МАНПАР (хитойча мян — хамир, пар — парча) — хамир таом тури. Тузли сувда тухум солиб, қаттиқроқ қилиб хамир қорилади. Сочиққа ўраб тиндирилади. Тинган хамирдан тангадайтангадай бўлакчалар узиб олиниб, 2 мм қилиб ёйилади. Ёймадан 2 см келадиган тасмачалар кесилади, орасига урвоқ сепиб, бир неча қават қилиб тахлаб, тўртбурчак бўлакчалар кесилади. Тузи ростланган қайнаб турган сувга солиб, 10 мин. пиширилади, човли билан сузиб олиниб, сувуқ сувда чайилади. Бошқа қозонда Манпар қайласи тайёрланади. Бунинг учун майда тўғралган гўшт, пиёз доғланган ёғда қовурилади, сўнг сомонча шаклида тўғралган турп, сабзи ва туз солинади. Масаллиқлар бир оз қовурилгач, керагича сув қуйиб, қайла меъёрига етгунча пиширилади. Дастурхонга тортишда косаларга хамир, устидан қайла солинади. Ҳар коса М. учун бир дона тухум қуймоқ пиширилади. Манпар устига эса майдалаб тўғралган тухум-қуймоқ ва кертилган ошкўклар солинади.