КОРЕЯ

КОРЕЯ (корейсча Чосон — Тонгги тароват) — Шарқий Осиёдаги мамлакат. Асосан, Корея я. о. ва унинг материкка туташган қисмида ҳамда 3,5 мингга яқин оролда жойлашган. Кореяни шаркдан Япон денгизи, ғарбдан Сариқ денгиз ўраб олган, жан. да Корея бўғози уни Япониядан ажратиб туради. Денгиз чегаралари 8,7 минг км. Шим. да Хитой ва Россия Федерацияси билан чегарадош. Қуруқлик чегаралари 1,3 минг км. Майд. 219 минг 20 км2, аҳолиси 69,87 млн. киши (2001).

Ярим оролнинг шим. қисмида ва қисман материкда Корея Халқ Демократик Республикаси, ярим оролнинг жан. қисмида Корея Республикаси жойлашган.

Аҳолиси. Корея — бир миллатли мамлакат; аҳолисининг 99% дан ортиғи корейслар. Диндорлари буддавийлик, конфуцийликка ва, қисман, христиан динига эътиқод қилади. Расмий тили — корейс тили.

Табиати. Шарқий қирғоғи тоғлик. Кемачилик учун энг қулай бухталари шим. қисмида. Табиий гаванлари жан. қирғоқда. Ғарбий соҳили, асосан, текислик, аммо кўп бўлакка бўлинган. Кореянинг аксари қисми тоғлик. Шим. да Шим. Корея тоғлари (бал. 2744 м гача) ва катта ясси тоғлар, Корея я. о. нинг шарқида Шарқий Корея тоғлари, жан. да шу тоғларнинг жан.-ғарбий тармоқлари, 36° ш. к. дан жан. да эса Жан. Корея тоғлари бор. К. ҳудудининг 1/4 қисмини пасттекислик ва текисликлар ташқил этади. Корея, асосан, токембрий гранитлари, гнейслар ва метаморфик сланец қатламларидан иборат. Кореяда 100 га яқин темир руда кони, полиметалл конлари, вольфрам, хром, кобальт, никель, олтин ва кумуш рудаси конлари, бундан ташқари, графит, магнезит, тошкўмир каби норуда қазилма конлари ҳам бор.

Икдими — денгиз иқлими, шим. да ўзгарувчан, кўп қисмида мўътадил, жан. да субтропик. Энг иссиқ ой (авг.) нинг ўртача т-раси 22—26°, янв. ники — 21° дан +4° гача, тоғларда — 40° гача. Ўртача йиллик ёгин 700—1500 мм. Дарё кўп, аммо кичик, қор ва ёмғир сувларидан тўйинади. Асосий дарёлари: Амноккан, Туманган, Нактонган, Тэдонган ва Ханган. Йирик дарёларининг қуйи оқимидагина кема қатнайди. Қўнғир ўрмон тупроғи, кизил, сариқ, унумдор аллювиал тупроқлар учрайди. Ер юзасининг 70%дан кўпроғи ўрмон ва бутазорлар билан қопланган. Тоғ этақларида шумтол, каштан, юқорироғида қорақарағай, қарағай, кедр ва б. ўсади. 300 м гача баланд жойларда доим яшил ўсимликлар бор. Ҳайвонлардан йўлбарс, қоплон, қора ва қўнғир айиқлар, буғу, паррандалардан эса тустовуқ, ўрдак ва б. яшайди. Балиқнинг 75 тури мавжуд.

Тарихи. Корея я. о. да одамлар сўнгги палеолит давридан яшайди. Мил. ав. 5 — 4-а. ларда ташқил топган Чосон биринчи корейс давлатидир. Мил. ав. 109 й. да Хань давлати (Хитой) Чосонни босиб олди. Хитой босқинчиларига қарши кураш давомида (милоднинг бошларида) Когурё, Пэкче, Силла ва б. давлатлар пайдо бўлди. Мил. 313 й. да Когурё хитойларни батамом суриб чиқарди ва ҳар жиҳатдан ривожланган қудратли даштатга айланди.

Бу даврда деҳқончилик, металл қуйиш ва ишлаш, тўқимачилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ва ҳ. к. ривожланди. 9-а. да тарқоқлик даври бошланди. 935 й. да Корё (К. номи шундан) давлатининг асосчиси Ван Гон мамлакатни бирлаштирди. 10-а. охирларига келиб марказлашган давлат пайдо бўлди. 1231 й. мўғул қўшинлари Кореяга бостириб кирди ва Юань империясини тузди. 14а. ўрталарида Корё унга бўйсунишдан бош тортди. 1359—62 й. ларда хитой истилочилари босқинини қайтарди. 1392 й. лашкарбоши Ли Сон Ге Корёга ван қилиб тайинланди, Ли сулоласи (1392—1910) га асос солинди. Корё давлати Чосон номини олди, пойтахти эса Кэгёндан Хансон (19-а. охиридан Сеул)га кўчирилди. 15-а. ўрталарида иқгисодий ва маданий жиҳатдан юксалди.

Япон ва манжур босқинчилари ҳужуми даврида (16-а. охири — 17а. нинг 1-ярми) давлатнинг аҳволи оғирлашди. 1592—98 й. ларда Чосон халқи ўз озодлиги учун курашди ва япон босқинчиларини мамлакатдан қувиб чиқарди. Манжурларнинг 1627 ва 1636 й. лардаги босқинчилик урушлари натижасида мамлакат анча вайрон бўлди. 18а. охиридан меҳнаткашларнинг ҳукмдор табақага қарши йирик қўзғолонлари бўлиб ўтди. 19-а. нинг 60-й. ларида халқ оммасининг эрксеварлик қарашларини ифода этган Тонхак диний мазҳаби вужудга келди. 60—70-й. ларда Япония К. ни асоратли Канхва шартномасини тузишга мажбур қилди. Сўнгра АҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия, Франция ва б. давлатлар ҳам Корея билан шундай битимлар тўзищди. 1904—05 й. лардаги рус-япон уруши даврида Япония Кореяни босиб олиб, мамлакат устидан назорат ўрнатди. Корея аҳолиси япон босқинчиларига қарши қаттиқ кураш олиб борди. Япон ҳукмронлиги жорий этилган давр (1910—45)да К. Япониянинг хом ашё макони ва бозорига айлантирилди, ниҳоят, К. Япония империяси таркибига қўшиб олинди.

1917 й. да иш ташлаш, талабаларнинг норозилик ҳаракатлари бўлиб ўтди. 1919 й. март — апр. даги умуммиллат қўзғолонида ишчилар, деҳқонлар ва маҳаллий савдо-саноат доиралари (жами 2 млн . дан ортиқ киши) фаол қатнашди. Бу воқеалардан чўчиган япон маъмурлари ўша йил авг. да «ўз-ўзини бошқариш тизими»ни жорий этиш ва б. дан иборат ислоҳот дастурини эълон қилди. Саноатнинг ўсиши ишчилар сафининг кенгайишига сабаб бўлди. 20-й. лардан касаба уюшмалари ва б. оммавий жамоат ташқилотлари вужудга кела бошлади. 1925—28 й. ларда ишчилар 349 марта иш ташлади ва кўпи уларнинг ғалабаси билан тугади.

1929—33 й. лардаги жаҳон иқтисодий бўҳрони даврида деҳқонлар, майда ва ўрта тадбиркорларнинг аҳволи оғирлашди. 1930—32 й. ларда 517 марта ишчиларнинг иш ташлаши, 237 марта деҳқонлар қўзғолони, ўқувчи ёшларнинг намойишлари бўлиб утди. 2-жаҳон урушида Корея халқи япон мустамлакачиларига қарши курашди. Бу урушда Япониянинг мағлубияти натижасида унинг Корея даги ҳукмронлиги барҳам топди.

1945 й. авг. да Кореянинг 38-параллелдан шим. қисми Совет Армияси томонидан озод қилинди. Шу йил сент. ойининг бошларида АҚШ қўшинлари Кореянинг жан. ни ишғол қилди. Иттифоқчиларнинг қарорида 38-параллел Совет ва Америка қўшинлари ўртасидаги чегара чизиғи бўлиб қолиши белгиланган эди. 1945 й. дек. дасобиқ СССР, АҚШ ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирларининг Москва кенгаши Кореяни васийликка олиш ҳақида қарор қабул қилди (гоминданчилар ҳукмронлигидаги Хитой ҳам кейинчалик шу қарорга қўшилди). Кенгаш Кореяни ягона демократик мустақил давлат сифатида қайта тиклашни назарда тўтиб, Кореянинг муваққат марказий ҳукуматини тузиш фикрини билдирди. Аниқ тақлифларни тайёрлаш Совет ва Америка қўмондонлиги вакилларидан иборат қўшма комиссияга топширилди. Комиссия 1946—47 й. лар мобайнида ишлади, аммо кескин ихтилофлар сабабли ўз зиммасидаги вазифани бажара олмади.

1948 й. 15 авг. да Сеулда К. Республикаси (КР), 9 сент. да Пхеньянда К. Халқ Демократик Республикаси (КХДР) тузилганлиги расмий равишда эълон қилинди. 1948 й. сент. да Совет Иттифоқи КХДР Олий халқ мажлисининг мурожаатини қондириб, ўз қўшинларини унинг ҳудудидан олиб чиқиб кетди. АҚШ Жан. Корея даги қўшинларини 1949 й. ўрталарида олиб кетди.

Мамлакатни бирлаштириш борасида КХДР билан КР ўртасидаги кескин ўзаро қарама-қаршилик оқибатида иккала томоннинг айби билан кўп марталаб қуролли тўқнашувлар бўлди. Бу можаролар 1949 й. нинг 2-ярмидан бошлаб, айниқса, шиддатли тус олди, натижада, 1950 й. да тўла миқёсли уруш ҳаракатлари бошланиб кетди. Ўша йили 25 июнда БМТ Хавфсизлик Кенгашида СССР вакили қатнашмаган пайтда КХДРни КРга қарши тажовўз қилишда айбловчи қарор қабул қилинди ва 2 кундан кейин БМТ га аъзо давлатларни КРга шошилинч ёрдам беришга чақирувчи яна бир қарор қабул этилди.

Халқаро кучлар томонидан КХДРга тахликали хавф туғилгач, Хитой халқ кўнгиллилари (салкам 1 млн. киши) Шим. Кореяга ёрдамга келди. Шиддатли жанглардан кейин 1951 й. ўрталарида иккала томон урушда ғалаба қозониш имкони йўклигини англаб, мудофаага ўтди ва музоқара бошлашга мажбур бўлди. 1953 й. 27 июлда Кореяда яраш тўғрисида битим имзоланди. КХДР билан КР ўртасида 4 км кенгликда қуролсиз минтақа ўрнатилди.

Уч йиллик уруш мамлакатни абгор қилди, унинг иқтисодиётига катта путур етказди. Миллионлаб кишиларнинг оилалари бўлиниб кетди. Бу биродаркушлик уруши Шим. билан Жан. нинг ажралишини янада кучайтирди.

1970-й. ларнинг бошларидан КХДР б-н КР ўзаро муносабатларни тартибга солиш йўлларини излаш ва мамлакатни қайта бирлаштиришга эришиш мақсадида мулоқот қилиб келди. 1991 й. сент. да иккала корейс давлати БМТга қабул этилди. Ўша йил дек. да КХДР билан ҳамкорлик ва мол айирбошлаш ҳақида битим, 1992 й. фев. да Корея я. о. нинг парчаланмаслиги тўғрисида Қўшма декларация имзоланди. Ниҳоят, 2000 й. июнида ва Шим. билан Жан. ўртасида илиқ муносабатлар ва ҳамкорлик бошлашга қарор қилинди.

Фани ва илмий муассасалари. Корея — қадимдан илм-фан юксак даражада ривожланган мамлакат. 6—7-а. лардаёқ астрономия ва метеорология кузатувлари олиб борилган, мураккаб иншоотлар қурилган. 632—647 й. ларда Ша-рқий Осиёда энг қад. расадхона минораси — Чхомсондэ барпо этилган. 718 й. да Кореяда соат кашф қилинган. 682 и. Силлада «Кукхак» давлат олий билим юрти очилган ва 717 й. дан тиббиёт, мат., 794 й. дан астрономия ўқитила бошлаган. 11—13-а. ларда чинни идишлар ва асбоблар и. ч. ривожланган. Шу даврда корейслар хитой ксилографиясини ўрганиб, шу усулда 6 минг жилддан иборат будда қонунини нашрдан чиқарди. 1234—41 й. ларда босмахоналарда металл ҳарфлар ишлатила бошлади.

15-а. ўрталаридан амалий фанлар ривожланди. Корея олимлари «Деҳқончилик илми» номли асарда ўша давр агрономия билимлари ҳақида маълумот берганлар. Ян Сон Жи ва б.-Корёнинг тарихий геогр. харитасини тузишди (1451). 1445 й. тиббиёт энциклопедияси нашр этилди. 15—17-а. ларда табиий-илмий асарлар, жумладан, турли соҳа энциклопедиялари пайдо бўлди. 15—16-а. ларда ҳарбий техника соҳасида катта муваффақиятларга эришилди. Ли Сун Син қарбий кемалар, артиллерия қуроллари тузилишини такомиллаштирди. 19-а. да мат., астрономия ва терапияга оид илмий асарлар яратилди. Кореяда фалсафа, тарих, тилшунослик фанлари ҳам қад. анъаналарга эга. Кореяни Япония босиб олганидан кейин илм-фан ривожи тўхтаб қолди.

Адабиёти милоднинг аввалида қад. Корея фольклоридан ривожлана бошлаган. 19-а. охиригача бадиий асарлар корейс тилида ва ханмун — хитой адабий тилининг корейслаштирилган шаклида яратилган. Хитой иероглифи, кейинроқ корейс алифбосида ёзилган «Она-ватан қўшиқлари» (7—11-а. лар) Корея адабиётининг қад. намунасидир, 11 — 14-а. ларда унинг давоми — «Коре қўшиқлари» яратилди. Шеъриятнинг вужудга келишида Чхве Чхи Вон (857) муҳим роль ўйнади. Ли Ин Но уни янада ривожлантирди. Бадиий наср аста-секин тарихий адабиётдан ажралиб чикди. Новелла жанрига ким Си Сип (1435 — 93) асос солди. 1487 й. Со Го Жон (1420—88) 130 китобдан иборат «Шарқ антологияси»ни тузди. Лим Же (1549 — 87) сатирик қиссалар ёзди. 16—17-а. ларда табиат гўзалликларини мадҳ этувчи ва фалсафий шеърият равнак, топди. 17—19-а. ларда корейс тилида кўплаб қиссалар ёзилди, дастлабки романлар пайдо бўла бошлади, янги наср шаклланди. Дастлабки эркин шеърларни Чхве Нам Сон ва Ким Ок ёзди. Япония хукмронлиги даврида адабиётнинг тараққиёти вақтинча тўхтаб қолди; кўпгина ёзувчилар қатагонга учради. 1919 й. қўзғолони бостирилгандан кейин ҳар хил декадентлик йўналишлари кўпайди. Реалистик романлар пайдо бўлди (1934). Япон реакцияси кучайган даврда тарихий роман жанри оммалашди (30-й. ларнинг 2-ярми). Японияга қарши халқ лашкарлари учун жанговар инқилобий шеърлар, қўшикдар ва кичик пьесалар яратилди (1930-40).

Меъморлиги. Неолит давридан ярим ертўла қолдиклари, милод бошларидан сағаналар, дахмалар, 7-а. дан Кёнжу яқинидаги Чхомсондэ расадхонаси қолган. 8-а. дан шаҳарлар, шу жумладан, пойтахт — Кёнжу жадал қурила бошлади, ибодатхона мажмуалари, пагодалар (ғор шаклидаги Соккўрам ибодатхонаси, Пулгукс мажмуаси) барпо этилди. Коре давлати даврида мураккаб шаклли, нақшин пагода ва монастирлар қад кўтарди, дунёвий иншоотлар (ҳукмдорларнинг саройлари) бунёд этилди. Ли сулоласи замонларида қурилган муҳташам мажмуалар ёғоч ҳамда тош ўймакорлиги ва наққошлиги усулида безатилди. Диний иншоотлар ҳашамат б-н зийнатланди. Халқ эса тош, лой ва ёғочдан ясалган пастқам уйларда яшарди. Иморатларни жан. га, яъни офтобга қаратиб қуриш урф бўлди. Япония мустамлака ҳукмронлиги даври (1910—45) да Европа ва Япония меъморлиги руҳида иморатлар қурилди.

Тасвирий санъати. Корейслар қад. замонлардан рангтасвир билан шуғуллана бошлаганлар. Неолит даврига мансуб сопол идишлар қолдиқлари топилган. Металл қуроллар ва гулли сопол идишлар мил. ав. 1-а. га тааллуқли. Милоднинг бошларида Кореянинг бадиий маданияти анча ривожланиб, Япония санъатига таъсир ўтказди ва ўз навбатида Хитой санъати таъсиридан баҳраманд бўлди. 3—7-а. ларда дахмалар кўпинча ер ости иншооти тарзида қурилар, девор ва шифтларда афсоналар мазмунидаги базми жамшид, тантанали маросим саҳналари тасвирланарди. Амалий безак санъатида чавандозлар, уйчалар, ҳукмдорларнинг олтин тожлари ясалди. Ҳайкалтарошлик ривож топди. Тош ва металларни йўниб ишлаш, шойи тўқиш, тушь ва бўёқ билан рангбаранг расмлар солиш авж олди. Сопол ва чинни буюмлар кўплаб ишланди. Ли сулоласи даврида сарой ан-самбллари вужудга келди.

Ўзига хос рассомлик академияси — Тохвасо (14-а.) тасвирий санъатнинг ривожланишида катта роль ўйнаган. 15— 17-а. ларда йирик рассомлар, 18-а. да манзарачилар ва портретчилар пайдо бўлди. 19-а. охирига келиб, мойли бўёқ ишлатила бошлади. Чинни ва сопол буюмлар ишлаш такомиллашди. Санъатнинг барча соҳаларида 20-а. дан Ғарб услублари ва анъаналари таъсири кучайди.

Мусиқасининг лад тузилиши пентатониката асосланган. Мусиқа ижтимоий ҳаёт ва диний маросимларда муҳим роль ўйнаган. 3—9-а. ларда саройда хор ва чолғу ансамбллари концертлар берган, мусиқий томошалар кўрсатилган. 6-а. дан комўнго, тэгим, пхири, каягим сингари торли чолғу асбоблар кенг тарқалган. Қад. 60 турдаги чолгу асбобидан 45 тури ҳоз. гача янграб келаётир. Сон Хён ва б. корейс мусиқа энциклопедияси — «Мусиқашунослик асослари»ни туздилар (1493). Император сарой и ҳузурида хонанда ва созандалар, раққос ва раққосалардан иборат ансамбллар бўлган. 16-а. нинг 2-ярмидан бошлаб, урушлар ва босқинчиликлар таъсирида Корея мусиқаси тушкунликка учради, фақат халқ қўшиқлари жанри ривожланди. 19-а. нинг 2-ярмида мусиқали драма жанри — чхангик ривожланиб, кейинчалик миллий опера пайдо бўлди. 20-а. бошларида Кореяга Европа мусиқаси кириб кела бошлади.

Театр томошаларининг унсурлари қад. маросим қўшиқлари ва ўйинларида сақланиб келган. Мил. ав. 3-а. да мавжуд бўлган ибтидоий театрларда табиат ҳодисалари ва меҳнат жараёнини тасвирловчи томошалар кўрсатилган. 14—15а. ларда халқ ниқоб театри ва қўғирчоқ театри вужудга келди. Профессионал актёр-квандэлар халқ театрини ривожлантиришга кўмақлашадилар. 19-а. да профессионал театр ташкил топди. Японияда ўқиб келган Корея талабалари 1921 й. «Драма санъати уюшмаси» труппасини туздилар. 1930 й. Пхеньянда «Мачхи», Тэгуда «Кўча театри», Кэсонда «Оммавий театр» (1931), Масанда Драма санъати жамияти (1932), Пхеньянда «Келажак театри» (1932) ва б. вужудга келди.

Киноси. Кореяда ҳаваскорлар томонидан 1921 й. Юн Бэн Нам раҳбарлигида «Ой нури остидаги қасам» номли биринчи фильм суратга олинган. 20-й. ларнинг 2-ярмида халқнинг оғир аҳволини акс эттирувчи кинофильмлар («Саёқ», «Ним қоронғи кўча» ва б.) кўрсатилган. Миллий илғор киносанъатининг ривожланишида реж., сценарийчи ва актёр На Ун Гюнинг ҳиссаси катта. У «Ариран» (1926), «Муҳаббат излаб» (1928), «Эгасиз паром» (1932) ва б. фильмларда мустамлакачилар зулмига, ижтимоий тенгсизликка қарши курашни акс эттирган. 40-й. ларда Корея кинематографияси Япония назорати остида бўлди, асосан, немис, итальян ва япон фильмлари намойиш қилинди.


Кирилл алифбосида мақола: КОРЕЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: К ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
ОСИЁ
ҲИНДИСТОН
КОРЕЯ ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК РЕСПУБЛИКАСИ, КХДР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты