МАҒЗИ СОХТА, тошқоғоз — шаклга осон берилувчан материал; қоғоз, картон, мато қийқимлари ва б. хом аш-ёлардан ёпишқоқ модда (ширач)лар, крахмал, гипс ва б. қўшиб, қайнатилиб ҳосил қилинади. Пресслаб турли шаклларга солинади. Мағзи сохтадан ўйинчоқлар, ўқув қўлланмалар, қаламдон, қимматбаҳо муқовалар, қутича, гулдон, мум қолип, рўзғор буюмлари ва б. тайёрланади, улар бўяма ва босма нақшлар, тасвирлар билан безатилади, устидан локланиб бадиий буюмлар яратилади (қ. Локли миниатюра).
Мағзи сохтадан буюмлар тайёрлаш жуда қадимдан Ҳиндистон, Хитой, Япония, Кореяда ривожланган, кейинчалик Европада «папьемаше» номи билан кенг тарқалган. Ўзбекистон ҳудудида, жумладан, Самарқандда Мағзи сохтадан ишланган нарсаларни локли миниатюра билан безаш, меъморий безакларда қўллаш 15-а. да кенг тарқалган (Амир Темур мақбарасининг ички қисми, Бибихоним масжиди ва б.). Ўзбекистон безак санъ-атида бу санъат қайта тикланди ва ривожланмоқда, уйлар безагида ва ҳар хил буюмлар тайёрлашда кенг қўлланади.