МАҲМУД ТОРОБИЙ (?, Бухоронинг Тороб қишлоғи —1238) — Бухорода мўғуллар зулмига қарши кўтарилган қўзғолон (1238) раҳбари. Ҳунарманд оиласида туғилган. Ғалвирчилик билан шуғулланган, айни пайтда табиблик ҳам қилган. У кучли нуфузга эга, тасаввуф ғоялари билан таниш шахс бўлган. Бухорода мўғулларга қарши бошланган қўзғолонга машҳур уламо Шамсуддин Маҳбубийнинг таклифи билан раҳбарлик килган. Бухоро атрофида мўғулларга қарши бўлган жангда ҳалок бўлган. Қабри устига 13-а. да қурилган дахма ватанимиз мустақилликка эришгач, қайта таъмирланди. Маҳмуд Торобий ҳақида Ойбек «Маҳмуд Торобий» (1944) опера либреттоси ва достонини, Асад Дилмурод «Маҳмуд Торобий» (1998) тарихий романини ёзган. Бухоро вилояти Жондор шаҳарчасида ҳайкал ўрнатилган.