МАТБУОТ ЭРКИНЛИГИ

МАТБУОТ ЭРКИНЛИГИ — сўз, шахс, виждон эркинлиги сингари сиёсий ҳуқуқлардан бири бўлиб, матбу-отнинг эркин фаолият кўрсатишини, кишиларнинг матбуотда ўз фикр ва туйғуларини тўсиқларсиз ифода эта олишини ифодалайди. Матбуот эркинлиги — матбуотнинг моҳиятини, унинг жамият хаётидаги ўрнини белгилайди. Сиёсий жиҳатдан Матбуот эркинлигига демократия куринишларидан бири сифатида қаралади.

«Эркинлик» сўзининг туб маъноси ҳар қандай тўсиқ, монелик ва ш. к. дан холи бўлиш, мустақиллик, озодлик деган маънони беради. Аммо аслида эркинлик — англанган заруриятдир: инсон ўз олдида турган тарихий, иқтисодий, сиёсий заруратни англаб етгандагина эркин бўлади, эркин фикрлай олади. Матбуот эркинлиги ҳам ана шундай хусусиятга эга, яъни жамият тараққиётига, унинг қонуниятларига жавоб берувчи матбу-отгина эркин матбуотдир. Жамият тараққиётининг бош масалаларини чукур тушунган, унга жавоб бера олган журналистгина эркиндир.

Матбуот эркинлигининг 3 асоси мавжуд: ижтимоийсиёсий, иқтисодий, маънавий.

Матбуот эркинлигининг ижтимоийсиёсий асоси матбуотнинг қайси ижтимоий борликда, қандай тузумда фаолият кўрсатиши, қайси ижтимоий онгнинг кўриниши эканлиги, қайси мафкура ва ғояларга хизмат қилишидан келиб чиқади. Матбуот эркинлигининг мазкур бош асоси унинг ҳуқуқий имкониятлари билан ифодаланади: ҳар бир жамият, ҳар бир тузум Матбуот эркинлиги ҳуқуқини белгилар экан, унинг фаолиятини маълум қонунлар, кўрсатмалар, бу борада олиб бориладиган сиёсат билан белгилаб қўяди.

Матбуот эркинлигининг иқтисодий асоси эса матбуот нашрлари ва оммавий ахборот воситаларининг ким томонидан, қайси маблағлар эвазига чикарилиши билан боғлиқ, яъни матбуот кимнинг маблағи эвазига, иқтисодий қуллаши натижасида чиқса, ўша учун эркин бўлади.

Матбуот эркинлигининг маънавий асоси эса уни чиқараётган шахс, гуруҳ, унда ишловчи журналистларнинг ички дунёси, дунёқараши, эътиқоди билан боғлиқ. Юксак маънавиятли, чукур эътиқодли, инсоният, жамият олдидаги ўз масъулиятини чуқур англаб олган, умуминсоний ва миллий қадриятларга хизмат қилувчи, эзгуликка интилувчи журналист доимо эркин бўлади. Аксинча, қолоқ, қотиб қолган тушунчалар, ақидалар асосида ва б. мақсадлар йўлида хизмат қилувчи журналист ҳеч қачон руҳан эркин бўла олмайди.

Матбуот эркинлиги муаммоси матбуот пайдо бўлганидан бери мавжуд бўлиб, турли жамиятда турлича ҳал этиб келинган. Матбуотнинг илк даври бўлмиш ва якка ҳукмдорлар томонидан чиқарилган авторитар матбуот кенг омма учун эркин бўла олмади. Бу — матбуотнинг эгалари бўлган якка ҳукмдорлар ман-фаатига зид эди. Шу боис ўша даврдаёқ матбуотни эркин қилиш ҳақидаги талаблар пайдо бўлган. Янги ўсиб келаётган тараққийпарвар кучлар ўзлари учун, ўз фикрларини эркин баён этиш учун Матбуот эркинлигини талаб қилдилар. 17—18-а. ларда Франция, Англия каби мамлакатларда юз берган инқилобий воқеалар давридаги Матбуот эркинлиги учун кураш бунга яққол мисол бўла олади. Англияда яшаб ижод этган Жозеф Аддисон, Ричард Стил, Францияда Камиль Демулен, Жан Поль Марат ва б. тараққийпарвар журналистлар ўз асарларида халқ оммасининг фикр ва туйғуларини ифода этиб, Матбуот эркинлиги учун курашдилар. Россияда А. С. Пушкин, Н. А. Некрасов, Н. Г. Чернишевский, А. Н. Герцен ва б. илғор фикрли, ўз асарларида халқ оммасининг фикр ва туйғуларини ифода этган адиблар, публицистлар цензурага қарши курашдилар.

20-а. бошида Туркистонда вужудга келган жадид матбуоти (қ. Жадидчилик) намояндалари ҳам мустамлакачи чор ҳукуматининг Матбуот эркинлиги борасидаги қаттиқ зулмига қарши чиққан эдилар. Бу даврда матбуотда ишлаб, публицистика соҳасида ижод қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Авлоний ва б. ҳам чор Россияси генерал-губернаторлигининг Матбуот эркинлигидан маҳрум қилувчи сиёсатига қарши кескин фикрлар айтган эдилар.

Кейинчалик, дунёдаги қатор ривожланган мамлакатларда ҳокимият ўзгариб, буржуазия ҳукмронлиги бошлангач, Матбуот эркинлиги нисбатан кенгайди. Бу даврда ахборот олиш ва тарқатиш яхшиланди, кишиларнинг матбуотдан фойдаланиш имкониятлари анча кенгайди. Умуман олганда, буржуазия матбуоти эркин матбуот деб ном олди. Бунда маълум даражада ҳақиқат бор эди. Буржуа ҳукуматлари матбуот ҳақидаги ўз қонунларида матбуотни ҳамма учун эркин, деб эълон қилдилар, бу қонун маълум даражада амалга ошди, иқтисодий жиҳатдан имконияти бор шахслар, гурухдар учун матбуот нашрлари чиқариш, ахборот йиғиш ва тарқатиш эркинлиги пайдо бўлди. Шу билан бирга матбуотнинг сармояга қарамлиги ҳам ошди, Матбуот эркинлиги ундан хоҳлаганча фойдаланиш эркинлигига, бойлик орттириш эркинлигига айлана борди. Матбуотда шов-шувли, олдиқочди материалларга, рекламаларга ҳаддан ташқари кенг ўрин берила бошланди.

Ўзбекистонда шўро тузуми даврида матбуотнинг кенг тармоғи юзага келиб, «совет гражданлари»га қонун йўли билан (СССР Конституциясининг 125моддаси) Матбуот эркинлиги «таъмин этилган» бўлсада, амалда бутун Иттифоқда бўлгани каби, бу ерда ҳам журналистлар фаолияти партиявий назоратнинг қаттиқ исканжасига олинди. Матбуотнинг бутун фаолияти коммунистик партия мафкурасига мажбуран хизмат қилдирилди.

Ўз миллий мустақиллигига эришган, демократик ва ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролар жамиятини барпо этиш йўлида бораётган Ўзбекистонда Матбуот эркинлиги масаласи жамият тараққиёти билан биргаликда ривожланиб, такомиллашиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67моддасида «Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Цензурага йўл қўйилмайди», деб ёзиб қўйилган. Матбуот эркинлигининг бу ижтимоийсиёсий ва ҳуқуқий асоси яна бир ҳужжат — Олий Мажлис томонидан 1997 й. 26 дек. да қабул қилинган «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунда аниқ ва батафсил акс этган.

Мухтор Худойқулов.


Кирилл алифбосида мақола: МАТБУОТ ЭРКИНЛИГИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: М ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
Исмлар маъноси. Энг оммабоп исмлар тўплами.
Исмлар. Энг чиройли ва машҳур исмлар.
АЛИШЕР НАВОИЙ
ФОРОБИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты