ПАЛОВ — миллий таом тури. Пишириш усулининг хилма-хиллигига ва ишлатиладиган масаллиғининг турига қараб Паловнинг 40 дан ортиқ тури бор. Mac, қовурма Палов, ивитма Палов, майизли Палов, бедана П., қази П., беҳили Палов, тўғрама Палов, тўй П., қийма Палов, ва б. П. нинг софаки Палов (Самарқанд вилояти), қорма Палов (Қашқадарё), сузма П. (Хоразм), угра Палов (Сурхондарё) ва б. турлари бор. Палов тайёрлашдаги асосий жараёнлар: а) ёғ доғлаш (ёғни қозонга солиб, оқ тутун ҳосил қилгунча қиздириш); б) зирвак пишириш; в) гуруч солиш. Гуруч териб тозаланиб, илиқ ёки совуқ сувда 3—4 марта ювилади. Гуруч зирвак юзига бир текис қилиб солинади ва сув қуйилади. Гуруч солингач, чўғсиз кучли аланга бериб, қозон юзасини баб-баравар қайнатиш керак, акс ҳолда палов «тирик» бўлиб қолади. Гуруч сувни батамом тортгандан сўнг, гуручни капкир билан қозоннинг ўртасига гумбаз қилиб ўйиб, дамчўп суқилади ва дамтовоқ билан жипс ёпиб 20 мин. ча дамланади.
Паловнинг энг кўп тайёрланадиган турлари: қовурма (фарғонача) Палов — қўй ёғи эритилади, жиззаси сузиб олинади, ёғ доғлангандан сўнг унга гўштдан тозаланган бир бўлак суяк ташлаб юборилади. Суяк қизғиш тусга киргунча қовурилади (бу жараён ошга тус беради). Суяк олиб ташланиб, паррак-паррак тўғралган пиёз ташланади. Лўнда-лўнда тўғралган гўшт солиб, қовуриш давом эттирилади. Пиёз қизариб қовурилгач, қозонга сомонча қилиб тўғралган сабзи солинади, бир оз туз солиб аралаштирилади. Сабзи жигарранг тусга кирганда, ошга солинадиган сувнинг ярми қуйиб қайнатилади. Зирвак 20 — 25 мин. милдиратиб қайнатилади. Қовурма Палов учун 1 кг гуручга 500 г гўшт, 250 г ёғ, 500 г сабзи, 4—5 бош пиёз, бир чой қошиғида зира, зирк, қалампир керак; ивитма Палов — доғланган ёғда лўнда-лўнда тўғралган гўшт қовурилади, сўнгра пиёз солинади. Қовуриш пиёз қизаргунча давом этади. Қозонга тўғралган сабзи ташланиб, 10 — 15 мин. давомида қовурилади, бир оз туз ҳам ташланади ва қозонга сув қуйилади. Зирвак тайёрлашга киришишдан олдин гуручни тузли сувда 3—4 марта ювиб, иссиқ сувга ивитиб қўйилади. Ивитма Палов учун 1 кг гуручга 150 — 200 г нўхат солинади. Нўхат камида 10 соат илгари ивитиб қўйилиши керак.
Палов қадимдан Ўрта Осиёнинг ҳар қандай тўй, сайил, байрам ва меҳмондорчиликларида тайёрланади. Палов тайёрлаш ўзбеклар ўртасида, айниқса, эркаклар (йигитлар)га хос фазилат ҳисобланади.
Ад.: Маҳмудов Қ., Ўзбек тансиқ таомлари, Т., 1989; Махмудов К., Узбекский плов, Т., 1979.