳузурида бир қанча и. т. ин-тлари ва уларнинг турли соҳалардаги тадқиқот ҳамда тажриба ст-ялари мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Малавида нашр этиладиган йирик газ. ва жур. лар: «Малави гавернмент газетт» («Малави ҳукумат газетаси», инглиз тилидаги ҳафталик газ., 1894 й. дан), «Дейли Тайме» («Ҳар кунги вақт», инглиз тилидаги кундалик газ., 1895 й. дан), «Африкэн» («Африкалик», инглиз ва чичева тилида 2 ҳафтада бир марта чиқадиган газ., 1950 й. дан), «Малави ньюс» («Малави янгиликлари», инглиз ва чичева тилларида чиқадиган якшанбалик газ., 1959 й. дан), «Зис из Малави» («Бу—Малави», инглиз ва чичева тилларида чиқадиган ойликжур., 1964 й. дан). Малави ах-борот агентлиги (МАНА) Ахборот департамента назоратида, 1966 й. асос солинган. Малави радиоэшиттириш корпорацияси, ярим тижорат маҳкамаси, 1964 й. да тузилган.

Адабиёти инглиз тилида ривожлана бошлаган. Малави муаллифларининг дастлабки асарлари 1930-й. ларда босилиб чиқди ва маърифий тусда бўлди. Уларда мамлакатда яшовчи халқларнинг тари-хи ҳақидаги маълумотлар, африкалик йўлбошчиларнинг таржимаи ҳоллари тавсифи, тартибқоида мажмуалари, насиҳатлар, тавсиялар, амалий маслаҳатлар баён этилган (С. Нтаранинг «Африка кишиси», «Ачева халқи тарихи», Э. В. Чафулумиранинг «Бизнинг оила» асарлари). Шу тоифадаги асарлар ҳозир ҳам нашр этилаётир, аммо 60-й. лардан бошлаб роман ва қисса устунлик қила бошлади. Л. Кайиранинг ўз ҳаётидан ёзган асарлари орасида «Жингала» романи авлодларнинг ўзаро муносабати муаммосига, «Давлат мулозимлари» романи ёш зиелиларнинг ҳаётдаги ўрни масаласига бағишланган. Кейинги йилларда О. Качингве, Д. Рубадири каби адиблар муҳим ижтимоий воқеалар силсиласида айрим инсоннинг такдирини ҳаққоний тасвирлайдиган асарлар яратишди.

Меъморлиги ва тасвирий саиъати. Малави халқларининг қад. маданияти ҳақида кўп нарса маълум эмас. Ўнлаб км га чўзилган кўҳна ирригация иншоотларининг қолдиқларигина топилган. Ньянжа ва чева халқларининг асосий манзилгоҳлари тўсиқ билан ўралган ва иморатлар зич қурилган қишлоқдан иборат бўлган. Нгони элатининг кулбалари сиртига тақасимон оғилхоналар қурилган ва тўқима деворли уйлар тарзида жойлаштирилган. Уй деворлари лой билан сувалади ва кулоҳсимон томига хашак ёки қамиш ёпилади. Кейинроқ уйлар тўртбурчакли ва деразали қилиб курила бошлаган, тўқима эшиклар ўрнатилган. Айрим уйларнинг деворларига қизил ва оқ бўёклар б-н жониворлар тасвири ёки нақшлар ишланган. Деворларни ёмғир ва қуёш нуридан саклаш учун уй атрофига пешайвонлар қурилган. 20-а. нинг 2-ярмидагина шаҳарларда замонавий бинолар пайдо бўлди. Бадиий ҳунармандчиликнинг кулолчилик ва ёғоч ўймакорлиги турлари ёйилган. Сопол идишлар қизил рангга бўялади, баъзан графит билан жило берилади. Ёғочдан турли буюмлар ва идишлар ясалади, уларга жонивор ва қуш тасвири туширилиб, қизил ва қора рангга бўяб қўйилади.

Мусиқаси. 20-а. ўрталаригача Малавида анъанавий мусиқа устун бўлган. 50-й. ларда радио ва граммофон ёзуви туфайли америкача оммавий мусиқа ва турли жан. африкача услублар тарқалди. Конгодан гитара, Лотин Америкасидан африкалаштирилган лумба услуби кириб келди. Мусиқадаги ташқи таъсир билан ички ривожланиш бирга қўшилиб, янги мусиқий услублар юзага келди. Мамлакатнинг сиёсий ҳаёти ва халқ турмушини акс эттирувчи янги қўшиқ ва рақслар яратидди. Малави халқлари орасида рубобни эслатувчи бир торли мнголи ғижжаги, зезе деб аталувчи ясси цитра, шунингдек, пуфлаб чалинадиган нкангала ва губо, чанг каби чолғу асбоблари кенг ёйилган. 1жаҳон урушидан кейин липенга (узунчоқ қовокдан ясалган сурнай), маҳаллий материалдан ясалган ҳарбий дўмбира пайдо бўдди. Халқ табиблари беморларни даволашда мусиқа ва рақсдан фойдаланишади. Қизларни узатишда ёр-ёр айтиш кенг оммалашган. Ҳоз. пайтда «квела» услуби, айниқса, кенг урф бўлган. Унда маҳаллий мусиқий анъаналар европача оммавий мусиқа билан қоришиб кетган.


Кирилл алифбосида мақола: МАЛАВИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: М ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БУЮК БРИТАНИЯ
ФРАНЦИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
ҲИНДИСТОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты